«Божхоначилар божхона брокерлари билан учрашдилар» материалида («СБХ»нинг 4.08.2020 йилдаги 31 (1355)-сони) Ташқи иқтисодий фаолиятда нотариф тартибга солишни назорат қилиш ва божхона экспертизаси бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ҳусан КАРИМОВ Интерпретация қилиш асосий қоидаларининг (ИАҚ) 1-қоидасини қўллашнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўзлаб берган эди. Товарларни ТИФ ТН кодига мувофиқ таснифлаш мавзуси ТИФ иштирокчилари учун долзарб мавзудир. Зеро, БЮДни расмийлаштираётганда ИАҚ ва изоҳларни бўлимлар, гуруҳлар, позициялар ва субпозицияларга нисбатан нотўғри қўллаш энг кўп йўл қўйиладиган хатоликлар жумласига киради. Бугун биз суҳбатни ИАҚнинг бошқа қоидалари хусусида давом эттирамиз.
2-қоида. У иккита мустақил қисмлардан иборат: 2а ИАҚ ва 2б ИАҚ, улар ҳам фақатгина навбатма-навбат қўлланилади. Бу қисмлар товар позициялари матнларини улар орасига мазкур қоидаларда белгиланган тавсифларга эга бўлган товарларни киритган ҳолда кенгайтириш имконини беради.
2а ИАҚ. 2а ИАҚнинг биринчи қисми муайян буюмга тегишли ҳар қандай товар позицияси қамровини, шу жумладан унга кирувчи нафақат бутланган буюмни, балки бу буюмнинг бутланмаган ёки тугалланмаган ҳолдагисини ҳам киритган ҳолда кенгайтиради. Лекин бу борада мазкур тугалланмаган ёки бутланмаган буюм бутланган ёки тайёр буюмнинг тавсифларига эга бўлиши кераклиги шартига риоя этилиши лозим. Масалан, буларга моторсиз автомобиль, электродвигателсиз электродрель, кучлантирувчи агрегатларга эга бўлмаган локомотивлар ёки моторли темир йўл ёки трамвай вагонларини, ўлчаш асбоблари, хавфсизликни таъминлаш учун қурилмалар ёки ёрдамчи ускуналарни киритиш мумкин.
2а ИАҚни қўллаш соҳаси Қоидалар матнининг ўзида акс этган. Бу қуйидаги товарлардир:
- йиғилмаган (қисмларга ажратилган) ҳолдаги;
- тўлиқ тайёр товар таркибига кирувчи бирор-бир қисмлари бўлмаган;
- у фойдаланишга (эксплуатация учун) тайёр бўлиши учун яна технологик операцияларни амалга ошириш керак бўладиган.
Тайёр ва йиғилган товарларнинг товар позициясини кенгайтиришга имкон берувчи асосий шарт – бу асосий хусусият, тайёр буюмлар асосий аломатларининг бўлишидир. Бундай хусусият ёки аломатлар мавжуд бўлишининг мезони бўлиб нима ҳисобланади? Тугалланмаган товар ёки тайёрланма бошқа бирор товар учун эмас, балки фақатгина позициянинг матнида келтирилган товарни тайёрлаш учун фойдаланилиши мумкин.
2а ИАҚнинг иккинчи қисми йиғилмаган ёки тарқоқ ҳолда тақдим этилган бутловчи ёки тайёр (тугалланган) буюмлар йиғилган буюмлар сингари товар позицияларида таснифланишини назарда тутади. Мазкур Қоидаларнинг нормалари, агар улар муайян товар позициясига ажратилмаган бўлса, тайёрланмаларга нисбатан татбиқ этилади. «Тайёрланма» атамаси бевосита фойдаланиш учун тайёр бўлмаган, балки тайёр буюм ёки қисмнинг тахминан шаклига ёки кўринишларига эга бўлган ҳамда истисно ҳоллардан ташқари пайтда фақатгина тайёр буюм ёки қисмга қайта ишлаш учун қўлланилиши мумкин бўлган буюмни англатади. Буюмни йиғиш учун зарур бўлган миқдордан ортиқ буюмнинг йиғилмаган компонентлари алоҳида таснифланиши керак.
Шуни эътибордан қочирмаслик керакки, ҳали тайёр буюмларнинг хусусиятли шаклларига эга бўлмаган ярим тайёр маҳсулотлар (масалан брусоклар, дисклар, қувурлар ва ҳ.к.) тайёрланма сифатида қаралмайди.
Маълумот учун. Қоида муайян товар позициясига (1-ИАҚ) ажратилмаган бўлса, тайёрланмага нисбатан татбиқ этилмайди. 1). Масалан, тугмалар, кнопкалар, застёжка-зашчёлкалар, тугмалар учун шакллар ва ушбу буюмларнинг бошқа қисмлари; тугмалар учун тайёрланмалар (9606 ТИФ ТН коди).
Қоида кўп ҳолларда товарларнинг алоҳида тоифалари учун қўлланилади. Шу муносабат билан Қоидаларга тушувчи айрим ҳолатлар бўлимлар ёки гуруҳларнинг умумий қоидаларида эсга олинади (масалан, XVI бўлим ва 61, 62, 86, 87 ва 90-гуруҳлар). Дейлик, ташишда қулай бўлиши учун машина ва мосламалар йиғилмаган ҳолда ташилади. Гарчанд бунда товарлар ҳақиқатда қисмлар йиғиндисидан иборат бўлади ва улар аллақандай қисмларга тегишли алоҳида товар қисмларида эмас, балки тегишли машина сифатида таснифланади.
I–VI бўлимларнинг товар позициялари мазмунини эътиборга олганда, 2а қоидаси одатда мазкур бўлимларнинг товарларига нисбатан қўлланилмайди.
Шу тариқа, 2а ИАҚни қўллаш учун қуйидагилар зарур:
- товарни 1-ИАҚ бўйича таснифлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилиш имкониятини истисно қилиш;
- товарнинг асосий тавсифини унинг функционал мақсадини ҳисобга олган ҳолда таҳлил қилиш;
- товар фаолият юритиши учун барча зарур қисмларнинг мавжудлигини аниқлаган ҳолда унинг бутланганлигини тадқиқ этиш;
- қўшимча ёки йиғма операцияларни бажариш зарурати ҳамда уларнинг товарнинг асосий хусусиятларига таъсирини ўрганиш.
2б ИАҚ. Агар 2а ИАҚ бутланмаган ва ёки ишлаб чиқаришда тугалланмаган товарларга тегишли бўлса, 2б ИАҚ бунинг акси бўлган ҳолатларда қўлланилади. Яъни товарлар товар позицияси матнида кўрсатилганидан кўпроқ миқдордаги таркибий қисмлардан иборат бўлган ҳолларда қўлланилади. Бу материаллар ёки моддалар аралашмаси ва уларга ўхшашлар ҳамда икки ёки ундан ортиқ материаллар ёки моддалардан тайёрланган товарларга тааллуқлидир. 2б ИАҚ материал ёки модда кўрсатилган товар позицияларига алоқадордир. Масалан,
4419-позицияси – ёғочдан ишланган емакхона ва ошхона жиҳозлари.
2-ИАҚ фақатгина мазкур товар позицияларида ёки бўлимлар ёки гуруҳларга изоҳларда ўзгача қоида белгиланган бўлмаса қўлланилади (масалан, 1503-товар позицияси – аралашмаган лярд-стеарин...).
Бироқ 2б ИАҚ товар позициясини у қадар кенгайтира олмайдики, унга 1-қоидага мувофиқ ушбу товар позициясида баён этилганига мувофиқ келувчи товарлар сифатида кўриш мумкин бўлмаган товарларни киритиб бўлмайди. Бу бошқа материал ёки моддаларни қўшганда товарни товар позициясида эслатиб ўтилган хусусиятлардан маҳрум қиладиган ҳолларда юз беради. Ҳ.Каримов бунга ташбеҳ ўрнида шўртумшуқнинг асалдаги шубҳали қошиғини эслатиб ўтди.
Шу тариқа, 2б ИАҚ:
- товар позицияси номида фақатгина у тайёрланган материал ёки моддага ҳавола бўлганда қўлланилади;
- агар ТИФ ТНда қидирилаётган товар кўрсатилган товар позицияси мавжуд бўлмаса, у ҳолда товар тайёрланган асосий материални ажратиш ҳамда мазкур материалдан тайёрланган буюмни ўз ичига олувчи товар позициясини қидириш лозимлигини тушунтиради. Буюм тайёрланган асосий материални ажратиб бўлмаган тақдирда 2б ИАҚни бундай товарни таснифлаш учун қўллаб бўлмайди;
- материал ёки моддага тегишли бўлган ҳар қандай товар позициясини кенгайтиради, бунда унинг таркибига мазкур материал ёки модданинг бошқа материал ёки моддалар билан аралашмаси ёки бирикмасини киритади.
Ушбу Қоидадан кўриниб турганидек, биттадан ортиқ материал ёки моддадан тайёрланган материаллар ёки моддаларнинг аралашмалари, унга ўхшашликлари, агар бир қарашда уларни 2 ёки ундан ортиқ товар позицияларига киритиш мумкин бўлса, улар 3-ИАҚ принципларига мувофиқ таснифланиши керак бўлади.
3-қоида. Товарни 2 ва ундан ортиқ товар позицияларига киритиш гипотетик имконияти бўлган ҳолларда қўлланилади. Қуйидагилар изчил тарзда кўриб чиқилади:
3а ИАҚ – энг аниқ номланиш. Масалан, электробритвалар ва сочни қирқиш машиналари ва электродвигатель ўрнатилган сочни олиб ташлаш асбоб-ускуналари электродвигатель ўрнатилган қўлда ишлатиладиган асбоблар сифатида 8467-товар позициясига ёки электродвигатель ўрнатилган маиший электромеханик машиналар сифатида 8509-товар позициясига эмас, балки 8510-товар позициясига киритилган;
3б ИАҚ – асосий хусусияти. Уни белгиловчи омил турли товарлар учун ҳар хил бўлади. У материал ёки модданинг табиати, унинг ҳажми, миқдори, оғирлиги, қиймати ёки товар ишлатилаётганда ушбу материал ёки модда аҳамиятга эга бўлган ролидан келиб чиқиб аниқланиши мумкин. Масалан: спагетти тайёрлаётганда компонентлари қўшиб фойдаланиш учун мўлжалланган, спагетти иссиқликда қайта ишлов берилишга мажбур бўлинмайдиган пакетдан таркиб топган тўпламлар (товар позицияси – 1902), пишлоқ қириндисининг сашеси (товар позицияси – 0406) ва кичик консерва банкасидаги томат соуси (товар позицияси – 2103), картон коробкага ўралган – 1902-товар позициясига таснифланади.
3в ИАҚ – таснифлаш учун тенг даражаларда мақбул бўлган товар позициялари орасида кодлар ўсиб бориши тартибида охирги турувчи товар позицияси. Қоида «рақобатлашаётган» товар позицияларининг ҳеч бири товарнинг етарлича аниқ тавсифини бермайдиган ёки товарга унинг асосий хусусиятини берувчи материал ёки компонентни аниқлашнинг имконини бермайдиган ҳолатларни ҳал этишга ёрдам беради. Масалан, бунга тери ва газламадан тайёрланган эркаклар жакети киради. 3а ИАҚнинг қўлланилиши истисно қилинади, сабаби ҳар бир товар позициялари товар тайёрланган материалларнинг бир қисмини ташкил этади. 3б ИАҚ асосида таснифлашнинг ҳам имкони йўқ, сабаби 2 та материалдан бирортаси ҳам на оғирлиги, на ҳажми, на бажарадиган функцияси бўйича устунлик қилмайди. Шунинг учун 3в ИАҚни қўллаш ҳамда жакетни 2 та «рақобатлашаётган» позициялардан тартиб рақамига кўра охирига киритиш лозим.
Яъни уни 6103-позиция «… Костюмлар, комплектлар, машина ёки қўлда тўқилган, эркаклар ёки болалар учун газлама пиджаклар»га киритилади.
4-қоида. 1–3-қоидалар бўйича таснифлана олмайдиган товарларга нисбатан татбиқ этилади. У, 3-ИАҚдан фарқли ўлароқ, товар позицияларидан ҳеч бири товарни таснифлаш учун мос келмаган ва номенклатура позициялари матнларида келтирилмаган товарларни таснифлаш учун мўлжалланган ҳолларда қўлланилади.
Қоида бундай товарни у анчайин яқин бўлган товарлар позициясида таснифлашни назарда тутади. 4-ИАҚ бўйича таснифлаганда тақдим этилган товарни унга ўхшаш (худди шундай) товарларни аниқлаш учун ўхшаш товар билан солиштириш зарур. Ўхшашлик тайёрлов материали, товар божарадиган функциялар, ишлаб чиқариш усули, ташқи кўриниши, мақсадлилиги сингари турли омиллар билан аниқланиши мумкин.
Ушбу Қоиданинг қўлланилишига эҳтиёткорлик билан ёндашиш зарур, чунки баъзида бир қарашда мавжуд бўлмаган товар аслида бошқа номда, синонимда бўлиши ифодаланган бўлиши мумкин, бу эса нотўғри таснифлашга олиб келади. Масалан, қуритилган узум – майиз, равиоли – чучвара, зангламайдиган пўлат – коррозияга чидамли пўлат бўлиши мумкин.
Амалиётда 4-ИАҚ жуда кам қўлланилади, сабаби кўпгина гуруҳларда «бошқалар» деганларидек корзинкали позициялар бўлади, бу товарни материали ёки функцияси бўйича ажратишга имкон беради.
4-ИАҚнинг халқаро савдода муомалада бўладиган барча товарларнинг номенклатураси билан қамраб олинишига эришишдаги аҳамиятини қайд этиш керак. Бунга электроника ва алоқа воситалари бозорини яққол мисол сифатида келтирса бўлади, унда товар 1 йил давомида янгилар қаторидан эскига айланиб қолиши мумкин. Бундай товарларни таснифлаш айнан 4-ИАҚ билан таъминланади. 4-ИАҚни қўллашга бошқа мисол – халқаро савдода оммавий муомалада бўлмаган нодир ва ўзига хос товарлардир.
Шунинг учун эсдан чиқармаслик керакки, таснифлашга доир ечимларни дастлабки 3 та қоидалар асосида қабул қилиб бўлмаганда ва товарни унинг материали ёки функциясига мувофиқ товар позицияларига киритишга имкон берувчи «бошқалар» деб аталувчи «корзинкали» позициялар мавжуд бўлмагандагина 4-ИАҚ қўлланилади.
5-қоида. У юқоридаги қоидалардан ҳеч бири – 1 4 гача бўлганларнинг бирортаси ўрнини босмайди! У, шунингдек, икки қисмдан иборат – 5а ва 5б.
5а ИАҚ фақатгина қуйидаги турдаги идишларга нисбатан қўлланилади:
- алоҳида шаклга эга бўлган ёки муайян буюм ёки буюмлар тўпламини сиғдиришга мўлжалланган. Яъни у муайян бир турдаги буюмга мўлжаллаб махсус қурилган бўлади. Айрим идишлар ўзига сиғдирилган буюм шаклини такрорлайди;
- узоқ муддат ишлатишга яроқли бўлган, яъни у ўзи мўлжалланган буюм қанча ишлатилса, шунча муддатга етадиган даражада узоқ муддатли ҳисобланади. Бундай идиш буюмдан фойдаланилмаган вақтда (масалан, ташиш ёки сақлашда) ҳам буюмни сақлаб туришни таъминлай олади. Бу мезонлар уни одатдаги ўровдан фарқлаб туради;
- буюмларнинг ўзи ташиш учун қулай бўлишини кўзлаган ҳолда алоҳида ўралган бўлишидан қатъи назар, улар буюмлар билан бирга тақдим этилганда. Алоҳида тақдим этилган мазкур идиш унга мос келувчи товар позицияларида таснифланади;
- одатда тегишли буюм билан бирга сотиладиган идиш туридан иборатдир;
- яхлит буюмга асосий хусусиятни бермайди.
5а ИАҚга мувофиқ таснифланиши керак бўлган тақдим этилган буюмга мос идишга мўлжалланган идишларга қуйидагилар мисол бўла олади:
- заргарлик буюмлари учун ёғочдан ясалган қутилар ва коробкалар (товар позицияси – 7113);
- электробритвалар учун мўлжалланган футлярлар (товар позицияси – 8510);
- бинокллар ва телескоплар учун мўлжалланган футлярлар (товар позицияси – 9005);
- мусиқа асбоблари учун мўлжалланган чехоллар ва футлярлар (товар позицияси – 9202);
- қурол учун мўлжалланган чехоллар (товар позицияси – 9303).
5б ИАҚ қайтариладиган идишга тегишли бўлади, бунда ўров материаллари ва ўров контейнерларидан катта эҳтимол билан такрорий фойдаланилади. Масалан, металл баллонлар ёки сиқилган газ ва суюлтирилган газ учун қора металлдан тайёрланган цистерналар. Қоиданинг формулировкаси идиш ва ўровнинг иккиламчи қўлланилиши имкониятини мажбурий идентификациялаш имконини таъминлайди.
5б ИАҚ 5а ИАҚга нисбатан иккинчи даражали ҳисобланади, шунинг учун 5а ИАҚда келтирилган чехоллар, футлярлар ва уларга ўхшаш контейнерлар 5а ИАҚга мувофиқ таснифланиши керак. 5б ИАҚ асосан бир марталик ўровларга нисбатан қўлланилади. Бир марталик ўрамларга аввало бирламчи ўрам тегишли бўлади, бунда товарлар истеъмол хусусиятидан келиб чиқиб чакана савдо учун тақдим этилади. У товарларнинг истеъмол хусусиятлари бузилмасдан туриб истеъмол қилингунга қадар товардан ажратилиши мумкин эмас. Бирламчи ўров истеъмолчига бевосита маҳсулот билан бирга етиб боради ҳамда товарнинг ажралмас қисми ҳисобланади. У мустақил ташишга мўлжалланмаган ва чекланган оғирлик, сиғим ва ҳажмларга эгадир (металл, шишали ва полимер банкалар, ламинацияланган термик қуйилган материаллардан алюмин фольга ва металли плёнка асосидаги пакетлар, вакуумли пакетлар, зич қоғоздан тайёрланган герметик пакетлар). Масалан, бундай идишга ичидаги нарсалари билан кумуш чойнак ёки ширинликлари бор бўлган декоратив сопол вазача киради.
6-қоида. Товар кодини товар позицияси даражасида аниқлагач (4 та белги), 6 ва 10 та белгилар даражасида навбатдаги деталлаштириш ўтказилиши керак. 6-ИАҚ 1–5-қоидалар тегишли ўзгаришлар билан бирга қўлланилиши ҳамда товар субпозициялари даражасида (6 белгили код) муайян бир товар позицияси чегарасида (4 белгили код) қўлланилишини белгилайди.
Лекин субпозициялар фақат бир даражада таққосланади: 1 дефисли субпозициялар 1 дефисли субпозициялар билан муайян товар позицияси чегарасида таққосланади. Яъни мазкур даражадаги 2 та субпозициялар ўртасида танлаш хусусидаги масала ҳал этилаётганда бирорта бошқа пастроқ даражадаги субпозицияда мавжуд бўлган тавсиф ва кўрсатмалар эътиборга олинмаслиги керак. Товар тавсифини аниқроқ акс эттирувчи бир дефисли субпозиция танланиб бўлгандан кейин ва субпозициянинг ўзи бўлинадиган бўлса, у ҳолда 2 та дефисли субпозиция даражасидаги тавсиф эътиборга олинади ва улардан бири танланади.
6-ИАҚга мувофиқ бўлимлар ва гуруҳларга изоҳлар ҳам, агар контекстда бошқача қоида келишилмаган бўлса, субпозицияларнинг даражасига татбиқ этилади. Яъни аввал субпозициянинг матни ва субпозицияларга изоҳларга, ана ундан кейин эса бўлимлар ва гуруҳларга изоҳларга мурожаат қилиш зарурдир.
Масалан, 4 (б) изоҳидаги 71-гуруҳда «платина» атамасининг тўлиқ тушунчаси субпозицияга 2-иловадаги унинг тушунчасидан фарқланади. Шунинг учун 7110 11 ва 7110 19-субпозициялар интерпретация қилинганда гуруҳга 4 (б) изоҳ эмас, балки субпозицияга 2-изоҳ қўлланилади.
«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.