Ташкилот ЯСТ тўловчи ҳисобланади, ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Эгалигида кўчмас мулк мавжуд эмас, ресурс солиқларини тўламайди. Ташкилот фаолиятини 6 ойга тўхтатиб турмоқчи. Директордан ташқари барча ходимлар ишдан бўшатилган. Бироқ директорга ҳам иш ҳақи ҳисоблаб ёзилмайди.
Ушбу давр учун солиқ ҳисоботларини ДСИга топширишимиз лозимми? Фаолият тўхтатиб турилиши ҳақида ДСИни хабардор қилиш зарурми ва қандай шаклда?
– ЯСТ бўйича солиқ даври – календарь йил, ҳисобот даври йил чораги ҳисобланади (Солиқ кодексининг 359-моддаси). ЯСТ ҳисоб-китоби солиқ органларига ортиб борувчи якун билан йилнинг ҳар чорагида, ҳисобот чорагидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади (Солиқ кодексининг 360-моддаси 4-қисми).
ЖШДС бўйича солиқ даври – календарь йил, ҳисобот даври эса ой ҳисобланади (Солиқ кодексининг 183-моддаси). ЖШДС ҳисоб-китоби солиқ органларига ортиб борувчи якун билан ҳар ойда, ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай, йил якунлари бўйича эса – йиллик молиявий ҳисобот топшириладиган муддатда тақдим этилади (Солиқ кодексининг 187-моддаси 1-қисми 2-банди). Директорга тўлиқ ой учун эмас, балки ҳақиқатда ишга чиқилган кунлар учун иш ҳақи ҳисоблашни тавсия этамиз.
Корхонанинг фаолиятни тўхтатиб туриши ҳақида ДСИни ёзма шаклда хабардор қилиш мумкин.
Бинобарин, корхона фаолиятини муайян муддатга тўхтатиб турадиган ва бу ҳақда ДСИни хабардор қиладиган бўлса, бу уни белгиланган муддатда ҳисобот топшириш мажбуриятдан озод этмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.