Корхоналар илгари маълумотларни бухгалтерияда фойдаланиладиган ЭРИ ёрдамида ЯММТга киритган бўлсалар, фақат ЯММТ учун иккинчи ЭРИ калитини олгандан кейин корхона томонидан тизимда ишлаш янги калит ёрдамида давом эттирилиши мумкинми?
– Ҳа, Ягона миллий меҳнат тизимида иккинчи ЭРИ калити билан ишлашни давом эттириш мумкин, сабаби у биринчи калит билан бир хил бўлади.
Юридик шахслар бир нечта ЭРИга эга бўлиши мумкин. Ҳар бир ЭРИ калитининг сертификати алоҳида рўйхатдан ўтказилади (Низомнинг 14-банди, ВМнинг 26.09.2005 йилдаги 215-сон қарорига 2-илова).
Юридик шахснинг барча ЭРИ калитлари бир хил маълумотни, яъни юридик шахснинг номи, шунингдек директор ҳақида маълумотларни ўз ичига олади. Нафақат ЯММТда ишлаш учун, балки ЭРИ талаб этиладиган бошқа платформаларда (солиқ тўловчининг шахсий кабинети, электрон ҳисобварақ-фактуралар ва бошқалар) иккала калитдан ҳам фойдаланиш мумкин.
Шу тариқа, техник жиҳатдан ҳеч қандай фарқ мавжуд эмас – ЯММТда айнан битта ЭРИ калити ёки ҳар хил калитлари билан иш юритилганда, иккала ҳолатда ҳам директорнинг имзоси қўйилган бўлади.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.