Республикамизда айни пандемия шароитида ҳам экспорт ҳажмини ошириш, иқтисодиётнинг барқарорлигини таъминлаш долзарб масалалардан бўлиб қолаётир.
Мамлакатимизда карантин тадбирлари муносабати билан чеклов чоралари янада кучайтирилганига қарамай, ҳеч бир ҳудудда ташқи савдо операциялари жараёни тўхтагани йўқ. Бу жараёнлар узлуксизлигини таъминлаш йўлида тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама кўмак бериш учун божхоначилар ташаббусни ўз қўлига олишган. Хусусан, Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг масъул ходимлари вилоятнинг Мирзаобод тумани Боғистон маҳалласидаги «Red Pack» МЧЖда карантин талабларига қатъий риоя қилган ҳолда учрашув ташкил қилишди.
Учрашувда МЧЖ раҳбари А.Саламатов корхона фаолиятини амалга ошириш учун 2019 йил ва 2020 йилнинг май ойлари давомида Россия ва Чехия давлатларидан олиб келинган 2 000 тонна сиғимидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган совуткич ускуналарининг монтаж ишлари тугалланиб, тўлиқ ишга туширганлигини маълум қилди. Бунинг натижасида 22 нафар маҳаллий аҳоли янги иш ўринларига эга бўлди.
Маълумот ўрнида. «Red Pack» МЧЖ томонидан жорий йилда 25 туркумдаги 197,9 минг АҚШ долларилик жами 468,68 тонна қовун автотранспорт воситалари орқали Белоруссия, Германия, Латвия ва Россия давлатларига экспорт қилинган.
Учрашувда вилоят божхона бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ж.Хатамов ва Божхона тўловлари бўлими бошлиғи Б.Масейтовлар божхона қонунчилигидаги янгиликлар, тадбиркорликни ривожлантириш учун берилаётган имтиёз ва қулайликлар, божхона назоратини соддалаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида тушунтиришлар берди.
Божхона назоратини ташкил этиш бўлими бошлиғи Д.Норматов Президентимизнинг 2020 йил 19 мартдаги «Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-5969-сон Фармони ҳамда ДБҚнинг тегишли буйруғи ижросини таъминлаш мақсадида юкларни чегара божхона постлари орқали тезкорлик билан ўтказиш, уларнинг узлуксиз божхона расмийлаштируви, шунингдек экспорт ва импорт қилинаётган товарларга рухсат берувчи ҳужжатларнинг берилишини тезлаштириш мақсадида Сирдарё вилояти божхона бошқармасида ташкил этилган ва куну-тун фаолият кўрсатаётган тезкор штаб ҳамда «Call center» фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.
Божхона ходимлари томонидан ҳар қандай қонунбузилиши ҳолатлари содир этилганда зудлик билан ДБҚнинг 11-08 қисқа ҳамда Сирдарё вилояти божхона бошқармасининг (67) 225-48-67 рақамли ишонч телефонларига қўнғироқ қилиш мумкинлиги эслатиб ўтилди.