Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 21 / Божхона

Ўзбекистон-Хитой: божхона соҳасида ҳамкорлик

 

Мамлакатимизга ташриф буюрган Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти бошлиғи ўринбосари Ли Го бошчилигидаги делегация 2019 йил 13 май куни Давлат божхона қўмитасида бўлди.

 

Учрашувда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий, маданий-гуманитар ва бошқа кўплаб соҳаларда алоқалар янада фаоллашмоқда. Ҳар икки мамлакат ўртасида ташқи савдо айланмаси 2018 йилда 1,9 млрд АҚШ долларини, 2019 йилнинг ўтган 4 ойи давомида салкам 837 млн АҚШ долларини ташкил этди.

«Бир макон, бир йўл» ташаббуси доирасидаги ҳамкорлик ўзаро савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, янги транспорт ва логистика йўлаклари яратилишини рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида Ўзбекистон томони «Яшил иқтисодиёт»ни ривожлантириш ташаббусини илгари сурмоқда. Бу серқуёш заминимизда етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг Хитой бозорларига ҳам эмин-эркин кириб боришига йўл очади.

Мавжуд салоҳиятдан унумли фойдаланиш ва имкониятлар кўламини кенгайтириш, энг аввало, Ўзбекистон ва Хитой божхона хизматлари ўртасида самарали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришни тақозо этади. Мамлакатларимиз божхона хизматлари ўртасида шу вақтга қадар Божхона соҳасида ўзаро кўмак тўғрисидаги битим, Божхона статистикаси соҳасида ахборот ҳамкорлиги тўғрисидаги англашув меморандуми, Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси билан Хитой Халқ Республикаси Бош божхона маъмурияти ўртасида Маълумотлар алмашинувини йўлга қўйиш тўғрисидаги баённома имзоланган. Ушбу ҳужжатларда акс этган ҳамкорлик шартларининг тўлақонли бажарилиши учрашув кун тартибидаги долзарб масала бўлди.

Зотан, бу ташқи иқтисодий фаолият билан боғлиқ божхона соҳасидаги қонунбузилишларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш, ташқи савдо статистикасидаги номутаносибликларни тезкорлик билан бартараф этишда муҳим роль ўйнайди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикасининг чегара божхона постларини замонавий техник-назорат воситалари, шу жумладан, катта ҳажмли юк автотранспорт воситаларини сканерловчи инспекцион-кўрик мажмуалари билан жиҳозлашда Хитойнинг иштирокига юқори баҳо берилди. Ҳозирда республикамиз божхона постларида фаолият юритаётган 17 та инспекцион-кўрик мажмуаларининг 8 таси ушбу давлат ҳукуматининг турли грантлари асосида келтирилган.

Учрашувда Ўзбекистон миллий автоюк ташувчиларининг Хитойга кириб-чиқишларида қулайликлар туғдириш, ушбу давлат ҳудудида юк ташишда юзага келаётган муаммоларни Халқаро юк ташиш тўғрисидаги Божхона конвенцияси талаблари асосида бартараф этиш масалалари ҳам қизғин муҳокама қилинди.

Шунингдек, божхона органлари учун кадрлар тайёрлаш ва ходимларнинг малакасини оширишда икки томонлама ҳамкорлик истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашувдан сўнг меҳмонлар Давлат божхона қўмитасининг божхона тарихи музейида бўлишди. Жаноб Ли Го «Фахрий меҳмонлар» китобида ўз дастхатини қолдирди.

Хитой божхонаси делегацияси пойтахтимиздаги «Чуқурсой» ТИФ божхона постида бўлиб, бу ерда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун яратилган қулайликлар, божхона экспертизасини амалга ошириш жараёни билан яқиндан танишди.

Шу ернинг ўзида меҳмонларга 2019 йилнинг 1 мартидан бошлаб тўлақонли равишда амалиётга татбиқ қилинган юкларни божхона расмийлаштирувидан ўтказишда «яшил», «сариқ», «кўк» ва «қизил» йўлакларга йўналтирувчи автоматлаштирилган Хавфни бошқариш тизими ҳақида батафсил ахборот берилди.

Меҳмонлар пост ҳудудидаги божхона омборларида бўлиб, товарларни омборга жойлаштириш, божхона режимларига йўналтириш жараёнларини кузатишди.

Шу ернинг ўзида ЖБТнинг минтақий мақомига эга бўлган Миллий кинология маркази кинологлари ва хизмат итларининг кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Ташриф доирасида меҳмонлар «Сирдарё» ЭИЗ ҳудудида жойлашган «Пенг-Шенг» қўшма корхонасида бўлишди. Хитойнинг Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаларидан бири бўлган ушбу корхонага 2009 йилда асос солинган бўлиб, унинг муассислигида Сирдарё туманида бир нечта ихтисослаштирилган қўшма корхоналар ташкил этилган. Уларда 1 500 дан ортиқ иш ўринлари яратилган.

Меҳмонлар лойиҳа таркибидаги керамика кафелларини ишлаб чиқариш корхонаси ва иссиқхоналар фаолияти билан яқиндан танишишди. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар нафақат Ўзбекистон ички бозорларига, балки экспортга ҳам йўналтирилмоқда.

Ташриф доирасида меҳмонлар пойтахтимизнинг диққатга сазовор жойларини бориб кўришди.

 

Саҳифани тайёрлашда ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори
Ҳусан ТАНГРИЕВ
материалларидан фойдаланилди.

 

Прочитано: 578 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика