Компания (Ўзбекистон резиденти) бўш лавозимга талабгорга иш тўғрисида расмийлаштирилган ва раҳбар томонидан имзоланган таклифни (Job offer) жўнатди, талабгор суҳбатдан ҳам ўтган. Таклифда компания ва иш жойи, лавозими, шартнома тури, ходим ишга киришадиган вақт, унинг маоши ва таклифнинг амал қилиш муддати кўрсатилган. Ишга талабгор таклифни қабул қилгани тўғрисида жавоб хати ёзди ҳамда ишга жойлашишни расмийлаштириш учун ҳужжатларини тақдим этди. Лекин кейинчалик компания сабабларини тушунтирмаган ҳолда, мазкур бўш иш ўрнига бошқа ходимни қабул қилишни мўлжаллаётганини айтиб, уни ишга қабул қилишни рад этди (иш тўғрисидаги таклифнинг амал қилиш муддати тугамаган).
Иш тўғрисидаги таклиф юридик жиҳатдан аҳамиятга эгами?
Иш берувчининг сабабларини кўрсатмаган ҳолда талабгорни кейинчалик ишга қабул қилишни рад этиш борасидаги хатти-ҳаракатлари қонунийми?
- Агар иш тўғрисидаги таклиф лозим даражада расмийлаштирилган бўлса, иш берувчининг ишга қабул қилишни рад этиш бўйича ҳаракатлари қонуний эмас. «Job offer», яъни «ишга таклиф» тушунчаси ғарб мамлакатларида кенг тарқалган ва қўлланиб келинади. Ўзбекистонда эса ишга жойлашишнинг бундай усулидан деярли фойдаланилмайди ва қонун жиҳатидан яхши тартибга солинмаган.
Саволдан англашиладики, лозим даражада расмийлаштирилган бўш иш ўрнига номзодга юборилган иш тўғрисидаги таклифни расмий таклиф сифатида қабул қилса бўлади. Шу сабабли муайян мутахассислик бўйича ишни бажариш учун иш берувчи томонидан ишга таклиф этилган шахсга рад жавобини бериш ғайриқонуний ҳисобланиши мумкин (МК 78-м. 2-қ. 3-хатбоши).
Ишга қабул қилиш рад этилган тақдирда, номзоднинг талаби билан иш берувчи рад этишнинг сабабини асослаб 3 кун муддат ичида ёзма жавоб бериши шарт, бу жавоб ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан имзоланган бўлиши лозим (МК 78-м. 3-қ.).
Расмий тарзда ишга таклиф қилинган номзод ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилганлиги устидан суд тартибида шикоят қилиши мумкин, судда бундай рад этишнинг якуний қонунга мувофиқлиги белгиланади.