Фирмамиз умумий овқатланиш (ИФУТ коди – 56100) билан шуғулланади, ЯСТ тўлайди, ҚҚС тўламайди. Вақтинча ишламаяпмиз (таъмирлаш сабабли), фаолият юритмаяпмиз. 10-счётдаги мол-мулкни ва бошқа хўжалик жиҳозларини сотишга қарор қилдик. Столни таннархи бўйича – 100 000 сўмга сотдик.
Қайси суммадан ЯСТ тўланади? Столни 120 000 сўмга сотганимиздачи?
Жиҳозни сотишда қайси суммадан ЯСТ тўланади?
– Асосий воситалар ёки бошқа мол-мулк реализация қилиниши муносабати билан чиқиб кетаётганда ЯСТ бўйича солиқ оқибатларини аниқлаш учун Солиқ кодексининг 132, 133 ва 355-моддаларига амал қилиш лозим.
ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага корхонанинг бошқа даромадлари, шу жумладан бошқа активларни реализация қилишдан олинган даромадлар киритилади (Солиқ кодексининг 132-моддаси 1-банди).
Бошқа мол-мулкнинг чиқиб кетишидан олинадиган солиқ солинадиган даромад уларнинг чиқиб кетишидан олинган фойдадир (Солиқ кодексининг 133-моддаси). У ТМЗнинг чиқиб кетишидан олинган даромаддан уларнинг баланс қиймати ва чиқиб кетиш билан боғлиқ билвосита солиқларни чегириш орқали аниқланади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 50-банди). ТМЗни сотиш суммаси ва уларнинг таннархи ўртасидаги ижобий фарқдан ЯСТ тўланади.
1. Ҳали фойдаланишга топширилмаган ва 1000-счётда ҳисобга олинган мол-мулкни, шу жумладан жиҳозларни таннархига тенг нархда (100 000 сўм) сотишда ЯСТ бўйича солиқ солинадиган база мавжуд бўлмайди.
2. Ҳали фойдаланишга топширилмаган ушбу мол-мулк 120 000 сўмга сотилганда, ЯСТ бўйича солиқ солинадиган базага 20 000 сўм (120 000 – 100 000) даромад киритилади. Уни ЯСТ ҳисоб-китобига 1-илова «Бошқа даромадлар» (9-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 020-сатрида бошқа даромадлар таркибида акс эттиринг.
3. Фойдаланишда бўлган, қиймати харажатларга ҳисобдан чиқариб бўлинган хўжалик жиҳозларини сотсангиз (4-сон БҲМСнинг 59-банди), ҳисобингизда унинг таннархи мавжуд бўлмайди, фақат 014-«Фойдаланишдаги инвентарь ва хўжалик жиҳозлари» балансдан ташқари счётида миқдорий ҳисоби юритилади. Мазкур ҳолатда бошқа даромадлар таркибида бутун реализация қиймати акс эттирилади.
Яъни қиймати илгари ишлаб чиқариш харажатларига ҳисобдан чиқарилган столни сотишда қуйидаги суммаларга ЯСТ солинади:
100 000 сўм – 1-мисолда;
120 000 сўм – 2-мисолда.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.