Корхонада меҳнат шартномаси бўйича Ўзбекистон Республикаси норезиденти ишлайди. ЖШДС 20%лик ставка бўйича ушлаб қолинади. У 183-кундан бошлаб резидентга айланади ва унинг иш ҳақига 12%лик ставка бўйича ЖШДС солинади.
Ўтган 182 кун учун 12%лик ставкада ЖШДС бўйича қайта ҳисоб-китоб қилиш керакми?
– Жисмоний шахс-норезидентнинг иш ҳақидан 20%лик ставка бўйича ЖШДС ушлаб қолинади (Солиқ кодексининг 182-моддаси).
Ўзбекистонда доимий яшаб турган ёки жорий солиқ даврида якунланаётган ҳар қандай кетма-кетликдаги 12 ойлик давр ичида жами 183 кун ва ундан ортиқ муддат турган жисмоний шахс резидент деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 19-моддаси 1-қисми). Календарь йил ЖШДС бўйича солиқ давридир (Солиқ кодексининг 183-моддаси).
Жисмоний шахс Ўзбекистон Республикаси резидентига айлангач, унинг иш ҳақига 12%лик ставка бўйича ЖШДС солинади (Солиқ кодексининг 181-моддаси). Бунда иш берувчи корхона жисмоний шахс норезидентлиги давридан жорий солиқ даврига тўғри келадиган кунлар учун ЖШДСни қайта ҳисоб-китоб қилади.
Ўзбекистон Республикаси резидентига айланган чет эллик жисмоний шахс ўтган солиқ даври учун даромадлар тўғрисида жорий йилнинг 1 апрелигача декларация тақдим этади (Солиқ кодексининг 192-моддаси 3-қисми). Жисмоний шахс Солиқ кодексининг 34-бобига мувофиқ декларация топшириб, ўтган солиқ даври учун ортиқча тўланган ЖШДС суммаларини қайтариши мумкин.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.