Norma.uz
Норма маслахатчи / 2020 йил / № 04 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Мажбурий аудиторлик текширувлари: нималар ўзгаради

 

22.01.2020 йилдаги ЎРҚ-603-сон Қонун билан «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунларга тузатишлар киритилди.

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг сентябрь ойида Президент аудиторлик фаолиятини янада ривожлантиришга доир қарорни имзолаган эди. Ушбу ҳужжатда назарда тутилган чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда (2019 ва 2020 йилларда, таҳр.), сабаби бунинг учун жумладан қонунларга тузатишлар тайёрлаш ва қонуности ҳужжатларини ишлаб чиқиш лозим эди.

Хусусан, Президент қарорининг бандларидан бири билан 2020 йил 1 январдан бошлаб ҳисобот йили якуни бўйича қуйидаги шартлардан бир вақтнинг ўзида иккитасига жавоб берган тижорат ташкилотлари ҳам ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтиши лозим:

♦ активларнинг баланс қиймати БҲМнинг 100 000 баробар миқдоридан ортиқ бўлса;

♦ маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушум БҲМнинг 200 минг баробар миқдоридан ортиқ бўлса;

♦ ходимларнинг ўртача йиллик сони 100 кишидан ортиқ бўлса.

Бироқ қонун ҳужжатларига киритилган тузатишлар Президент қарорининг юқорида кўрсатилган нормаларидан қатор жиҳатлари билан фарқ қилади:

биринчидан, фақат битта мезон – активларнинг баланс қиймати белгиланган. Ҳар йили мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказиш учун у БҲМнинг 100 минг баробар миқдоридан, яъни 22 300,0 млн сўмдан (материал эълон қилинган санада) ортиқ бўлиши керак. Тушум ва ходимларнинг ўртача йиллик сони бу ҳолатда инобатга олинмайди;

иккинчидан, тузатишлар қарордан келиб чиққанидек тижорат ташкилотларининг барчасига ҳам эмас, балки фақат масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятларга тааллуқли. Акциядорлик жамиятлари, кредит ва суғурта ташкилотлари, инвестиция фондлари, биржалар, давлатга тегишли улушга эга субъектлар ва ДУКлар активлар миқдоридан қатъи назар мажбурий аудиторлик текширувидан ўтказилишини эсдан чиқармаслик керак («Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси);

учинчидан, ўзгартиришлар 1 январдан эмас, балки 2020 йилнинг 24 апрелидан амалга киритилади (тузатишлар эълон қилингандан эътиборан уч ой ўтгач, таҳр.).

Акциядорлик жамиятларига доир янгиликлар ҳам мавжуд. Энди мустақил ташқи аудиторлик ташкилотлари АЖларнинг йирик битимлари ва соф активлари қиймати АЖларнинг соф активлари қийматининг 10%и ва ундан кўпини ташкил этадиган уларнинг аффилланган шахси билан битимлари шартларини ўрганадилар. Бунда баҳолаш ташкилоти томонидан аниқланган мол-мулкнинг бозор қиймати инобатга олинади. Аудитсиз бундай битимларни тузиш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин эмас. «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга тегишли қўшимчалар 23 январдан кучга кирди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 23.01.2020 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Кичик бизнес бўйича агентликнинг вазифалари белгиланди

 

Ўзбекистон Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 16.01.2020 йилдаги 28-сон қарорига 1-илова).

 

Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлигини (кейинги ўринларда – Агентлик) ташкил этиш Президентнинг 13.08.2019 йилдаги ПФ-5780-сон Фармонида (11-банд) назарда тутилган, Президентнинг 13.08.2019 йилдаги ПҚ-4417-сон қарори билан эса унинг бошқарув ходимларининг чекланган умумий сони 28 нафардан иборат бўлган тузилмаси тасдиқланган.

Агентлик тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, аҳолининг кенг табақаларини бизнес билан шуғулланишга жалб этиш, бошланғич капитал манбаларидан фойдаланиш имкониятини таъминлаш тизимини кенгайтириш ва самарадорлигини ошириш соҳасида ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик – Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги (кейинги ўринларда – Вазирлик) таркибий бўлинмаси бўлган юридик шахс ҳисобланади ва унга ҳисобот беради. Вазирлик Агентлик фаолиятини мувофиқлаштиради ва назорат қилади, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлайди.

Қуйидагилар Агентликнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

♦ кичик ва ўрта бизнесни, хусусий тадбиркорликнинг барча шаклларини ривожлантиришга қаратилган ягона давлат сиёсатини амалга ошириш;

♦ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари билан биргаликда кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат дастурларини ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

♦ ваколатли давлат органлари ва ташкилотларининг кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, бизнес муҳитини яхшилаш учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасидаги фаолиятини мувофиқлаштиришни ташкил этиш;

♦ ишбилармонлик муҳитининг жорий ҳолатини ўрганиш, шу жумладан, сўровномалар ўтказиш асосида, ҳамда ер участкалари тақдим этиш ва қурилиш-монтаж ишларини бажариш тартиб-таомилларини соддалаштириш, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларининг ишлаб чиқариш инфратузилмаси, бошқа моддий-хомашё ва молиявий ресурслардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш, шунингдек, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бюрократик тўсиқлар ва ғовларни бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш;

♦ бизнесни кенгайтиришни рағбатлантиришга, қўшимча қиймат яратишнинг яхлит занжирларини шакллантиришга, замонавий технологияларни ўзлаштиришга, экспортни кўпайтиришга, доимий иш ўринларини яратишга йўналтирилган натижага қаратилган воситаларни жорий этиш;

♦ кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига, шу жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларига кафилликлар ва кафолатлар, шунингдек, тижорат банклари кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация бериш шаклида молиявий ёрдам кўрсатиш;

♦ йирик ишлаб чиқарувчилар томонидан кичик ва ўрта корхоналар – оралиқ товарлар ва хизматлар (хом ашё, бутловчи қисмлар ва бошқалар)ни етказиб берувчилар фаолиятини, шу жумладан, тижорат банкларида мақсадли депозитлар очиш ҳисобига молиялаштириш механизмларини жорий этиш;

♦ кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларини қонунчилик, янги технологиялар ва маҳсулотлар, бозорлар ва бошқа долзарб масалалар бўйича номолиявий қўллаб-қувватлаш (бепул телефон ва онлайн-маслаҳат хизматлари, ўқув марказлари, бизнес-инкубаторлар, ахборот хизматлари ва бошқалар) тизимини шакллантириш;

♦ халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш лойиҳаларини амалга ошириш, уларга техник ва маслаҳат кўмагини ташкил этиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш;

♦ бизнес омбудсман ва Бош вазирнинг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича қабулхоналари билан кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш бўйича давлат ва ҳудудий дастурларни тайёрлаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда яқиндан ҳамкорлик қилиш.

Агентликка Бош вазирнинг тақдимномаси бўйича Президент томонидан лавозимга тайинланадиган ва лавозимдан озод қилинадиган директор – иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари бошчилик қилади. Вазирлар Маҳкамаси директорнинг икки нафар ўринбосарини, шу жумладан биринчи ўринбосарини лавозимга тайинлайди ва ундан озод этади.

Идора Давлат бюджети, Агентликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг қўшимча даромадларининг бир қисми, халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотларнинг грантлари, шунингдек, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштирилади.

Агентлик бошқарув ходимларига нисбатан Вазирликнинг марказий аппарати ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш, моддий рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя шартлари татбиқ этилади.

 

 

 

Бизнесни қўллаб-қувватлашнинг тартиби ва шакллари белгиланди

 

ВМнинг қарори билан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисида низом ҳам тасдиқланди (16.01.2020 йилдаги 28-сон қарорга 2-илова).

 

Эслатиб ўтамиз, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси (кейинги ўринларда – Жамғарма) Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги таркибига ўтказилган (Президентнинг 13.08.2019 йилдаги ПФ-5780-сон Фармонининг 23-банди). У ҳуқуқлар, мажбуриятлар ва шартномалар бўйича ВМ ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасининг ҳуқуқий вориси ҳисобланади.

Жамғарма – давлат муассасаси шаклидаги юридик шахс, Агентлик ва Президентнинг 17.08.2017 йилдаги ПҚ-3225-сон қарори билан ташкил этилган Жамғармани бошқариш бўйича кенгашга ҳисобот беради.

Қуйидаги шаклларда молиявий ёрдам кўрсатиш Жамғарманинг асосий вазифалари ҳисобланади:

а) аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга ошириш учун кредит миқдорининг 50%игача (50%и ҳам шу жумлага киради), бироқ БҲМнинг 100 бараваридан ортиқ бўлмаган тижорат банклари кредитлари бўйича кафиллик бериш;

б) тижорат банкларининг кредитлари бўйича кредит суммасининг 50%игача (50%и ҳам шу жумлага киради) миқдорда кафиллик бериш, бироқ 8 млрд сўмдан ортиқ эмас;

в) тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизли харажатларни қоплаш учун компенсация бериш, шу жумладан:

♦ суммаси 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган МБнинг қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 бараваридан ошмайдиган фоизли ставка билан қайта молиялаштириш ставкасидан ортиқ бўлган, бироқ 5 фоизли пунктдан ортиқ бўлмаган қисми бўйича миллий валютада;

♦ чекка ва тоғли туманларда, шунингдек, «Обод қишлоқ» дастури доирасида амалга ошириладиган суммаси 10 млрд сўмдан ортиқ бўлмаган лойиҳалар учун – 8 фоизли пункт миқдорида қайта молиялаштириш ставкасининг 1,5 баравари миқдоридан ортиқ бўлмаган фоизли ставка билан миллий валютада;

♦ суммаси 10 млрд сўмга тенг миқдордан ошмайдиган хорижий валютада – тижорат банклари томонидан белгиланган фоизли ставканинг 30%игача миқдорда, бироқ 3 фоизли пунктдан ортиқ эмас;

♦ хорижий валютада – иссиқхоналар қуриш, интенсив боғлар яратиш ва совутгичлар қуриш учун 2017 йил 5 сентябргача халқаро молия институтларининг кредит линиялари ҳисобига хўжалик юритувчи субъектларга ажратилган валюта кредитлари бўйича – белгиланган фоизли ставканинг 50%и миқдорида.

Низомда Жамғарма кафиллиги берилишини кўриб чиқишнинг шартлари ва тартиботи, компенсацияни бериш, тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва қайта тиклаш тартиби, шунингдек берилган кафиллик бўйича мажбуриятларнинг Жамғарма томонидан ижро этилиши тартиби белгиланган.

Таркиби Президент томонидан тасдиқланадиган Жамғармани бошқариш бўйича кенгаш (17.08.2017 йилдаги ПҚ-3225-сон қарорнинг 4-банди) – Жамғармани бошқаришнинг олий органи. Тузилмаси давлатимиз раҳбари томонидан тасдиқланадиган Ижро этувчи дирекция Жамғарманинг ижро этувчи органи ҳисобланади.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан лавозимига тайинланадиган ва лавозимдан озод этиладиган ижрочи директор Ижро этувчи дирекциянинг раҳбари ҳисобланади. У бир пайтнинг ўзида Агентлик директорининг ўринбосари ҳисобланади. Ижрочи директор Агентлик директори билан келишган ҳолда малакали, шу жумладан, хорижлик мутахассисларни уларнинг хизмат ҳақини Жамғарманинг ўз маблағлари ҳисобига тўлаган ҳолда жалб қилишга ҳақли.

Унинг ўринбосарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод қилиш Ижрочи директорнинг тақдимномаси бўйича Иқтисодиёт ва саноат вазири билан келишган ҳолда Агентлик директори томонидан амалга оширилади. Жамғарма таркибий тузилмаларининг раҳбарларини лавозимига тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш Агентлик билан келишган ҳолда ижрочи директор томонидан амалга оширилади.

Жамғармани бошқариш бўйича кенгаш Ижро этувчи дирекциянинг харажатлар сметаси ва штатлар жадвалини тасдиқлайди. Шунингдек, унга Жамғарма маблағларидан тўғри ва самарали фойдаланиш юзасидан жавобгарлик юкланади. Ижро этувчи дирекциянинг ходимларига давлат бошқаруви органлари ходимлари учун Иқтисодиёт ва саноат вазирлигининг марказий аппарати ходимларига белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш ва рағбатлантириш шартлари жорий этилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.01.2020 йилдан кучга кирди.

 

Анвар Иркаходжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси шаҳодатномага эга бўлиши керак

 

Уни олиш тартиби «Давергеодезкадастр» қўмитаси қарори билан тасдиқланган (АВ томонидан 17.01.2020 йилда 3211-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилмоқда. У шартнома асосида кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказади (бирламчи кадастр ҳисоби бундан мустасно), уларнинг қаватма-қават режаларини тузади, техник режаларини расмийлаштиради ва уларни техник ҳисобга қўяди. Муҳандислар риэлторлик ташкилотлари билан меҳнат шартномасини тузади.

Кадастр муҳандиси бўлиб ишлаш учун:

♦ кадастр муносабатлари соҳасида касбий қайта тайёргарлик дастури бўйича таълим олган бўлиши ёки геодезия ва ер кадастри бўйича олий маълумотга эга бўлиши;

♦ геодезия ва ер кадастри бўйича камида 1 йил иш стажига эга бўлиши;

♦ имтиҳон топшириб, малака шаҳодатномасини олиши лозим.

Талабгор малака имтиҳонини топшириш учун «Давергеодезкадастр» қўмитасига ариза ва қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

♦ паспорт нусхаси;

♦ олий маълумот тўғрисидаги диплом нусхаси (хорижий дипломни тан олиш ҳақидаги гувоҳнома) ёки кадастр муносабатлари соҳасида касбий қайта тайёргарлик дастури бўйича таълим олганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси;

♦ меҳнат дафтарчаси (электрон меҳнат дафтарчаси тизимидан кўчирма);

♦ 3,5 х 4,5 см ўлчамли 4 дона рангли фотосурат.

Имтиҳон гуруҳлар шаклланишига қараб, лекин икки ойда камида 1 маротаба ўтказилади. 1 соат вақтда 75 та саволга жавоб бериш лозим. Тестлар танловга кўра ўзбек ёки рус тилида топширилади. Камида 70% саволга жавоб берган талабгорлар тест синовидан ўтган ҳисобланади. Имтиҳондан ўта олмаганлар навбатдаги имтиҳонда ундан такроран ўтишлари мумкин.

Шаҳодатнома бепул берилади, эгасининг фотосурати ёпиштирилган ҳолда тасдиқланган шаклда расмийлаштирилади ҳамда пойтахт ва пойтахт вилоятининг барча ҳудудларида амал қилади.

«Давергеодезкадастр» қўмитаси очиқ фойдаланиш мумкин бўлган қуйидаги маълумотларни ўз ичига олган кадастр муҳандисларининг электрон реестрини юритади:

♦ муҳандиснинг Ф.И.О.;

♦ малака шаҳодатномаси рақами, у олинган сана;

♦ малака имтиҳонида қайд этилган натижа;

♦ шаҳодатномани бекор қилиш ёки амал қилишини тугатиш, қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш ҳақидаги маълумотлар.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 17.01.2020 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 731 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика