Norma.uz
СБХ / 2020 йил / № 31 / Божхона

Божхоначилар божхона брокерлари билан учрашдилар

 

Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмасининг (ББУ) ТИФ иштирокчилари ва профессионал ҳамжамият аъзолари бўлмиш фирма раҳбарлари – божхона брокерлари, яъни божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар учун навбатдаги семинари онлайн-форматда бўлиб ўтди. Семинарда ташқи савдо соҳасидаги қонун ҳужжатлари янгиликларининг муҳим жиҳатлари очиб берилди, божхона амалиётининг долзарб масалалари муҳокама қилинди. 

Учрашувда Давлат божхона қўмитаси номидан марказий аппарат функционал бўлинмалари ходим ва раҳбарлари – Божхона маъмуриятчилигининг илғор ва инновацион усулларини жорий этиш бошқармасидан Фарҳод ОЛИМЖОНОВ, Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси бошлиғи Бахтиёр АБДУҒАНИЕВ ва унинг ўринбосари Ҳусан КАРИМОВ, Таваккалчиликларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармасидан Ғайрат НУРЖАВОВ иштирок этди. Cеминарда, шунингдек, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигининг (ИТСВ) Тариф ва нотариф тартибга солиш чоралари бошқармасининг бошлиғи Наргиза ЗУФАРОВА, ИТСВ бош мутахассиси Анастасия БЕЛОВА қатнашдилар.  

 

Божхона маъмуриятчилиги ислоҳотлари

Фарҳод Олимжонов семинар иштирокчиларига мамлакатимиз Президенти томонидан қабул қилинган «Божхона маъмуриятчилигини ислоҳ этиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида»ги Фармоннинг (5.06.2020 йил­даги ПФ-6005-сон) мақсадларини эслатди. Бу мақсадга эришиш учун ҳужжат билан 2020–2023 йилларда божхона маъмуриятчилигини ислоҳ қилиш ва Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланган.

Концепцияда 2020–2023 йилларда божхона органлари фаолиятини ривожлантириш ва такомиллаштиришнинг асосий йўналишлари белгиланган. Улар қаторида божхона соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, рақамли иқтисодиёт доирасида замонавий ва илғор ахборот-коммуникация технологияларини божхона соҳасига жорий этиш орқали божхона органлари фаолияти шаффофлиги ҳамда самарадорлигини таъминлаш, божхона органларининг фискал функцияларини амалга оширишни такомиллаштириш, ТИФни тариф ва нотариф тартибга солишни соддалаштириш вазифалари ҳам бор. Бу бизнес ва божхона ўртасидаги муносабатларда доимо ечим талаб қиладиган муаммодир. 

Фармонда бир қатор янгиликларни босқичма-босқич божхона амалиётига жорий этиш назарда тутилган.

2020 йил 1 августдан темир йўл транспорти ташкилотлари ўзларининг ахборот тизимларини ахборот тизимларига интеграциялаш орқали божхона назорати остидаги вагон ва контейнерларнинг мамлакат ичидаги ҳаракатлари ҳақидаги маълумотларни божхона органларига реал вақт режимида беғараз тарзда тақдим этадилар.

2020 йил 1 сентябрдан чегара божхона постларида «Ягона дарча» божхона ахборот тизими жорий этилади.

2020 йил 1 ноябрдан қуйидагилар режалаштирилган:

  •  БЮДни расмийлаштириш вақтини хавф даражасидан келиб чиқиб, 3 суткадан 1 кунгача қисқартириш;
  •  автомобиль чегара божхона постларида ДБҚ хавфни бошқариш тизимини жорий этиш;
  •  товарларни божхона ҳамроҳлигида кузатиб бориш ҳолатларини қисқартириш, божхона назоратининг муқобил турларини қўллашни кенгайтириш;
  •  транспорт воситаларини вақтинчалик олиб киришда ташувчига реал вақт режимида электрон шаклда қайта олиб чиқиш муддати тугашидан олдин вақтинчалик олиб кириш муддатини узайтириш ва тегишли йиғимни тўлашни амалга ошириш имкониятини тақдим этиш;
  •  «Божхона ҳудудида қайта ишлаш» божхона режимида қайта ишлаш маҳсулотларининг чиқиш нормасини идентификациялаш ва баҳолаш услубиятини тадбиркорлик субъектининг ўзи томонидан ишлаб чиқилиши.

Божхона хизмати мутахассиси шунингдек Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши божхона маъмуриятчилигини оптималлаштиришга имкон беришини таъкидлади. Янги самарали усул ва тартиб-таомилларнинг қўлланилиши қуйидагиларни амалга оширишга ёрдам беради:

  •  юкни етказиб беришни назорат қилиш китобчасини транзит БЮД билан алмаштирган ҳолда «Е-TRANZIT» автоматлаштирилган ахборот тизимини татбиқ этиш;
  •  хавф даражаси паст бўлган (яшил йўлак) БЮДни автоматик равишда божхона расмийлаштирувидан ўтказиш тизимини босқичма-босқич амалиётга киритиш;

Маълумот учун. «Экспорт» божхона режими бўйича умумий расмийлаштирилган БЮДлар сонининг 5 фоизидан кам бўлмаган қисми 1.01.2021 йилгача, 20 фоизи эса 1.01.2022 йилгача автоматик тарзда расмийлаштирилади. 1.01.2022 йилгача «Вақтинча сақлаш» ва «Божхона омбори» божхона режимлари бўйича умумий расмийлаштирилган БЮДлар сонининг 20 фоиздан кам бўлмаган қисми автоматик режимда расмийлаштирилади. 

 

  •  божхона тўловлари тўланишини таъминлаш тартибини такомиллаштириш, шу жумладан божхона органларига кафолат ҳужжатларини бера оладиган ташкилотлар (банклар, суғурта компаниялари) рўйхатини белгилаш (ушбу рўйхатга киритилмаган ташкилотларнинг ҳужжатлари тўлов таъминоти сифатида қабул қилинмайди);
  •  БЮДни тайёрлаш жараёнида ТИФ иштирокчиларига божхона органлари томонидан тақдим этиладиган хизматларни баҳолаш;
  •  «ТИФ ТН кодларининг таҳлил базаси» автоматлаштирилган ахборот тизимини такомиллаштириш;
  •  ДБҚ сайтида «Шахсий кабинет», «Босқичма-босқич ТИФ», «БЮДни тўлдириш бўйича қулай интерфейс («дўстона интерфейс» ва бошқа қўшимча интерактив сервисларни ишлаб чиқиш.

Бундан ташқари ислоҳотлар доирасида:

  •  божхона омбори эгаларига қўшимча ваколатлар берилган ҳолда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қайта кўриб чиқилади, оптимал жавобгарлик чоралари белгиланади;
  •  декларантга БЮДни тўлдиришда товарларга божхона божларини ҳисоблашига таъсир кўрсатмайдиган ҳуқуқбузарликларни ихтиёрий тузатиш ҳуқуқини берувчи тартиб-таомиллар жорий этилади;
  •  товарлар ва транспорт воситаларини  кузатиб бориш божхона тизимларида электрон пломбалар жорий этилади;
  •  халқаро курьерлик жўнатмалари фақатгина халқаро аэропортларда жойлашган авиа ТИФ божхона постларида рўйхатга олинади;
  •  товарларни ишлаб чиқарувчилар ва уларни юборувчиларнинг идентификация воситаларини тан олиш амалиёти жорий этилади;
  •  товарлар ва транспорт воситаларининг дастлабки декларацияланиши тартиб-таомили яхшиланади;
  •  божхона иши соҳасида божхона органлари ва ТИФ иштирокчилари ўртасидаги зиддиятли вазиятларни камайтириш имконини берадиган божхона органларидаги низоларни судгача ҳал этиш тартиби жорий этилади;
  •  божхона органларига ТИФ иштирокчиси ҳақидаги тегишли ахборотни (ҳисобварақлари, омонатлари (депозитлари), операциялари) банклардан олиш ҳуқуқини тақдим этиш кўриб чиқилади;
  •  Божхона институтида ТИФ иштирокчилари учун божхона иши бўйича пуллик ўқув курслари, ветеринария тиббиётига оид пуллик хизматлар  - Миллий кинология марказида ташкил этилади;
  •  шартнома асосида жисмоний ва юридик шахсларга божхона экспертизасини ўтказиш ҳамда ТИФ товар номенклатураси бўйича товар кодларини аниқлаш бўйича хизматлар кўрсатилади;
  •  асосий ўтказиш пунктларини кенгайтириш ва модернизация қилиш ҳисобига божхона постларининг ўтказиш қобилияти 3 бараварга оширилади;
  •  «Ягона дарча» тизими такомиллаштириш ҳисобидан божхона расмийлаштируви учун сарфланадиган вақтни экспортда 5 баробарга ва импортда 2 баробарга қисқартириш;
  •  божхона фаолиятига биринчи бор янги пуллик хизматлар турлари жорий этилади, божхона органларининг ўзи эса тадбиркорларга хизматлар кўрсатувчи ёки қўллаб-қувватловчи ташкилотга айланади.

 

ТИФ ТН бўйича таснифлашдаги хатоликлар

ТИФ товар номенклатураси товарнинг муҳим хусусиятлари ва тавсифлари бўйича таърифлаш ва таснифлашни назарда тутувчи ўта мураккаб, кўп даражали тизимдир, деди Бахтиёр Абдуғаниев.

Бугунги кунда товарнинг ЎзР ТИФ ТН бўйича кодининг узунлиги 10 та сондан иборатдир. Биринчидан олтинчигача бўлган белгилар Товарларни тавсифлаш ва кодлаштиришнинг уйғунлаштирилган тизимида (УТ) (Брюссель, 14.06.1983 й., 1.01.1988 йилдан кучга кирган) қабул қилинган код белгиларига мувофиқ келади. Еттинчи ва саккизинчи белгилар – Европа Ҳамжамиятининг Аралаш номенклатурасида (Флоренция, 21.06.1996 й.) қабул қилинган кодга мувофиқ келади; тўққизинчи белги – МДҲ ТИФ ТНга (Москва, 3.11.1995 й.) мувофиқ келади. 

Товарнинг ТИФ ТН коди божхона тўловларини (бож ва ҚҚС ставкаларини) ҳисоблаш, нотариф тартибга солиш чораларини қўллаш ва товар божхона чегарасидан олиб ўтилаётганда тақиқ ва чекловларга риоя қилиш учун асос ҳисобланади. Шунинг учун ТИФ иштирокчилари ва божхона органлари орасида товарни шу жумладан декларантнинг хатоси билан йўл қўйилган таснифлаш тўғрилиги хусусида мунозаралар мунтазам юзага келиб туради. 

Бахтиёр Абдуғаниевнинг қайд этишича, товарни ТИФ ТН кодига мувофиқ таснифлаш бўйича мунозаралар – мунозаралар орасида энг мураккабларидан ҳисобланади, сабаби у таснифлаш принципларини батафсил билиш ва тушуниш ҳамда уларни муайян товарнинг техник хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда қўллай олишни талаб қилади. ТИФ ТН кодини танлашда хатоликка йўл қўймаслик осон ишлардан эмас. Таснифлашнинг турли босқичларида декларантлар кўпинча хатоликларга йўл қўядилар ва бу кодни нотўғри танлашга олиб келади. Товарларни ТИФ ТН кодига мувофиқ таснифлашда кўп ҳолларда қуйидаги хатоликларга йўл қўйилади: товарни идентификация қилиш учун декларацияда кўрсатилган маълумотнинг етарли эмаслиги, Интерпретациялашнинг асосий қоидаларини нотўғри қўллаш, шарҳларни бўлимлар, гуруҳлар, позициялар ва субпозицияларга нисбатан қўлламаслик.

 

Тўғри интерпретация қиламиз

Интерпретациялашнинг асосий қоидалари хусусида Ҳусан Каримов гапириб берди.

Номенклатура халқаро савдода муомалада бўлган товарларни тизимлаштирилган ҳолда тақдим этади. Мазкур товарлар номенклатурада бўлимларга (I–XXI), гуруҳларга (1–76, 78–97)* ва кичик гуруҳларга гуруҳланади, улар товарларнинг имкон борича ихчамлашган тоифадаги шакли ёки турларини кўрсатувчи номлар билан таъминланади. Лекин кўп ҳолларда бўлим ёки гуруҳда товарларнинг шунчалик ранг-баранг ва кўп миқдордагиси таснифланадики, уларнинг барчасини қамраб олиш ёки номларда айнан санаб ўтишнинг имкони бўлмайди. Қоида тариқасида УТдаги товарлар уларнинг қайта ишланганлик даражаси тартибида жойлашади: хом ашё, ишлов берилмаган товарлар, ярим тайёр маҳсулотлар, тайёр маҳсулотлар сингари. Масалан: тирик ҳайвонлар (1-гуруҳ), гўшт (2-гуруҳ), гўшт маҳсулотлари (16-гуруҳ), терилар ва чарм (41-гуруҳ), чарм пойабзали (64-гуруҳ).

ТИФ ТН  ҳам худди УТ сингари интерпретациялашнинг 6 та асосий қоидаларига (ИАҚ) батафсил шарҳ ва тушунтиришларни ўз ичига олади, улар номенклатуранинг ажралмас қисми ҳисобланади. Улар товарларнинг УТда таснифланиши принципларини белгилайди, номенклатуранинг бир хилда қўлланилишини таъминлайди. ИАҚ бир маромда, 1-қоидадан бошлаб қўлланилади. Бунда дастлабки 4 та қоида товарни товар позициясида таснифлайди. 6-қоида – субпозиция даражасида таснифлайди ва товар позицияси аниқлангандан кейин қўлланилади. 5-қоида тегишли товарлар билан бирга етказиб бериладиган қадоқлаш материаллари ва контейнерларнинг таснифланишини белгилайди. 5 ва 6-қоидалар дастлабки тўртта қоидалар билан биргаликда қўлланилади.

1-қоида. Деталлаштиришнинг 6 та даражасидан ТИФ ТНда 3 таси товарларни таснифлашда юридик кучга эга эмас. ТИФ ТН уйғунлаштирилган тизимдан келиб чиқиши боис барча товарлар тегишли товар позицияларида 2 та асосий мезонлар бўйича тизимлаштирилгандир: қайси материалдан ишлаб чиқилгани бўйича ҳамда улар бажарадиган функциялар бўйича.

Мазкур қоиданинг иккинчи қисмида таснифлашни қуйидагича амалга ошириш лозимлигини таъкидлайди:

  •  товар позициялари номларига (4 белгили код) ва бўлимлар ҳамда гуруҳларга изоҳларга мувофиқ. Бу ўринда товар позицияларининг номлари ва изоҳлар бир хил мақомга эга бўлади, шунинг учун товарлар қанчалик аниқ матнларда таснифланганлигига устунлик берилади;
  •  агар бундай номлар ва изоҳлар бошқача талқинни талаб қилмаса, у ҳолда 2, 3, 4, 5-ИАҚқа мувофиқ таснифланади.

Шу тариқа, 1-ИАҚ товарнинг таснифланиши товар номида унинг номи эслатиб ўтиладиган товар позициясини қидиришдан бошланади. Бўлимлар ва гуруҳларнинг номлари фақатгина қидирув йўналишини аниқлашга хизмат қилади. 

1-ИАҚ қўлланилишини таъминлайдиган ва юридик кучга эга бўлган номенклатуранинг иккинчи базавий унсури бўлиб изоҳлар ҳисобланади. Изоҳлар функцияларининг ранг-баранглиги ва таъсир кучининг турлича эканлигини эътиборга олинса, товарларни таснифлаш чоғида уларнинг матнларидан фойдаланиш зарур бўлади. Баъзида бўлим ёки гуруҳга  шарҳларда жуда кўп товар позициялари мавжуд бўлади, улар мазкур бўлим ёки гуруҳдан чиқариб ташланади. Ўқиб чиққач, айнан қайси товарлар чиқариб ташланганлигини кўриш мумкин бўлади. Баъзида мана шу чиқариб ташланганлар орасида қидирилаётган товарни ҳам учратиш мумкин. 

Товар таснифланаётганда ҳам бўлимга, ҳам гуруҳга қилинган изоҳларни ҳисобга олиш зарур. Бўлимга изоҳлар мазкур бўлимга кирган барча гуруҳларга тегишли бўлади. 

Таснифлашнинг иккинчи босқичида позициялар ва изоҳларнинг матнларини ўрганиб чиқиш керак. Изоҳлар функцияларининг ранг-баранглигини ҳисобга олганда, биринчи навбатда чиқариб ташланганларга доир изоҳларни ўрганиш керак бўлади, бу товарни таснифлаш учун зарур бўлган вақтни анча тежайди. 

1-ИАҚ номи ва тавсифини товар позицияларининг матнлари ва (ёки) бўлимлар ва гуруҳларга изоҳлар билан сўзсиз идентификация қилиш мумкин бўлган товарларни таснифлаш учун қўлланилади. Лекин халқаро савдода кўпинча кўрсатилган матнга тўлиқ мувофиқ келавермайдиган товар кўрсатилади. 1-ИАҚнинг товар позициялари ва изоҳлари матнларининг юридик кучи тўғрисидаги қоидаларига амал қилган ҳолда уларга нисбатан «ўхшаш», «мос келувчи» товарларни, яъни мазкур матнларга тўлиқ мувофиқ келавермайдиган товарларни киритиб бўлмайди. 1-ИАҚнинг якуний қоидалари интерпретациянинг кейинги қоидаларига тартиб билан ўтиш зарурлигини кўрсатади. 

Шу ўринда Ҳ.Каримов бўлимлар ёки гуруҳларга изоҳларнинг юридик аҳамиятига эътибор қаратди, улар атамаларга таърифлар бериши, мазмунни (қўлланилиш соҳасини) чеклаши ёки кенгайтириши, таснифлашда устуворликларни ўрнатиши мумкин. Мавзуни ёритишда божхоначи томонидан аниқ мисоллар келтирилди.

Интерпретациянинг бошқа асосий қоидалари, шунингдек БЮДга янги қоидалардан келиб чиқиб тузатиш киритиш тўғрисида «СБХ»нинг келгуси сонларида ўқишингиз мумкин. 

*77-гуруҳ келгусида УТда қўллаш учун, 98 ва 99-гуруҳлар Конвенция иштирокчилари томонидан махсус қўлланилиши учун захирага олиб қўйилган.


«Божхон» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

Прочитано: 517 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика