«Ҳуқуқий ахборот» телеграм-каналида карантин тўғрисидаги саволларга жавоблар туркуми эълон қилинган. Эътиборингизга мавзу блоклари бўйича шартли равишда гуруҳланган кўчирмалар ва асосий тезисларни ҳавола этамиз.
Махсус комиссия: мақоми, қарорларининг юридик кучи, ижро этмаганлик учун жавобгарлик
Ўзбекистонга коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси (кейинги ўринларда – Республика комиссияси) мамлакатимиз Бош вазири раҳбарлигида 2020 йил январь ойида ташкил этилган.
Махсус комиссия қарорлари баённома кўринишида расмийлаштирилади ва зудлик билан бажарилиши талаб этилиши боис – ҳар куни аҳоли билан мулоқот қилиш мумкин бўлган барча алоқа каналлари орқали тарқатилмоқда. Худди шу сабабли улар ҳар доим ҳам тўлиқ эълон қилинмайди.
Республика комиссияси томонидан карантин чораларини жорий этиш – қонун билан асосланган. Унинг қабул қилган қарорлари идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, фуқаролар томонидан бажарилиши мажбурий ҳисобланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодекси нормалари ҳуқуқбузарларга нисбатан чоралар кўриш учун асос ҳисобланади.
Ўзини яккалаш: ҳаёт тарзи, ҳуқуқий асослари ва мажбурлаш
Ўзини яккалаш – юқумли ва паразитар касалликлар тарқалишининг олдини олишга қаратилган чекловчи тадбирларлардан (карантин) биридир. Ҳаёт тарзи бошқа одамлар билан алоқани чеклаш ёки иложи борича камайтириш – кўчага чиқмаслик, бунга зарурат туғилганда ижтимоий масофа сақлашни, ниқоб тақиб юришни назарда тутади. Уйда ёки ишда бўлганда ҳамкасблар ва оила аъзолари билан алоқани чеклаш зарур.
Ўзини яккалаш ҳаёт тарзи фуқароларнинг эркин ҳаракатланишига оид ҳуқуқларини чеклайди, бироқ бу чекловлар Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро шартномалар ва мамлакатимиз Конституциясига тўлиқ мувофиқ бўлиб, COVID-19 тарқалиши оқибатида юзага келган хатарларга мутаносибдир.
Ўзини яккалаш ҳаёт тарзини жорий этиш қонуний асосланганлиги боис ички ишлар органлари фуқаролардан қонунчиликка риоя қилишларини, ҳуқуққа хилоф ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилиш, бу талаблар бажарилмаган тақдирда уларни мажбурлаш чораларини қўллаш ҳуқуқига эга.
Ҳаракатланишга тақиқ, телефонларни олиб қўйиш, мажбурий даволаниш – бу қанчалик қонуний?
Республикада карантин эълон қилинди, бироқ у аниқ чегара ва чекловлар рўйхатига эга. Охиргилари қатъий қонунчилик, хусусан, «Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида»ги Қонун доирасида жорий этилади. Масалан, у одамлар ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши чекланишига йўл қўйиши мумкин. Шундай экан, бу қонуний ва фуқароларнинг ҳаёт ва саломатликни муҳофаза қилишга бўлган ҳуқуқини таъминлаш нуқтаи назаридан оқланган.
Вирусолог олимларнинг қайд этишларича, асосан пластикдан тайёрланган телефонлар ва маълумот тарқатувчи бошқа воситалар ўзида инфекцияни сақлаш (5 кунгача) ва тарқатиш хусусиятига эга. Шу боис, уларни карантин ҳудудига олиб кириш санитар қоидаларга зид келади. Шу сабабли карантинга жойлаштирилган коронавирус инфекцияси билан касалланган ёки ушбу инфекция бор деб гумон қилинаётган шахсларнинг мобиль телефонлари, аудио ва видео ёзув ускуналари, кредит карталари ва маълумот тарқатувчи бошқа воситаларини вақтинча олиб қўйишга оид норма жорий этилди. Олиб қўйилган нарсалар уларнинг эгаларига тиббиёт муассасасидан чиқиши билан уларнинг ўзларига ёки қариндошлари ёҳуд вакилларига қайтарилади.
Карантинда сақлаш ёки даволаниш тарзидаги тиббий йўсиндаги мажбурлов чораси МЖТКда назарда тутилган. Улар эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузишга оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан 30 суткагача маъмурий жазо билан бирга тайинланиши мумкин.
Карантин қоидаларини бузиш билан боғлиқ маъмурий жазо тайинлаш тўғрисидаги қарордан норози бўлганлар улар устидан судга шикоят беришга ҳақли. Олий суд ҳужжатларни фақат электрон шаклда ёки почта орқали тақдим этишни тавсия этади. Санитарияга оид қонунчилик нормалари ва эпидемияга қарши курашиш қоидаларига риоя қилган ҳолда адвокат хизматларидан фойдаланиш ҳам мумкин.
Нима учун фавқулодда ҳолат эълон қилинмаяпти?
Фавқулодда вазият – бу муайян ҳудудда ўзидан сўнг одамларнинг қурбон бўлиши, одамлар соғлиғи ёки атроф-муҳитга зиён етказиши, кишиларнинг ҳаёт фаолиятига каттагина моддий зарар ҳамда унинг бузилишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган ҳолат, шу жумладан эпидемиялар (одамларнинг гуруҳ бўлиб юқумли касалланиши).
Президент мамлакатнинг бутун ҳудудида ёки унинг айрим жойларида фавқулодда ҳолат жорий этади ва қабул қилган қарорини 3 кун ичида Парламентнинг палаталари тасдиғига киритади. Қоида тариқасида, фавқулодда ҳолат режими жорий этилганда, ҳаракатланиш эркинлигига, транспорт воситалари ҳаракатига нисбатан анча қатъий чекловлар ўрнатилади, уларни текшириш кучайтирилади, энг зарур озиқ-овқат маҳсулотларини сотиш, харид қилиш ва тақсимлашнинг, жамоатчилик тартибини сақлашнинг алоҳида тартиби ўрнатилади ва бошқа чекловлар кучайтирилади.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда барча тартиблардан нисбатан энг енгили – карантин жорий этилди. Унинг доирасида барча зарур ва етарли даражада эпидемияга қарши чора-тадбирлар ўтказилмоқда:
♦ мамлакатимиз ҳудудини санитар муҳофаза қилиш – санитар-карантин назоратини ўтказиш ва чекловчи тадбирларини ўтказиш йўли билан таъминланмоқда;
♦ юқумли ва паразитар касалликлар ўчоқларида амалга оширилаётган тадбирлар, дезинфекция тадбирлари – коронавирус билан касалланганликда гумон қилинган шахсларни аниқлаш, изоляция қилиш ва касалхонага ётқизиш ҳамда улар алоқа қилган шахсларни лаборатор текшириш ва уларни тиббий кузатиш;
♦ мажбурий тиббий текширув ва бошқа тадбирлар.
norma.uz