Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 41 / Бухгалтерга тавсиялар

Юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи мисоллар ва ҳисоб-китобларда

 

Ушбу тавсияда «Norma» МЧЖ экспертлари асосий воситалар ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар объектлари бўйича амортизация ажратмаларини қачон ва қандай ҳисоблаш ҳамда бухгалтерия ҳисобида акс эттиришни тушунтирадилар.

 

АМОРТИЗАЦИЯ ҚАНДАЙ ҲИСОБЛАНАДИ

 

Амортизацияни, яъни узоқ муддатли активлар қийматини аста-секин харажатларга ўтказиш фойда солиғи базасини қисқартириш имконини беради.

Асосий воситалар (АВ) ва ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар (НМА) амортизацияси бўйича харажатлар – ишлаб чиқариш таннархининг таркибий қисмларидан бири. У Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботнинг 020-сатрида акс эттирилади (5.02.1999 йилдаги 54-сон ВМҚ билан тасдиқланган Маҳсулот (ишлар, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатлари таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомнинг 1.4-банди).

Қуйидагиларни амортизация харажатлари таркибига киритинг:

Т/р

 

Харажатлар номи

 

1

 

Ишлаб чиқаришдаги асосий воситалар объектлари бўйича амортизация ажратмалари суммалари, шу жумладан молиявий ижара (лизинг) бўйича олинган

 

2

 

Ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари суммалари

 

 

 

Қандай қоидалар белгиланган

Амортизация ҳисоблаш қоидалари 5-сон БҲМС «Асосий воситалар» (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ва 7-сон БҲМС «Номоддий активлар»да (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган. Молиявий ижара (лизинг) бўйича олинган активларга ҳам ушбу қоидалар татбиқ этилади.

Актив фойдаланишга топширилган ойдан кейинги ойдан бошлаб амортизация ҳисобланг. Амортизация қилинадиган қиймат тўлиқ сўндирилгунига қадар ёки балансдан ҳисобдан чиқарилгунига қадар шундай қилинг.

 

 

МИСОЛ. Амортизация ҳисоблаш даврини аниқлаш

Узоқ муддатли актив 2019 йил 25 июнда фойдаланишга топширилган. Унинг фойдали ишлатиш муддати – 5 йил. Амортизация ҳисоблаш 2019 йил июлдан бошланади ва 2024 йил июнда якунланади. 2024 йил июлдан ушбу объект бўйича амортизация ҳисобланмайди.

 

Активнинг фойдали ишлатиш муддатини аниқлаётганда қуйидагиларни инобатга олинг:

техник паспортидаги маълумотларга кўра техник хусусиятлари (асосий воситалар учун), унумдорлиги ва ресурсини;

ишлаб чиқаришни ўзгартириш ва яхшилаш натижасида ёки мазкур актив ишлаб чиқараётган маҳсулотларга (ишларга, хизматларга) бозор талабларининг ўзгариши натижасида маънан эскиришини;

фойдаланишга доир юридик чекловларни. Масалан, патент, гувоҳноманинг (номоддий активлар учун) амал қилиш муддати.

Асосий воситаларни фойдали ишлатиш муддатини аниқлаш мушкул бўлса, солиқ солиш мақсадида Солиқ кодексининг ­144-моддасида келтирилган амортизация нормаларини асос қилиб олишингиз мумкин. Масалан, сотиб олинган компьютер учун 20%лик амортизация нормасини белгиланг (Солиқ кодексининг 144-моддасида жадвалнинг VI гуруҳи, 1-кичик гуруҳи).

 

Асосий воситаларнинг амортизация нормалари Солиқ кодексида келтирилганларидан фарқланиши мумкин.

Ишлаб чиқаришдаги асосий воситалар бўйича ҳисобланган амортизациянинг бутун суммаси маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархига киритилади.

 

Фойдали хизмат муддатини аниқлаш мумкин бўлмаган номоддий активлар бўйича амортизация ажратмалари нормаларини 5 йил ҳисобида белгиланг, бироқ у корхонанинг фаолият кўрсатиш муддатидан ошмаслиги лозим (7-сон БҲМСнинг 45-банди 4 ва 5-қисмлари).

 

Ҳисобланган амортизацияни бухгалтерия ҳисобида қуйидаги счётларда акс эттиринг:

0200 – асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар;

0500 – номоддий активлар амортизациясини ҳисобга олувчи счётлар.

 

МИСОЛ. Ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган активлар бўйича амортизация ҳисоблаш

Босмахонада китоб ишлаб чиқариш учун босма машина ва босиш жараёнини назорат қилувчи дастурий таъминотдан фойдаланилади. Бундан ташқари, босмахона лизинг бўйича олинган қоғоз кесиш машинасидан фойдаланади.

Бир ойлик амортизация суммаси:

босма машина бўйича – 3 000 минг сўм;

дастурий таъминот бўйича – 500 минг сўм;

қоғоз кесиш машинаси бўйича – 1 000 минг сўм.

Бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Сумма,

минг сўмда

Счётлар корреспонденцияси

 

дебет

 

кредит

 

Босма машина бўйича амортизация ҳисобланди

 

3 000

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

0230-«Машина ва асбоб-ускуналарнинг эскириши»

 

Дастурий таъминот бўйича амортизация ҳисобланди

 

500

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

0530-«Дастурий таъминотнинг амортизацияси»

 

Қоғоз кесиш машинаси бўйича амортизация ҳисобланди

 

1 000

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

0299-«Молиявий ижара шартномаси бўйича олинган асосий воситаларнинг эскириши»

 

 

 

Барча активлардан ишлаб чиқариш жараёнида фойдаланилиши сабабли амортизация 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётининг дебети бўйича акс эттирилади ва китобларнинг ишлаб чиқариш таннархига киритилади.

 

Қуйидагилар бўйича амортизация ҳисобламанг (5-сон БҲМСнинг 35-банди):

ер участкалари ва табиатдан фойдаланишга доир бошқа объектлар (сув, ер ости бойликлари ва бошқа табиий ресурслар);

маҳсулдор чорва моллари;

ахборот-кутубхона фонди;

консервациялашга ўтказилган асосий воситалар;

музей ашёлари;

моддий маданий мерос объектлари;

тўлиқ амортизацияланган активлар.

 

Фақат ишлаб чиқариш аҳамиятига эга бўлган асосий воситалар амортизациясини маҳсулотлар (ишлар, хизматлар)нинг ишлаб чиқариш таннархига киритинг.

Маҳсулотларни (ишларни, хизматларни) реализация қилиш қиймати кўрсаткичи уларнинг таннархига яқин бўлса, бу айниқса муҳим. Акс ҳолда бу фойда солиғининг ошишига олиб келиши мумкин.

 

МИСОЛ. Таннархнинг реализация қилишдан натижага таъсири

Маҳсулотларни реализация қилишдан олинган даромад – 12 000 минг сўм.

I вариант:

ишлаб чиқариш таннархи – 10 000 минг сўм;

маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситалар амортизацияси давр харажатларига киритилган – 5 000 минг сўм.

II вариант:

маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситалар амортизацияси 5 000 минг сўм ишлаб чиқариш таннархига киритилган: 10 000 + 5 000 = 15 000 минг сўм;

чегирилмайдиган харажатлар – 2 000 минг сўм.

