Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 22 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Туризмни тиклаш учун янги имтиёзлар

 

Президентнинг 2020 йил 28 майдаги ПФ-6002-сон Фармони билан пандемиянинг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгиланди.  

 

2020 йилнинг 1 июнидан бошлаб «яшил» ва «сариқ» тоифадаги ҳудудларда яна туроператорлар, турагентликлар, жойлаштириш воситалари, маданият ва маданий мерос объектлари ҳамда соҳанинг бошқа ташкилотлари фаолиятини қайтадан бошлашларига рухсат берилди. Шарти – санитария-гигиена меъёрлари ва талабларига қатъий риоя этиш.

Кириш туризми босқичма-босқич тикланади. Фуқароларига Ўзбекистонга киришга рухсат этиладиган мамлакатлар рўйхати белгиланади.

 

Маълумот учун: жойлаштириш воситалари – бу меҳмонхоналар, туристик базалар ва мажмуалар, дам олиш уйлари ва зоналари, пансионатлар, кемпинглар, мотеллар, меҳмон уйлари, ўтов ва чодирли оромгоҳлар, санаторийлар ҳамда меҳмонхона хизматлари (жойлаштириш бўйича хизматлар) кўрсатиладиган бошқа объектлар, шунингдек жойлаштириш воситаси сифатида тунаб қолиш учун жиҳозланган ер усти транспорти. («Туризм тўғрисида»ги Қонун 15-м.).

 

Соҳани иқтисодий жиҳатдан «жонлаштириш» учун қуйидаги чора-тадбирлар белгиланди.

Биринчидан, туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари учун:

  • 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар фойда солиғи ставкаси белгиланган ставкага нисбатан 50%га камайтирилади;
  • 2020 ва 2021 йил якунлари бўйича зарарларни Солиқ кодексида назарда тутилган миқдор билан чекламаган тарзда келгусига ўтказиш ҳуқуқи берилади;
  • 2021 йил 1 январгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади.

Иккинчидан, жойлаштириш воситаларига алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун маҳаллий йиғимни тўлашни 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга – солиқ органларини хабардор қилиш ва кейинчалик йиғимни 12 ой мобайнида тенг қисмларда тўлаш билан фоизсиз кечиктириш (бўлиб-бўлиб тўлаш) ҳуқуқи тақдим этилди.

Учинчидан, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасидан қўшимча молиялаштириш назарда тутилган:

а) 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда – қуйидагиларга (Инқирозга қарши курашиш республика комиссияси томонидан мезонлар белгиланади) 12 ой муддатга бир марталик мақсадли фоизсиз ссудалар:

  • туроператорларга – 2019 йилдаги ўртача ойлик иш ҳақи фондининг 3 бараваридан ошмайдиган миқдорда;
  • жойлаштириш воситаларига – ҳар бир ётоқ ўрни учун БҲМнинг 5 баравари миқдорида;

б) Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки фаолиятини ташкил этиш тартибига мувофиқ туризм соҳасидаги «стартап» лойиҳалар ва инновацион бизнес ғояларни, шу жумладан, ахборот дастурлари ва хизматларини (Низом, ВМнинг 15.07.2019 йилдаги 189-сон Қарори билан тасдиқланган) – умумий 1,5 млрд сўм миқдорида қисман субсидиялаш;

в) 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар бўлган даврда – грантлар ажратиш:

  • ҳудудларда (Тошкент шаҳри бундан мустасно) хорижий ошхона ёки алоҳида йўналиш бўйича ихтисослашган тематик овқатланиш шохобчалари, овқат ва озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш, шунингдек, сувенир маҳсулотларини етказиб бериш бўйича хизматларни ташкил этиш бўйича лойиҳа ташаббускорларига лойиҳа қийматининг 30%и, лекин ҳар бир лойиҳа учун 100 млн сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда;
  • янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш ва тарғиб қилишга гидлар учун 5 млн сўм, туроператорлар учун 10 млн сўм миқдорида.

Тўртинчидан, давлат томонидан қўшимча кўмак кўрсатиш:

а) Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қуйидагиларни субсидиялаш:

  • жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича 2020 йил 1 мартдан 1 июнгача бўлган даврда туризм соҳаси субъектларининг фоиз харажатлари. 2020 йил 1 июндан 2022 йил 1 январгача бўлган даврда субсидиялар фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисмига берилади;
  • янги санитария-гигиена талабларига мувофиқлаштириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган кредитлар бўйича фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;
  • айланма маблағларни тўлдириш учун туризм соҳаси субъектларига бериладиган 1 млрд сўмгача миқдордаги кредитлар бўйича 2020 йил 1 июндан 31 декабрга қадар бўлган даврда фоиз харажатларининг МБ асосий ставкасидан ошган, бироқ 10 фоизлик пунктдан ортиқ бўлмаган қисми;

б) жойлаштириш воситаларини субсидиялаш кўринишида – 2020 йил 1 июндан 2021 йил 31 декабрга қадар жойлаштириш бўйича хизматлар (меҳмонхона хизматлари) нархининг 10%и миқдорида;

в) Туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

  • Ўзбекистон резидентлари – туроператорлар ва турагентларга рағбатлантирувчи субсидиялар ажратиш. Тўлов миқдори – олиб келинган ва хизмат кўрсатилган ҳар бир хорижий турист учун 15 АҚШ доллари миқдорида. Бунда у Ўзбекистонда камида 5 сутка бўлиши керак (истисно – компенсация қилинадиган чартер рейслар орқали олиб келинганлар). Кўмак кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан кириб келувчи хорижий туристларнинг умумий сони 500 минг нафарга етгунга қадар амалга оширилади;
  • туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30%и миқдорида қисман субсидиялаш кўринишида. Шарт – 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистонда тур ташкил этиш ва уларнинг жойлаштириш воситаларида камида 5 кеча тунаб қолиши. Кириш туризми қайта бошланган кундан эътиборан 2020 йил 31 декабрга қадар тўланади;
  • 2021 йил 1 июнга қадар – меҳмонхоналарга тоифа олиш ёки ошириш учун реновация, реконструкция ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича харажатларни олинган тоифани келгуси 3 йил давомида сақлаш шарти билан қоплаш. Қоплаш суммаси меҳмонхонанинг «юлдузи»га боғлиқ ҳолда ҳар бир хона учун ҳисобланади: 3 юлдузли – 5 млн сўм, 4 юлдузли – 10 млн сўм, 5 юлдузли – 15 млн сўм.

Бешинчидан, 2020 йил 1 октябрдан бошлаб жойлаштириш воситаларини қуриш учун тижорат банклари томонидан аввал берилган кредитлар бўйича асосий қарз тўлови 18 ойдан 24 ойгача узайтирилади.

Олтинчидан, 2022 йил 1 январга қадар юридик шахслар шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган қуйидагилар учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар ва ҚҚСдан ташқари) озод этилади:

  • дезинфекция ишларини олиб бориш учун жиҳозлар, техникалар, уларнинг бутловчи ва эҳтиёт қисмлари;
  • бино ва иншоотларни қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун алоқасиз бошқариладиган (сенсорли) жиҳозлар;
  • ҳидсиз дезинфекцияловчи воситалар.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси тасарруфидаги техникум ва коллежларга 2020 йилда ўқишга қабул қилинган барча тингловчиларга хушхабар – уларни ўқитиш, истисно тариқасида, давлат гранти асосида амалга оширилади.

 

Олег Заманов,

 «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартибига тузатишлар киритилди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 20.05.2020 йилдаги 302-сон қарори билан Маҳсулотларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Улар 3 ойдан кейин кучга киради.

 

Низом қуйидагиларни импорт қилишга рухсат берувчи нормалар билан тўлдирилди:

  • яроқлилик муддатлари техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларда қайд этилган яроқлилик муддатларидан фарқ қилган озиқ-овқат маҳсулотлари. Аккредитациядан ўтган лаборатория мажмуалари томонидан уларнинг қайд этилган яроқлилик муддатига мувофиқлиги ва хавфсизлик кўрсаткичларига таҳлиллар ўтказилиб ижобий баҳоланганидан сўнг импорт қилинишига рухсат этилади;
  • болалар озиқ-овқат маҳсулотлари, болалар ўйинчоқлари, энергетик ичимликлар аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан токсикологик таҳлиллар ўтказилиб, хавфсизлик кўрсаткичлари бўйича ижобий баҳолангандан сўнг импорт қилинишига рухсат этилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларга мувофиқлик (номувофиқлик) тўғрисида берилган санитария-эпидемиологик хулосаларнинг электрон реестрини юритади. Реестр Соғлиқни сақлаш вазирлигининг веб-сайтига жойлаштирилади.

Санитария-эпидемиологик хулосани беришни рад этиш учун асослар рўйхати кенгайтирилмоқда. Қуйидаги ҳолатларда ҳам хулоса берилиши рад этилиши мумкин:

  • санитария-эпидемиологик хулосани расмийлаштириб бериш вақтида озиқ-овқат маҳсулотининг яроқлилик муддати 60%дан кам бўлганида (ишлаб чиқарувчи томонидан белгиланган умумий яроқлилик муддатига нисбатан фоизда);
  • халқаро аккредитациядан ўтган лабораториялар томонидан ўтказилган озиқ-овқат маҳсулотлари учун таҳлил баёнлари бўлмаса;
  • юқумли касалликларни келтириб чиқарувчи микроорганизмлар билан зарарланганлиги аниқланганда;
  • радиоактив кўрсаткичларнинг меъёрлардан юқорилиги аниқланганда;
  • таркибида генетик модификацияланган организмлар белгиланган меъёрлар даражасидан юқори бўлганда;
  • паразитлар ёки уларнинг тухумлари аниқланганда;
  • ўтказилган лаборатория синовларининг салбий натижалари олинганда;
  • ҳужжатлар тўлиқ тақдим этилмаган тақдирда.

Шунингдек истеъмол қилишга ва фойдаланишга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш ёки республика ҳудудига олиб киришни тақиқлаш тартиби белгиланди.

Лаборатория синовларининг салбий натижалари олинганда, масъул санитария врачи томонидан тегишли далолатнома тузилади. Агентлик, унинг ҳудудий ёки туман (шаҳар) маркази раҳбари далолатнома асосида истеъмолга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, ундан фойдаланиш ёки мамлакатимизга импорт қилишни тақиқлаш тўғрисида қарорни имзолайди. Қарорнинг бир нусхаси аризачига берилади. Маҳсулотнинг истеъмолга яроқсизлиги республика ҳудудида аниқланган тақдирда, юк эгаси озиқ-овқат маҳсулотини Ўзбекистон Республикаси божхона ҳудудидан олиб чиқиб кетиши ҳуқуқига эга бўлади.

Истеъмолга яроқсиз деб топилган озиқ-овқат маҳсулотини қайта ишлаш ёки йўқ қилиш усуллари ва шартлари белгиланди. Бунга қадар маҳсулот алоҳида жойда (резервуарда), ҳисобда тўплами, ишлатиш ёки йўқ қилиш усуллари ва шартлари аниқ кўрсатилган ҳолда сақланиши шарт. Бундай маҳсулот тўлиқ сақланиши учун масъулият унинг эгаси зиммасига юкланади. Маҳсулотни экспертиза қилиш, қайта ишлаш, сақлаш, ташиш, йўқ қилиш усуллари ва шартларини белгилаш ёки реэкспорт қилиш билан боғлиқ харажатлар унинг эгаси томонидан қопланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 21.08.2020 йилдан кучга киради. 

 

Эльмира Сиразиева. 

 

 

Электрон ва қоғоз шаклдаги ҳужжатнинг бир хил юридик кучга эгалигини нотариус тасдиқлайди

 

Адлия вазири буйруғи билан (2.05.2020 йил, рўйхат рақами 3113-5) Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

 

Сўз нотариал тасдиқланадиган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномалар ҳақида бормоқда. 2020 йил 1 январдан бошлаб нотариуслар ваколатлари кенгайтирилди. Энди улар:

  • медиатор вазифасини бажаради;
  • фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларда судгача бўлган жараёнда далилларни таъминлайди;
  • муаллифлик ва турдош ҳуқуқ объекти тақдим этилган вақтни тасдиқлайди;
  • электрон ҳужжатнинг қоғоз шаклидаги ҳужжат билан бир хил юридик кучга эга эканлигини тасдиқлайди.

Электрон ва қоғоз шаклидаги ҳужжатларга батафсил тўхталиб ўтамиз. Электрон шаклдаги ҳужжатнинг қоғоз шаклда тақдим этилган ҳужжатга мувофиқлиги мол-мулкни бошқа шахсга ўтказиш билан боғлиқ бўлмаган ҳаракатларни амалга оширишда нотариал тартибда тасдиқланган аризалар, ижара шартномалари ва ишончномаларга нисбатан қўлланади.

Бунда тартиб-таомил ҳужжат унинг номидан тасдиқланган ёки унда тараф сифатида иштирок этган шахснинг мурожаатига асосан амалга оширилади. Нотариус «Нотариус» тизимидаги бошқа нотариус томонидан тасдиқланган ҳужжатнинг файл кўринишини уни ноёб рақами (ёки бошқа шу каби маълумотлари) орқали электрон файл кўринишида ўтказиб олади. Нотариус томонидан ҳужжат қоғозга чиқариб олинганидан кейин унинг асл нусхаси билан бир хил юридик кучга эга эканлиги тўғрисида тасдиқловчи ёзув ёзиб қўйилади. Ҳужжатларнинг бир нусхаси мурожаат қилувчига берилади, иккинчи нусхаси нотариал идорада қолдирилади.

Қуйидагиларнинг бир хилдаги юридик кучга эга эканлиги тасдиқланмайди:

  • оддий ёзма шаклда амалга оширилган битимнинг электрон шакллари;
  • шахсни тасдиқловчи ҳужжатлар қоғоз шаклдаги ҳужжатлар билан.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.05.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Ленара Хикматова.  

 

 

Ҳудудларда ёшлар технопарклари ташкил этилади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 22.05.2020 йилдаги 313-сон қарори билан республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини ташкил этиш чора-тадбирлари белгиланди. Уларнинг асосий вазифалари ёшларнинг интеллектуал, илмий, ижодий салоҳиятини оширишдан иборат.

 

Технопарклар Инновацион ривожланиш вазирлиги муассислигидаги ва МЧЖ шаклидаги юридик шахс ҳисобланади. Технопарклар фаолияти Вазирлик ҳузуридаги Ёшлар академияси, Технологиялар ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш марказлари, илмий ва таълим муассасалари билан ҳамкорликда амалга оширилади.

Ёшларнинг «стартап» лойиҳаларини амалга ошириш учун ягона майдон ёшларни илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятга кенг жалб этиш, ҳудудларнинг инновацион салоҳиятини ривожлантириш имкониятини яратади.

Ҳужжат билан 2020–2023 йилларда республика ҳудудларида Ёшлар технопаркларини босқичма-босқич ташкил этиш режа-жадвали тасдиқланди. Технопарклар резиденти мақоми Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан берилади. Ҳужжатга иловада Ёшлар технопаркининг намунавий тузилмаси берилган.

Технопарклар бино ва иншоотларини қуриш, қайта таъмирлаш ва уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шунингдек замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш харажатлари Инновацион ривожланиш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, халқаро молия институтлари, ҳомийлар маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

 

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 23.05.2020 йилдан кучга кирди. 

 

Лола Абдуазимова.

Прочитано: 303 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика