ҚҚС тўловчи корхона халқаро ташиш билан шуғулланади. Халқаро ташишга 0%лик ставкада ҚҚС солинади. Корхона сўм пластик картасига эга, унинг ёрдамида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ТМЗ харид қилади.
Корхона ўз эҳтиёжлари учун харид қилинган, корпоратив пластик карта воситасида ҳақи тўланган ТМЗ бўйича ҚҚСни ҳисобга олишга ҳақлими?
– Корхонангиз 0%лик ставкада ҚҚС тўлайди (Солиқ кодексининг 216-моддаси). ҚҚС тўловчилар қуйидаги шартларга риоя этганда кирувчи ҚҚСни ҳисобга олиш ҳуқуқига эга бўлади:
1) ТМЗдан солиқ солинадиган оборотлар, шу жумладан ноль даражали ставка қўлланиладиган оборотлар мақсадида фойдаланилса (Солиқ кодексининг 218-моддаси 1-1-банди);
2) ТМЗдан фойда солиғи бўйича солиқ солинадиган базани аниқлаш чоғида чегирилиши лозим бўлган харажатларни амалга ошириш мақсадида фойдаланилса (Солиқ кодексининг 219-моддаси 6-банди);
3) олинган ТМЗга етказиб берувчи томонидан ёзилган ҳисобварақ-фактура ёки Солиқ кодексининг 222-моддасига мувофиқ тақдим этиладиган ҚҚС алоҳида ажратиб кўрсатилган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса (Солиқ кодексининг 218-моддаси 2-банди).
Корпоратив пластик карта воситасида ҳақ тўлаганда терминал чекидан ташқари савдо ташкилотидан инвойс (ҳисобварақ-фактура) олиш зарурлигига эътибор қаратинг (30.10.2018 йилдаги ПФ-5564-сон Фармоннинг 1-банди «в» кичик банди).
Савдо терминали чеки ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжат ҳисобланади, бироқ бунда фақат аҳоли, яъни юридик шахс бўлмаган шахслар харидор бўлиши лозим. ҚҚС солинадиган товарлар етказиб берилган тақдирда, чекда ҚҚС суммаси ҳам албатта ажратиб кўрсатилиши керак (Солиқ кодексининг 222-моддаси 4-қисми).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.