Маълумки, мамлакатимизда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилишини маҳаллийлаштириш бўйича ягона тизимни яратишга жиддий эътибор қаратиб келинмоқда.
Президентимизнинг «Давлат ва хўжалик бошқаруви ҳамда маҳаллий ижроя ҳокимияти органларининг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича масъулиятини янада ошириш тўғрисида»ги қарори (24.08.2019 йилдаги ПҚ-4426-сон) ижросини таъминлаш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида ҳоким ёрдамчиси раҳбарлигида маҳаллийлаштириш ва саноатда кооперация алоқаларини кенгайтириш масалалари бўйича доимий асосда фаолият кўрсатувчи ишчи гуруҳ ташкил этилиб, унинг вазифалари белгиланган.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шаҳар прокуратураси, ички ишлар ва божхона бошқармалари раҳбарларидан иборат ишчи гуруҳ аъзолари дастлаб «Тошкент-товар» ТИФ божхона постида бўлишди. У ерда божхона ходимлари ва тадбиркорлар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. Ишбилармонлар иштирокида саноатни жадал ривожлантириш, маҳаллийлаштириш кўламини ошириш ва кенгайтириш масалаларига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди ҳамда уларнинг фикрлари тингланди.
«Чуқурсой» ТИФ божхона постига ташриф чоғида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларнинг янги турларини ўзлаштиришга қаратилган ишлар таҳлил қилиниб, бу борада учраётган муаммолар атрофлича ўрганилди, уларга ечимлар қидирилди.
Мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати юритилаётгани, ташқи савдо ва валюта операциялари эркинлаштирилгани натижасида соғлом рақобат муҳити, ҳақиқий бозор иқтисодиёти шаклланаётгани қайд этилди.
«Highway Logistics Center» транспорт логистика комплекси ҳудудида жойлашган «Арк булоқ» ТИФ божхона постидаги учрашувда эса экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритиш зарурлиги таъкидланди.
«Сергели» ТИФ божхона постида бўлган ишчи гуруҳ аъзолари мавжуд хом ашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш кўламини кенгайтириш масаласига тўхталиб ўтишди. Маълумки, мазкур пост «Uztex Tashkent» қўшма корхонаси маъмурий биносида жойлашган. Ишчи гуруҳ аъзолари бу ерда корхона фаолияти билан ҳам танишиб, саноат тармоқларида кооперация алоқаларини жадаллаштиришнинг янги тизимини жорий этиш бўйича бир қатор таклиф ва мулоҳазаларни билдириб ўтишди.
Амалга оширилаётган ишлардан кўзланган асосий мақсад мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиш, юзага келаётган муаммоларни бартараф этишдан иборатдир.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.