Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 21 / Бухгалтерга тавсиялар

Иш ҳақи тўлаш: тартиби, муддатлари, шартлари

 

Ушбу тавсияларда қуйидагилар ҳақида билиб оласиз:

иш ҳақи тўлаш муддатлари;

аванс ва иш ҳақи тўлаш кунлари қандай белгиланиши;

қандай тўлов шакллари мавжудлиги;

иш ҳақининг пул билан ва натура ҳолида қандай берилиши;

иш ҳақининг қандай қилиб пластик карталарга ўтказилиши;

берилмаган иш ҳақининг қандай қилиб депонентга ўтказилиши;

ҳисоб-китоб варақасининг қандай тузилиши.

 

Тўлов валютаси

Иш ҳақини чет эл валютасида тўлаш рухсат берилган ҳисоб-китоблар рўйхатига кирмайди («Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги Қонуннинг 18-моддаси). Шу сабабли иш ҳақини миллий валюта – сўмда тўланг, қонун ҳужжатларида йўл қўйилган ҳоллар бундан мустасно.

Чунончи, «Mirzo Ulugbek Innovation Center» инновация маркази резидентлари чет эл мутахассисларига иш ҳақини чет эл валютасида тўлашга ҳақли. Тўловлар товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан тушумлар доирасида нақдсиз шаклда хорижда очилган халқаро тўлов карталарига амалга оширилади (30.06.2017 йилдаги ПФ-5099-сон Фармоннинг 6-банди).

 

ВАЗИЯТ.

Корхонада чет эллик фуқаролар ишлайди. Уларнинг лавозим маошларини АҚШ долларида белгилаш, иш ҳақи ҳисоб-китобини эса Ўзбекистон Марказий банки курси бўйича миллий валюта эквивалентида амалга ошириш мумкинми?

Иш берувчи чет эллик ходимларнинг меҳнат ҳақи миқдорларини мустақил равишда, шу жумладан хорижий валюта эквивалентида белгилашга ҳақли.

Қонун ҳужжатларида маошлар, тарифлар ва меҳнатга ҳақ тўлаш нархларини хорижий валютага эквивалентда белгилаш тақиқланмаган. Меҳнат шартномасида иш ҳақи миқдорини ҳисоблаб чиқариш учун чет эл валютасининг муайян эквиваленти қўлланилишини кўрсатиш мумкин. Бунда меҳнат шартномасида иш ҳақи миллий валютада тўланишини қайд этиш лозим.

Меҳнат шартномаси ёки корхонанинг локал ҳужжатида чет эл валютаси эквивалентини миллий валютага қайта ҳисоблаш услубиятини белгиланг. Масалан, у даромад ҳисобланган санадаги МБ курси бўйича, ҳисоб-китоб қилинадиган ойнинг сўнгги куни ёки МБнинг ўртача тортилган ойлик курси бўйича қайта ҳисоб-китоб бўлиши мумкин.

 

МИСОЛ. Чет эллик ходим билан тузилган меҳнат шартномасида унга иш ҳақи ҳисоб-китоб қилинадиган ойнинг сўнгги кунидаги МБ курси бўйича 1 000 АҚШ доллари эквивалентида миллий валютада ҳисобланиши қайд этилган. Бу ҳолда 2019 йил март ойи учун чет эллик ходимга 8 389 970 сўм (1 000 х 8 389,97) миқдорида иш ҳақи ҳисобланади.

 

Эътибор беринг!

2017 йил 2 сентябрдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудида товар, иш ва хизматлар учун нарх ва тарифлар фақат миллий валютада белгиланади (2.09.2017 йилдаги ПФ-5177-сон Фармоннинг 3-банди). Шу сабабли чет эллик мутахассис билан фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномани тузсангиз, аввалбошдан миллий валютадаги хизматлари қийматини белгиланг. Ижрочи бундай шартнома бўйича иш ҳақи эмас, балки бажарилган ишлар (кўрсатилган хизматлар) учун ҳақ олади.

 

Муддатлар

Иш ҳақини жамоа шартномаси ёки корхонанинг бошқа локал норматив ҳужжатида белгиланган муддатда, бироқ ҳар ярим ойда камида 1 марта тўланг (МКнинг 161-моддаси 1-қисми). Ушбу шарт тарафларнинг келишуви бўйича ҳам, жамоа шартномаси асосида ҳам ёмонлаштирилиши мумкин эмас (МКнинг 4, 5-моддалари).

Ҳақ тўланадиган кун дам олиш куни ёки байрам кунига тўғри келиб қолса, уни шу кун арафасида тўланг (МКнинг 161-моддаси 2-қисми).

 

ВАЗИЯТ.

Ходимлардан бунга розилик берилган ёзма аризалар келиб тушган бўлса, иш ҳақини ойда 1 марта тўлаш мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Иш ҳақини тўлаш даврийлиги Меҳнат кодексида белгиланган. Шу сабабли иш ҳақини ҳар ярим ойда камида 1 марта тўлаш иш берувчининг ҳуқуқи эмас, балки мажбуриятидир (МКнинг 161-моддаси 1-қисми). Иш ҳақини камроқ оралиқда, масалан, 10 кунда 1 марта ёки ҳар ҳафта тўлаш мумкин. Иш ҳақини ойда фақат 1 марта тўлаган иш берувчи қонунчилик талабларини бузган бўлади. Ҳатто ходимлар бундай тартибга рози эканликлари ҳақида ариза ёзган бўлсалар ҳам, бундай қилиш тақиқланади.

 

Эътибор беринг!

Меҳнат кодексида «аванс» тушунчаси мавжуд эмас, фақат «иш ҳақи» ва «меҳнат ҳақи» атамалари бор. Яъни аванс – ойнинг биринчи ярми учун иш ҳақи. Шу сабабли нафақат лавозим маошининг бир қисмини, балки бошқа тўловларни ҳам, агар ходим ойнинг биринчи ярми якунларига кўра уларга ҳақли бўлса, ушбу иш ҳақи таркибига киритинг. Масалан, овқатланиш учун компенсация ёки ойлик устамани.

 

Меҳнат кодексида айрим ҳолларда иш ҳақи тўланадиган аниқ кунлар белгиланган. Масалан, ходим таътилга чиқса, таътил пулини жамоа шартномасида белгиланган муддатда, бироқ таътил бошланмасидан олдинги иш кунидан кечиктирмай тўлаш лозим (МКнинг 148-моддаси 2-қисми).

Ходимни иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатаётган бўлсангиз, унга тегишли барча суммаларни (уларнинг миқдори хусусида низо бўлмаса) қуйидаги муддатларда тўланг:

1) меҳнат шартномаси бекор қилинган кунга қадар ишлаётган ходимга, – шартнома бекор қилинган куни;

2) меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ишламаётган ходимга, – у ҳисоб-китоб қилишни талаб этган куни.

Ходим ўз ташаббуси билан ишдан бўшаётганда унга тегишли иш ҳақини (унинг миқдори хусусида низо бўлмаса) қуйидаги муддатларда тўланг:

1) қонун бўйича ёки шартномага мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлган ходимга, – огоҳлантиришига кўра у ишни ташлаб кетишга ҳақли бўлган кундан кечиктирмасдан;

2) шартномани бекор қилиши ҳақида иш берувчини огоҳлантириши шарт бўлмаган ходимга, – ишдан кетган кунининг эртасидан кечиктирмасдан.

Ишдан бўшаётганда ходимга тегишли ҳақнинг миқдори юзасидан низо чиққан тақдирда, шак-шубҳасиз тегадиган суммани юқорида кўрсатилган муддатларда тўланг.

 

Эътибор беринг!

Жамоа шартномасида иш берувчининг айби билан ходимга ҳақ тўлаш белгиланган муддатларга нисбатан кечикканлиги учун жавобгарлик назарда тутилиши мумкин (МКнинг 161-моддаси 4-қисми). Маъмурий жавобгарлик 2 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача ташкил этиши мумкин (МЖТКнинг 49-моддаси).

Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда тўлаш бўйича мажбуриятдан бўйин товлаган ташкилот раҳбариятига 10 ЭКИҲдан 15 ЭКИҲгача бўлган миқдорда жарима солиниши мумкин (МЖТКнинг 49-3-моддаси).

Прокуратура иш ҳақининг ўз вақтида тўланиши устидан назорат қилади ҳамда у бўйича муддати ўтказиб юборилган қарзлар ҳосил бўлган ҳолларда айбдор шахсларни жиноий жазолашгача жавобгарликка тортади (ВМнинг 19.03.2002 йилдаги 88-сон қарори 4-банди).

 

Тўлаш кунлари

Жамоа шартномаси ёки бошқа локал ҳужжатда аванс тўлаш ва иш ҳақи бўйича якуний ҳисоб-китоб қилиш саналарини белгиланг.

Аванс – ҳисоб-китоб қилинадиган ой тугагунига қадар ходимга тўланадиган иш ҳақининг бир қисми. Аванс фоизини аванс ва якуний ҳисоб-китоб суммалари тахминан тенг бўлишини таъминлайдиган қилиб белгиланг. Масалан, у вақтбай ҳақ тўлаганда – лавозим маошининг (тариф ставкасининг) ёки ишбай ҳақ тўлаганда ўтган ойдаги иш ҳақи суммасининг 40%ини ташкил этиши мумкин.

Тўланадиган якуний суммани ишланган вақт ёки ишлаб чиқарилган маҳсулот ҳисоби бўйича бошланғич ҳужжатлар асосида ой охирида ҳисобланг.

Иш ҳақи бўйича аванс тўланадиган кунни 15-санадан кейин этиб белгиланг, сабаби у ойнинг биринчи ярми учун тўланади.

Корхонада кам сонли ходимлар ишласа, аванс ва иш ҳақи тўлаш учун 1–3 кун белгиланиши мумкин. Ташкилот йирик бўлса, кассир ушбу қисқа муддатда барча ходимларга пул маблағларини тўлашга улгурмаслиги мумкин. Бу ҳолда банкдан тўланадиган нақд пулнинг ҳаммасини бирйўла эмас, балки 3–5 кун давомида қисмлаб олинг. Таркибий бўлинмалар бўйича пул тўлаш жадвалини тузинг. Олинган пул маблағларининг ҳар бир қисмини 3 кун, шу жумладан банкдан нақд пул олинадиган кун давомида кассадан тўланг ёки депонентга ўтказинг.

Бир маромда тўлаш мақсадида ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақини аванс берилган санадан кейин 15–16 кун ўтгач тўланг. Масалан, ҳар ойнинг 20-санасида аванс бериш назарда тутилган бўлса, ойнинг иккинчи ярми учун иш ҳақи кейинги ойнинг 5-санасида тўланишини белгиланг.

Белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш кунлари дам олиш ёки байрам кунларига тўғри келиб қолса, ходимларга аванс ва иш ҳақини шу кун арафасида тўланг.

 

ВАЗИЯТ.

Бир нечта ходим ойнинг биринчи ярмида ишламади: айримлари ойнинг 15-санасидан кейин ишга қабул қилинди, бошқалари таътилда бўлди ёки касал бўлиб ишга чиқмади.

Уларга аванс тўлаш зарурми? Аванс бериладиган кунлар ўтиб кетган бўлса, уни тўламаслик мумкинми?

Қонун ҳужжатларида қайси ходимларга ойига камида 2 марта иш ҳақи тўлаш тўғрисидаги талаб татбиқ этилиши юзасидан кўрсатма берилмаган (МКнинг 161-моддаси). Ходимлар ойнинг биринчи ярмида ишламаганликлари боис ушбу давр учун уларга иш ҳақи ҳам тўланмайди. Бироқ жорий ойнинг охиригача ушбу ходимларга иш ҳақи бўйича аванс суммасини тўлашингиз мумкин, бу қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган. Бунда аванс суммасини шундай ҳисоблангки, ой учун якуний ҳисоб-китоб бўйича тўланадиган сумма салбий бўлиб чиқмасин.

 

МИСОЛ. 2019 йил 16 апрелда ходим 3 000 000 сўм ойлик маош билан ишга қабул қилинди. Бир ойда 22 кундан 11 иш куни ишлайди. Ой охирида унга 1 500 000 сўм (3 000 000 / 22 х 11) иш ҳақи ҳисобланади. ЖШДС – 180 000 сўм (1 500 000 х 12%). Тўланадиган сумма – 1 320 000 сўм (1 500 000 – 180 000).

Корхонада аванс миқдори лавозим маошининг 40%и этиб белгиланган бўлса, ходимга унинг илтимосига кўра қанча миқдорда аванс тўлаш мумкин? Бу ҳолда маош миқдорини амалда ишланган вақтга қараб ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиқиб белгилаш зарур. Аванс суммаси 600 000 сўмни (1 500 000 х 40%) ташкил этади. Илгари берилган авансни ҳисобга олган ҳолда бу ой учун тўланадиган якуний сумма 720 000 сўмга (1 500 000 – 180 000 – 600 000) тенг бўлади.  

Ходимга тўлиқ ойлик маошнинг 40%и миқдорида аванс берилган бўлса, нима бўлади?

Аванс суммаси 1 200 000 сўмни (3 000 000 х 40%) ташкил этади. Апрель учун тўланадиган якуний сумма – 120 000 сўм (1 500 000 – 180 000 – 1 200 000). Бу ҳолда аванс ва якуний ҳисоб-китоб суммалари жуда фарқланади. Бундан ташқари, тўланадиган якуний сумма «минус билан» чиқиши ҳоллари учраши мумкин, яъни ходимга ортиқча иш ҳақи тўланади, фарқни кейинги ойдаги иш ҳақидан ушлаб қолишга тўғри келади.

 

Тўлаш шакллари ва тартиби

Пул билан тўлаш

Меҳнат ҳақини пул билан тўланг. Иш ҳақини натура ҳолида тўлаш, агар бунга алоҳида рухсат берилмаган бўлса, мансабдор шахсларга 10 ЭКИҲдан 15 ЭКИҲгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 175-4-моддаси).

Иш ҳақини нақд пулда корхона кассасидан тўланг ёки уни ходимларнинг пластик карталарига ўтказинг.

Ходимларга нақд пулдаги иш ҳақини улар ишлаётган жойда тўланг (МКнинг 163-моддаси). Бу таркибий бўлинмалар – турли жойларда жойлашган филиаллар ва ваколатхоналарга эга корхоналарга тегишли. Бу ҳолда таркибий бўлинмалар жойлашган жойларда кассаларни ташкил этинг.

 

Натура ҳолида тўлаш

Фақат қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иш ҳақини натура ҳолида тўлашга ҳақли. Бунинг учун ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва қайта ишланган маҳсулотлардан фойдаланишлари мумкин. Башарти ягона солиқ тўловини тўлаш бўйича қарздорлик мавжуд бўлмаса, ходимларнинг ёзма аризасига кўра иш ҳақини натура ҳолида тўлаш мумкин (ВМнинг 88-сон қарори 1-банди). Маҳсулотлар шартномавий нархларда берилади.

Натурадаги тўлов сифатида бериладиган маҳсулотлар қиймати меҳнатга ҳақ тўлаш фондига киритилади ҳамда унга жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ЯИТ солинади. Ходимнинг ёзма аризасига кўра маҳсулот берилганда барча мажбурий реквизитларни кўрсатган ҳолда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг (Солиқ кодексининг 222-моддаси).

 

ЖШДС ва ЯИТ тўлаш муддатлари

Пул маблағларини олиш ёки уларни пластик карталарга ўтказиш учун банкка ҳужжатларни тақдим этиш билан бир вақтда бюджетга ЖШДС тўланг. Ойнинг биринчи ярми учун аванс олиш учун ҳужжатлар тақдим этилганда ЖШДС тўланмайди (Солиқ кодексининг 188-моддаси).

ЖШДС бўйича ҳисоб-китобни тақдим этиш муддатигача иш ҳақи тўланмаган бўлса ҳам, ушбу солиқни белгиланган муддатдан, яъни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тўлашингиз шарт (Солиқ кодексининг 187-моддаси).

Натурадаги тўловларда, агар бундай тўловга қонун ҳужжатларида рухсат берилган бўлса (масалан, қимматбаҳо совғалар бериш), улар тўланган ой тугаганидан кейин 5 кун ичида ЖШДС тўланг.

Агар банк счётида иш ҳақини тўлаш ва бир вақтнинг ўзида ушлаб қолинган ЖШДСни бюджетга ўтказиш учун маблағлар етарли бўлмаса, солиқ банк счётидаги қолдиқ маблағларга мутаносиб суммада тўланади (Солиқ кодексининг 188-моддаси 2-қисми).

 

МИСОЛ. Ҳисоб-китоб қилинадиган ой учун тўланадиган иш ҳақи суммаси 22 000 000 сўмни ташкил этади. Ҳисоб-китоб счётида – 15 000 000 сўм. Чек бўйича қанча суммадаги нақд пулдаги иш ҳақини олиш мумкин?

Олинган суммага мутаносиб ЖШДС ва ЯИТни бир вақтнинг ўзида тўлай олиш имконини берадиган суммада иш ҳақи тўлаш учун пул олишингиз мумкин.

12% ЯИТни ҳисобга олган ҳолда ҳисоб-китоб счётидаги қолдиққа мутаносиб ҳисобланган иш ҳақи 13 392 857,14 сўмни (15 000 000 / 1,12) ташкил этади.

Ушбу суммадан ЯИТ 1 607 142,86 сўмни (13 392 857,14 х 12%) ташкил этади.

12% ЖШДСни чегирган ҳолда иш ҳақи тўлашга нақд пулда олинадиган сумма 11 785 714,28 сўмга (13 392 857,14 – 13 392 857,14 х 12%) тенг бўлади.

 

ЯИТ ҳар ойда ҳисоб-китобларни тақдим этиш муддатидан, яъни ҳисобот давридан кейинги ойнинг 25-кунидан кечиктирмай тўланади (Солиқ кодексининг 310-моддаси).

 

Нақд пулда тўлаш

Иш ҳақини нақд пул маблағлари билан тўлаганда Юридик шахслар томонидан касса операцияларини амалга ошириш қоидаларига (АВ томонидан 22.06.2015 йилда ­2687-сон билан рўйхатдан ўтказилган) амал қилинг.

Нақд пулни тўлов, ҳисоб-китоб-тўлов қайдномалари ёки чиқим касса ордерлари бўйича 3 кун, шу жумладан банкдан пул олинадиган кун давомида корхона кассасидан тўланг.

Тўланаётган суммалар ҳақидаги ахборотни сир сақламоқчи бўлсангиз, шунингдек алоҳида шахсларга бир марталик тўловлар тўланган ҳолда пулни чиқим касса ордерлари бўйича тўлаш мумкин.

Иш ҳақи бевосита ходимнинг ўзига тўланади. Ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлганда ёки узоқ вақт хизмат сафарида бўлганда иш ҳақини бошқа шахсга тўлашингиз мумкин. Шарти – унда ходим томонидан берилган ишончнома бўлиши керак. Бундай ишончнома ваколат берувчи ишлайдиган ташкилот томонидан тасдиқланиши мумкин (ФКнинг 137-моддаси).

Пул чиқим касса ордери бўйича ишончнома асосида берилаётган бўлса, ишончномада кўрсатилган шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми ёзилади. Пул тўлов қайдномаси бўйича берилаётган бўлса, унга «Ишончнома асосида» деб ёзиб қўйилади. Ишончнома кассирда қолади ва чиқим касса ордери ёки тўлов қайдномасига илова қилинади (Қоидаларнинг 17-банди).

 

Пластик карталарга ўтказиш

Иш ҳақини ходимларнинг пластик карталарига ўтказиш мумкин. Ходимнинг пластик картасига ўтказиладиган иш ҳақи фоизини ходим ариза бериб, мустақил равишда белгилаши керак. Амалиётда ушбу фоизни хизмат кўрсатувчи банклар «иш ҳақи лойиҳалари» доирасида белгилайдилар.

Бироқ бу корхона ходимнинг розилигисиз пластик карталарга ўтказиладиган иш ҳақи фоизини мажбурий равишда белгилаши мумкинлигини англатмайди. 

2017 йилнинг февраль ойидан бошлаб қуйидагилар тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилади (2.02.2017 йилдаги ПҚ-2753-сон қарорнинг ­2-банди):

● тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи, ижтимоий тўловлар;

● барча турдаги пенсиялар.

Аванс ёки иш ҳақини ходимларнинг пластик карталарига ўтказиш чоғида қуйидагиларни тайёрланг:

● ходимларнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, уларнинг шахсий счётлари, СТИР, шунингдек ўтказиладиган суммалар кўрсатилган реестр. Реестрни раҳбар ва бош бухгалтер имзолайди, шунингдек у корхона муҳри (мавжуд бўлса) билан тасдиқланган бўлиши керак. Реестрни хизмат кўрсатувчи банкка шахсан ёки «Банк-мижоз» тизими орқали электрон шаклда топширинг;

● банкдаги махсус счётга пул маблағларини ўтказиш учун тўлов топшириқномаси.

Пластик карталарга пул маблағларини ўтказганлик учун банкнинг воситачилик ҳақи корхонанинг давр харажати (9430-«Бошқа операцион харажатлар» счёти) ҳисобланади. Ушбу харажат фойда солиғини ҳисоблашда чегирилади, сабаби чегирилмайдиган харажатларнинг «ёпиқ» рўйхатига кирмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси).

 

Берилмаган иш ҳақини депонентга ўтказиш

Белгиланган муддатда берилмаган суммаларни ҳисобда ходимга берилмаган суммалар сифатида акс эттириб, банкка корхонанинг ҳисоб-китоб счётини топширинг, яъни уларни депонентга ўтказинг.

Ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун пул маблағлари 3 иш куни, шу жумладан улар банкдан олинган кун давомида берилмаган бўлса, кассир қуйидагиларни амалга ошириши шарт:

● тўлов топшириқномасидаги «Имзо» устунида иш ҳақини олмаган ҳар бир шахснинг фамилияси рўпарасига «Депонентга ўтказилган» деб ёзиб қўйиши (штамп босиши);

● депонентга ўтказилган суммалар реестрини тузиши;

● тўлов қайдномаси охирида амалда тўланган ва депонентга ўтказилган суммани ёзиб қўйиши, уларни тўлов қайдномаси бўйича умумий якун билан солиштириши ва ўз имзоси билан тасдиқлаши;

● амалда тўланган суммани касса дафтарига ёзиши ва тўлов қайдномасига берилган сумма учун тузилган чиқим касса ордерининг рақами ва тўртбурчак штампни босиши лозим (Қоидаларнинг 19-банди).

Депонентга ўтказилган суммага нақд пулдаги бадал учун эълон тузилади, олинмаган пул маблағлари банк счётига топширилади. Банкка топширилган суммаларга битта умумий чиқим касса ордерини расмийлаштиринг.

Депонентланган иш ҳақининг аналитик ҳисоби кассир томонидан тузиладиган реестр асосида ҳар бир ходим бўйича алоҳида Депонентга ўтказилган иш ҳақини ҳисобга олиш дафтарида юритилади. Депонентлар дафтари бир йил учун очилади. Жорий йилда депонентга ўтказилган, бироқ тўланмаган суммалар кейинги йилга ўтказилади.

Ходим депонентга ўтказилган суммани даъво муддати – 3 йил давомида талаб қилиб олиши мумкин. Ушбу давр мобайнида у бухгалтерия ҳисобида ҳисобга олиниши керак. Кўрсатилган муддат ўтгач талаб қилиб олинмаган сумма бошқа даромадлар сифатида корхона даромадларига қўшилади (9360-«Кредитор ва депонент қарзларни ҳисобдан чиқаришдан даромадлар» счёти).

 

Ҳисоб-китоб варақасини бериш

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар кўпинча нафақат лавозим маоши, балки турли мукофотлар, компенсациялар, устамалар, қўшимча тўловлар ва бошқа тўловларни ҳам ўз ичига олади. Ҳисобланган иш ҳақидан солиқлар, алиментлар ва бошқа турдаги ушланмалар ушлаб қолинади.

Ҳар бир ходимни қуйидагилар ҳақида ёзма равишда хабардор қилиш лозим:

● тегишли даврда унга тўланадиган иш ҳақининг таркибий қисмлари;

● ушлаб қолинган пул миқдорлари ва унинг асослари;

● тўланадиган умумий пул суммаси (ВМнинг 88-сон қарори ­3-банди).

Кўпинча ҳисоб-китоб варақаси деб номланадиган бундай хабарнома шакли тасдиқланмаган. Шу сабабли уни мустақил равишда ишлаб чиқинг. Корхонанинг локал ҳужжатида, масалан, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомда унинг шаклини кўрсатинг.

Ҳар ой иш ҳақини ҳисоб-китоб қилиб бўлгач, барча ходимларга уларнинг ҳисоб-китоб варақаларини беринг. Уларни ҳар бир ходимга шахсан бериш, корпоратив почта орқали жўнатиш ёки ходим билан келишган ҳолда бошқа қулай усулда тақдим этиш мумкин. Бунда ахборотни сир сақланг.

Ҳисоб-китоб варақаси мазмунини мисол ёрдамида кўриб чиқамиз.

 

МИСОЛ. Ходимга асосий иш жойи бўйича 2019 йил март ойи учун 2 180 000 сўм ҳисобланди, шундан:

маош – 1 500 000 сўм;

Наврўз байрамига мукофот – 500 000 сўм;

озиқ-овқат учун компенсация – 180 000 сўм.

Ходимга тўланиши лозим бўлган сумманинг 40%и пластик картага ўтказилади.

18 мартда ходим 600 000 сўм миқдорида аванс олди, шундан 360 000 сўм нақд пулда берилди, 240 000 сўм эса пластик картага ўтказилди.

Ходимнинг аризасига кўра корхона унинг учун 100 000 сўм миқдорида электр энергияси ҳақини тўлади.

2019 йил январь–март учун жами даромад (тўлиқ миқдорда солиқ солинади) 5 590 000 сўмни ташкил этган. Январь–февраль учун 409 200 сўм ЖШДС ушлаб қолинган, шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар – 3 410 сўм.

Январь–март учун ЖШДС 670 800 сўмни (5 590 000 х 12%) ташкил этади. Март учун солиқ суммаси – 261 600 сўм (670 800 – 409 200), шу жумладан ШЖБПҲга бадаллар – 2 180 сўм.

Март учун 1 818 400 сўм (2 180 000 – 261 600 – 100 000) тўланиши керак, шундан нақд пулда – 1 091 040 сўм, 727 360 сўм эса пластик карточкага ўтказилади.

Апрель бошида берилган авансни ҳисобга олган ҳолда ходим 1 218 400 сўм (1 818 400 – 600 000) олиши керак, шундан:

кассадан нақд пулда – 731 040 сўм (1 091 040 – 360 000);

пластик карточкага – 487 360 сўм (727 360 – 240 000).

Юқорида санаб ўтилган ҳисоб-китоблар ходимга бериладиган ҳисоб-китоб варақасида акс эттирилади:

2019 йил март учун ҳисоб-китоб варақаси (хабарнома)

 

 

Ташкилотнинг номи

 

«Баҳор» МЧЖ

 

Ташкилотнинг бўлинмаси

 

юридик бўлим

 

Ходим

 

Ҳайдаров С. К.

 

Лавозими

 

юрисконсульт

 

Табель рақами

 

152

 

СТИР

 

123456789

 

 

 

Йил бошидан жами даромад

 

5 590 000 сўм

 

Йил бошидан солиқ солинадиган даромад

 

5 590 000 сўм

 

Йил бошидан ЖШДС

 

670 800 сўм

 

шу жумладан йил бошидан ШЖБПҲ

 

5 590,00 сўм

 

 

 

Ҳисоб-китоб қилинадиган ойда ишланган кунлар (соатлар)

 

18 (142)

 

 

 

Ҳисобланма (ушланма) тури

 

Ҳисобланди (сўмда)

 

Ушланди/тўланди (сўмда)

 

Ҳисобланмалар:

 

Сумма:

 

 

Маош

 

1 500 000,00

 

 

Наврўз байрамига мукофот

 

500 000,00

 

 

Озиқ-овқат учун компенсация

 

180 000,00

 

 

Жами ҳисобланди

 

2 180 000,00

 

 

 

 

 

Ушланмалар:

 

 

Сумма:

 

Асос:

 

Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи

 

 

261 600,00

 

12% (Солиқ кодексининг 181-моддаси)

 

шу жумладан ШЖБПҲ

 

 

2 180,00

 

0,01% (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорнинг 5-банди)

 

Коммунал хизматлар учун ҳақ

 

 

100 000,00

 

Ходимнинг аризаси

 

Жами ушланди

 

 

361 600,00

 

 

 

 

 

 

Тўловлар:

 

 

Сумма:

 

Кассадан нақд пулдаги аванс

 

 

360 000,00

 

60%

 

Пластик картага аванс

 

 

240 000,00

 

40%

 

 

 

 

Жами ҳисобланмалар ва ушланмалар/тўловлар

 

2 180 000,00

 

961 600,00

 

 

 

 

Жами тўлашга

 

1 218 400,00

 

 

шу жумладан:

 

 

 

кассадан нақд пулда

 

731 040,00

 

 

пластик картага

 

487 360,00

 

 

 

 

Наталья КЛЕВЦОВА,

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг Меҳнат стандартлари ва меҳнатга ҳақ тўлаш бошқармаси бош мутахассиси.

 

Прочитано: 9781 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика