Россия компанияси Ўзбекистон ҳудудида нефть қудуқларини таъмирлаш ишларини олиб бориш бўйича ўзбекистонлик компания билан шартнома тузган. Бу ишларни бажариш учун нефть қазиб чиқариш ускуналари, механизми ва транспорт воситалари Россиядан келтирилади.
1. Россия компаниясининг доимий муассасаси ускуналарга нисбатан жадал амортизациялаш коэффициентини қўллаши мумкинми?
2. ДМ томонидан иш жараёнида фойдаланиладиган асосий воситаларнинг солиқ ва бухгалтерия ҳисобининг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборат?
1 |
Юридик шахс – ЎзРда доимий муассаса (ДМ) орқали фаолият кўрсатаётган норезидент бухгалтерия ҳисоби субъекти ҳисобланмайди.
Бунда чет эл юридик шахсларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналари, филиаллари ва бошқа таркибий бўлинмалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисоб юритади ҳамда ҳисобот тақдим этади («Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида»ги Қонуннинг 6-моддаси).
Доимий муассаса фойда солиғи тўловчиси ҳисобланади. У солиқ тўловчи сифатида солиқ солиш объектлари ва у билан боғлиқ объектларнинг (Солиқ кодексининг 34-моддаси), шу жумладан даромадлар ва харажатларнинг ҳисобини юритиши шарт.
ДМнинг харажатларига ЎзРда олинган даромадлар билан бевосита боғлиқ бўлган барча турдаги харажатлар киради (Солиқ кодексининг 154-моддаси 3-қисми).
Солиқ солиш мақсадида ДМнинг фойдаси Солиқ кодексининг 142–146-моддаларида кўрсатилган даромад ва чегириладиган харажатлар ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади.
Асосий воситаларга тегишли бўлган техникадан фойдаланилганда ДМнинг харажати амортизация ҳисобланади. Доимий муассаса амортизацияни жадаллаштирилган меъёрларда ҳисоблаш ҳуқуқига эга. Бироқ солиқ солиш мақсадларида амортизация ажратмалари Солиқ кодексининг 144-моддасида белгиланган энг юқори нормадан ошмаган ҳолда ҳисоблаб чиқилади.
2 |
Ички мақсадларда ДМ асосий воситаларнинг бухгалтерия ҳисобини ўзи таркибий бўлинмаси ҳисобланган хорижий корхонанинг ҳисоб сиёсатида қабул қилинганидек юритиши мумкин. Бироқ фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаш учун Солиқ кодексининг 128-моддасига амал қилиш керак.
Ольга БУСАРОВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.