ҚҲТБТ порталида ДСҚнинг Камерал солиқ текширувини ўтказиш тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилган.
Камерал солиқ текшируви хатоларни аниқлаш ва улар солиқ тўловчи томонидан мустақил равишда тузатилиши учун солиқ тўловчининг солиқ ҳисоботларини ва бошқа маълумотларни ўрганиш йўли билан солиқ органи томонидан ўтказилади.
У солиқ органи буйруғи асосида ўтказилади, ҚҚС суммасини қоплаш чоғидаги текширувлар бундан мустасно (бу ҳолда буйруқ чиқарилмайди, текширув солиқ тўловчи томонидан ҚҚС суммасини қайтариш юзасидан ариза тақдим этилган кундан эътиборан 60 кун мобайнида амалга оширилади, таҳририят изоҳи). Агар мазкур солиқ даври учун солиқ мониторинги ўтказилса, камерал текширув ушбу давр учун ўтказилмайди.
Камерал текширув бюджетга тўланиши лозим бўлган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар суммалари илгари тақдим этилган молиявий ва солиқ ҳисоботларига нисбатан камайтирилган ёки тегишли ҳисобот даврида зарар кўрилган бўлса ўтказилади. Бунда аниқлаштирилган ҳисобот тақдим этилган кундан эътиборан 3 кун ичида текширув бошланади. Уни ўтказиш муддати буйруқда кўрсатилади.
Камерал текширув чоғида солиқ органлари солиқ тўловчи ва бошқа шахслардан бирламчи ҳужжатлар, солиқ ёки бухгалтерия ҳисоби регистрларидан кўчирмалар, тушунтиришлар, бошқа ҳужжатлар ва ахборотларни талаб қилиб олишга ҳақли. Сўровнома солиқ тўловчининг шахсий кабинетига юборилади ва жўнатилган санадан эътиборан 3 кундан кечиктирмай олинган деб ҳисобланади. Агар шахсий кабинет мавжуд бўлмаса, сўровнома почта орқали буюртма хат билан юборилади ва у жўнатилганидан сўнг 5 кундан кейин олинган деб ҳисобланади. Солиқ органининг сўровномасига жавобан талаб этилган ҳужжатлар ва тушунтиришлар сўровнома олинган кундан эътиборан 5 иш куни ичида тақдим этилиши керак.
Солиқ тўловчининг банклардаги ҳисобварақлари бўйича операцияларини 10 кундан кўп бўлмаган муддатга тўхтатиб туриш тўғрисида қарор қабул қилиниши мумкин. Асос - солиқ тўловчи томонидан солиқ органининг камерал текширув натижалари бўйича талабномасига жавобан тушунтиришлар ва (ёки) тузатишлар, шунингдек солиқ органи талаб қилган ҳужжатларнинг белгиланган муддатда тақдим этилмаганлиги. Солиқ органининг тегишли қарори банкка электрон шаклда юборилади. Бир вақтнинг ўзида солиқ тўловчининг шахсий кабинетига бу ҳақда сабаблари кўрсатилган ҳолда хабарнома келиб тушади (СК 111-моддаси).
Солиқ органининг текширувни ўтказувчи мансабдор шахслари ҳолатни аниқлаш мақсадида текширилаётган шахснинг ҳудудларини ва биноларини, шунингдек ҳужжатлари ва буюмларини кўздан кечиришга ҳақли.
Зарур бўлган ҳолларда, текширув доирасида аҳамиятга эга бирор-бир ҳолатлар ўзига маълум бўлган ҳар қандай вояга етган шахс кўрсатмалар бериш учун гувоҳ сифатида чақирилиши мумкин. Бундан ташқари, камерал текширувни ўтказиш бўйича аниқ ҳаракатларни амалга ошириш учун шартнома асосида эксперт ва таржимонлар жалб этилиши мумкин (СК 145-моддаси).
Текширув натижалари бўйича солиқ ҳисоботида аниқланган тафовут ва хатолар солиқ тўловчининг шахсий кабинетига жўнатиладиган талабномада акс эттирилад у 3 кун ўтгач қабул қилинган ҳисобланади. Солиқ тўловчи талабномага жавобни уни олган кундан эътиборан 10иш куни ичида жўнатиши даркор. Солиқ ҳисоботига ўзгартиришлар киритилган ва номувофиқликлар бартараф этилганадн кейин, камерал солиқ текшируви якунланган деб ҳисобланади.
Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг бузилганлигидан далолат берувчи фактлар аниқланганда, солиқ органининг мансабдор шахси томонидан ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланган кундан эътиборан 10 иш куни давомида
ушбу мансабдор шахс ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахс томонидан имзоланиши лозим бўлган далолатнома тузилади. Далолатномада солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилишларининг ҳужжатлар билан тасдиқланган фактлари, шунингдек ушбу фактларни аниқлаган мансабдор шахснинг аниқланган қоидабузарликни бартараф этишга доир хулоса ва таклифлари кўрсатилади. Солиқ тўловчи камерал текширув натижалари бўйича хулосалар ҳамда таклифларга рози бўлмаган тақдирда, далолатнома олинган кундан эътиборан 10 иш куни ичида далолатноманинг барча ёки айрим бандлари юзасидан ёзма эътирозларини тегишли солиқ органига тақдим этишга ҳақлидир.