Кўрсаткич

 

Тўғри

 

Нотўғри

 

Реализация қилишдан олинган даромад

 

12 000

 

12 000

 

Таннарх

 

10 000

 

15 000

 

Реализация қилишдан натижа

 

2 000

 

-3 000

 

Давр харажатлари

 

5 000

 

 

Фойда солиғи тўлангунгача бўлган натижа

 

-3 000

 

-3 000

 

Таннархдан паст баҳода реализация қилишдан кўрилган зарар

 

 

3 000

 

Чегирилмайдиган харажатлар

 

2 000

 

2 000

 

Солиқ солинадиган фойда (зарар)

 

-1 000

 

2 000

 

 

 

Иккала вариантда ҳам фойда солиғи тўлангунгача натижа бир хил – 3 000 минг сўм бўлиб чиқди. Бироқ:

I вариантда реализация қилишдан натижа ижобий: 2 000 минг сўм. Чегирилмайдиган харажатлар инобатга олинган ҳолда солиқ солинадиган база салбий: -1 000 минг сўм, шу сабабли фойда солиғи нолга тенг;

II вариантда реализация қилишдан натижа салбий: -3 000 минг сўм. Таннархдан паст баҳода реализация қилинганда реализация қилишдан кўрилган зарар солиқ солинадиган базага киритилади. Реализация қилишдан кўрилган зарар ва чегирилмайдиган харажатлар инобатга олинган ҳолда солиқ солинадиган база 2 000 минг сўмни ташкил этди. Фойда солиғи 240 минг сўмга (2 000 х 12%) тенг.

 

Кўриб турганимиздек, II вариантда маъмурий аҳамиятга эга бўлган асосий воситалар амортизациясини ишлаб чиқариш таннархи таркибига нотўғри киритиш натижасида фойда солиғи юзага келади.

 

Қандай усуллардан фойдаланилади

Амортизация ҳисоблаётганда қуйидаги усулларни қўллашингиз мумкин:

амортизацияни тенг маромли (тўғри чизиқли) ҳисоблаш;

бажарилган ишлар ҳажмига мутаносиб равишда (ишлаб чиқариш);

икки карра амортизация нормаси билан қолдиқни камайтириш;

йиллар суммаси (кумулятив).

Қўлланиладиган амортизация ҳисоблаш усулини корхонанинг ҳисоб сиёсатида албатта акс эттиринг, сабаби турли усуллардан фойдаланиш турли молиявий натижаларга олиб келади.

Узоқ муддатли активларнинг ҳар хил турларига ёки гуруҳларига нисбатан амортизация ҳисоблашнинг турли усулларини қўллашингиз мумкин. Бунда бир турдаги активлар бўйича фақат битта усулни қўлланг (5-сон БҲМСнинг 42-банди, 7-сон БҲМСнинг 51-банди).

Ушбу усулларнинг барчасини батафсил кўриб чиқамиз.

 

Тенг маромли ҳисоблаш усули

Ишлаб чиқариш жараёни барқарор, кафолатланган даромад олишга ишончингиз комил бўлса, ушбу усулни қўлланг.

Активларнинг амортизация қилинадиган қийматидан келиб чиқиб, улардан фойдаланиладиган бутун муддат давомида ҳар ой тенг улушларда амортизация ҳисобланг.

Амортизация қилинадиган қийматни активнинг баланс ва тугатиш қийматлари ўртасидаги фарқ сифатида аниқланг.

Активнинг тугатиш қиймати чиқиб кетиш бўйича кутилаётган харажатларни чегирган ҳолда кутилаётган фойдали хизмат муддати охирида уни тугатиш чоғида олинадиган маблағларнинг тахмин қилинаётган суммаси (5-сон БҲМСнинг 3-банди «з» кичик банди, 7-сон БҲМСнинг 4-банди «в» кичик банди).

Асосий воситалар учун – активни фойдали ишлатиш муддати тугаганда уни тугатиш натижасида кирим қилиниши мумкин бўлган эҳтиёт қисмлар, деталлар ва бошқа материалларнинг эҳтимолий қиймати. Чиқиб кетиш билан боғлиқ харажатлар – демонтаж қилиш ва тугатиш харажатлари.

Тугатиш қиймати катта бўлмаса, уни ҳисобга олманг, амортизацияни эса тўлиқ эскиргунига қадар баланс қийматидан ҳисобланг.

Номоддий активнинг тугатиш қийматини ҳам, агар фойдали ишлатиш муддати тугаганда уни сотиш эҳтимоли оз бўлса, нолга тенглаштиринг.

Активнинг тугатиш қиймати шартда қайд этилмаган бўлса, кейинги мисолларда уни нолга тенг деб оламиз.

 

МИСОЛ. Амортизацияни тенг маромли ҳисоблаш

Узоқ муддатли активнинг қиймати – 60 000 минг сўм, уни фойдали ишлатиш муддати – 5 йил. Ҳисоб сиёсатида активларнинг ушбу гуруҳи бўйича амортизация тенг маромли ҳисоблаш усулида ҳисобланиши белгиланган.

Бинобарин, ҳар ой мазкур актив бўйича 1 000 минг сўм (60 000 минг сўм / 5 / 12) миқдорида амортизация ҳисобланади.

Йиллик амортизация нормаси – 20% (100% / 5 йил).

Ҳар ой 20%нинг 1/12 қисми ҳисобланади.

 

Ишлаб чиқариш усули

Бу усулни қуйидаги ҳолларда қўлланг:

ишлаб чиқариш жараёни барқарор бўлмаса;

у мавсумий тусга эга бўлса;

узоқ муддатли активлардан мунтазам фойдаланилмаса;

реализация қилишдан барқарор даромад олинмаса.

Ишлаб чиқаришдаги актив амортизациясини маҳсулот ишлаб чиқаришидан келиб чиқиб ушбу усул бўйича ҳисобланг. У қанча кўп ишласа, амортизация суммаси шунча кўп бўлади. Актив туриб қолганда амортизация ҳисобланмайди.

Ишлаб чиқаришдаги ҳар бир актив учун бутун фойдали ишлатиш муддатида ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг эҳтимолий ҳажмини баҳоланг. Ушбу ҳажм қуйидаги миқдорларда ифодаланиши мумкин:

ишлаб чиқариладиган маҳсулот бирликлари;

ишланган соатлар;

босиб ўтилган тонна-километр ва ҳ.к.

Ҳисобот давридаги амортизация суммасини қуйидаги формула бўйича аниқланг:

Аҳд = АҚ / И х Иҳд, бунда:

Аҳд – ҳисобот давридаги амортизация;

АҚ – амортизация қилинадиган (баланс) қиймат;

И – бутун фойдали ишлатиш муддатида ишлаб чиқарилган маҳсулот;

Иҳд – ҳисобот даврида ишлаб чиқарилган маҳсулот.

 

МИСОЛ. Амортизацияни ишлаб чиқариш усули билан ҳисоблаш

Узоқ муддатли активнинг қиймати – 60 000 минг сўм. Фойдали ишлатиш муддати – 5 йил. Ушбу даврда актив 30 000 мингта маҳсулот бирлигини ишлаб чиқариши тахмин қилинган.

Ишлаб чиқарилган:

январда – 600 мингта маҳсулот бирлиги;

февралда – 400 мингта маҳсулот бирлиги;

март ойида мазкур актив таъмирланганлиги сабабли маҳсулот ишлаб чиқарилмаган.

Амортизацияни аниқлаймиз:

январда – 1 200 минг сўм (60 000 минг сўм / 30 000 мингта бирлик х 600 мингта бирлик);

февралда – 800 минг сўм (60 000 минг сўм / 30 000 мингта бирлик х 400 мингта бирлик).

Март ойида амортизация ҳисобланмайди, сабаби маҳсулот ишлаб чиқарилмаган.

 

Қолдиқни камайтириш усули

Бу жадаллаштирилган амортизация усули бўлиб, унда икки карра норма қўлланилади. Ишлаб чиқаришингиз муваффақияти энг замонавий технологиялар, ускуналардан фойдаланишга боғлиқ бўлса, ушбу усулни қўлланг. Бу ҳолда активлар маънан жуда тез эскиради. Ускуналарни ўз вақтида янгилаш учун уларнинг қийматини тезроқ харажатларга ҳисобдан чиқариш керак.

Икки карра амортизация нормасини активнинг қолдиқ қийматига нисбатан қўлланг. Эскириш ҳисобланишига қараб қолдиқ қиймат камайиб борар экан, амортизация суммаси ҳам камаяди. Яъни фойдали ишлатиш муддати бошида активдан фойдаланиш жуда унумли ва самарали бўлганда амортизация максимал даражада бўлади.

Тўғри чизиқли усул бўйича амортизация нормасини активнинг амортизацияланадиган (баланс) қиймати ва фойдали ишлатиш муддатидан келиб чиқиб белгиланг. Бир йиллик амортизация суммасини ҳисобот йили бошидаги активнинг қолдиқ қийматидан келиб чиқиб ҳисобланг (5-сон БҲМСнинг 38-банди 3-хатбошиси, 7-сон БҲМСнинг 48-банди).

Ушбу усулдан фойдаланган ҳолда тугатиш қийматини аниқланг, сабаби қолдиқ қийматидан норма бўйича амортизация ҳисоблаш ҳеч қачон уни нолга тенглаштирмайди.

Актив ўз вақтида чиқиб кетиши учун ҳам тугатиш қиймати зарур. Шу сабабли уни аниқланг ва қолдиқ қиймати тугатиш қийматига тенглашмагунча амортизация ҳисобланг.

 

МИСОЛ. Амортизацияни қолдиқни камайтириш усули билан ҳисоблаш

2019 йил 1 январдан фойдаланишга топширилган узоқ муддатли активнинг қиймати – 60 000 минг сўм. Уни фойдали ишлатиш муддати – 5 йил. Тугатиш қиймати – 5 000 минг сўм.

Амортизация нормасини ҳисоблаймиз:

100% / 5 йил = 20%.

Икки карра амортизация нормаси, тегишинча, 40%га (20 х 2) тенг бўлади.

Йил

 

Қолдиқ қиймати,
минг сўмда

 

Йиллик амортизация суммаси,
минг сўмда

 

Бир ойлик амортизация суммаси, минг сўмда

 

2019

 

60 000

 

24 000 (60 000 х 40%)

 

2 000 (24 000 / 12)

 

2020

 

36 000 (60 000 – 24 000)

 

14 400 (36 000 х 40%)

 

1 200 (14 400 / 12)

 

2021

 

21 600 (36 000 – 14 400)

 

8 640 (21 600 х 40%)

 

720 (8 640 / 12)

 

2022

 

12 960 (21 600 – 8 640)

 

5 184 (12 960 х 40%)

 

432 (5 184 / 12)

 

2023

 

7 776 (12 960 – 5 184)

 

2 776 (7 776 – 5 000)

 

259,2 (7776 х 40% / 12)

 

Жами

 

 

 

55 000

 

 

 

 

 

Қолдиқ қиймати тугатиш қийматига (5 000 минг сўм) тенг бўлмагунча 2023 йилда ҳар ой 259,2 минг сўм ҳисоблаймиз.

 

Кумулятив усул

Кумулятив, ёки йиллар суммаси усули ҳам жадаллаштирилган амортизация усулидир.

Ҳар йили амортизация нормасини фойдали ишлатиш муддати охирига қадар қолган йиллар сонининг йиллар суммасига нисбати сифатида белгиланг (5-сон БҲМСнинг 39-банди, 7-сон БҲМСнинг 49-банди).

 

МИСОЛ. Амортизацияни кумулятив усул билан ҳисоблаш

Узоқ муддатли активнинг қиймати – 60 000 минг сўм. Уни фойдали ишлатиш муддати – 5 йил.

Йиллар суммаси: 1 + 2 + 3 + 4 + 5 = 15.

Йил

 

Амортизация коэффициенти

 

Йиллик амортизация суммаси, минг сўмда

 

Бир ойлик амортизация суммаси, минг сўмда

 

I

 

0,33 (5 / 15)

 

19 800 (60 000  х 0,33)

 

1 650 (19 800 / 12)

 

II

 

0,27 (4 / 15)

 

16 200 (60 000 х 0,27)

 

1 350 (16 200 / 12)

 

III

 

0,2 (3 / 15)

 

12 000 (60 000 х 0,2)

 

1 000 (12 000 / 12)

 

IV

 

0,13 (2 / 15)

 

7 800 (60 000 х 0,13)

 

650 (7 800 / 12)

 

V

 

0,07 (1 / 15)

 

4 200 (60 000 х 0,07)

 

350 (4 200 / 12)

 

Жами

 

1

 

60 000

 

 

 

 

 

Фойдаланишда бўлган активлар амортизацияси қандай ҳисобланади

Ишлаб чиқариш мақсадида фойдаланишда бўлган активни харид қилсангиз, уни фойдали ишлатиш муддатини белгилашингиз мумкин (Солиқ кодексининг 144-моддаси 7-қисми):

уни аввалги мулкдор (фойдаланувчи) фойдаланган муддатга камайтирган ҳолда;

актив тўлиқ эскирганда камида 3 йил этиб;

аввалги мулкдор томонидан фойдаланиш муддатини аниқлаш имконияти бўлмаса, янги активга бўлгани сингари.

 

 

МИСОЛЛАР. Фойдаланишда бўлган автомобилга амортизация ҳисоблаш

1. Корхона фойдаланишда бўлган автомобилни ҚҚСсиз 24 000 минг сўмга сотиб олди. Шартнома ва қабул қилиш-топшириш далолатномасида автомобиль сотувчи томонидан 1 йил аввал сотиб олинганлиги кўрсатилган.

Корхона ушбу маълумотларни, шунингдек автомобилнинг техник ҳолатини инобатга олган ҳолда қуйидагиларни белгилади:

автомобилни фойдали ишлатиш муддати – 4 йил;

йиллик амортизация нормаси – 25% (100% / 4);

тенг маромли ҳисоблашда бир ойлик амортизация суммаси – 500 минг сўм (24 000 / 4 / 12).

2. Корхона фойдаланишда бўлган автомобилни ҚҚСсиз 3,6 млн сўмга сотиб олди. Шартнома ва қабул қилиш-топшириш далолатномасида автомобиль сотувчи томонидан 6 йил аввал сотиб олинганлиги кўрсатилган.

Корхона ушбу маълумотлардан, автомобилнинг техник ҳолатидан ва солиқ қонунчилиги нормаларидан келиб чиқиб қуйидагиларни белгилади:

автомашинани фойдали ишлатиш муддати – 3 йил;

йиллик амортизация нормаси – 33,33% (100% / 3);

тенг маромли ҳисоблашда бир ойлик амортизация суммаси – 100 минг сўм (3 600 / 3 / 12).

3. Корхона фойдаланишда бўлган автомобилни ҚҚСсиз 12 млн сўмга сотиб олди. Харид қилиш ҳужжатларида сотувчи автомобилдан фойдаланган муддатни кўрсатмаган.

Корхона автомобилнинг техник ҳолатидан келиб чиқиб қуйидагиларни белгилади:

автомобилни фойдали ишлатиш муддати – 5 йил;

йиллик амортизация нормаси – 20% (100% / 5);

тенг маромли ҳисоблашда бир ойлик амортизация суммаси – 200 минг сўм (12 000 / 5 / 12).

 

«Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.


Давоми бор.

*Давоми. Боши «СБХ»нинг 16.07.2019 йилдаги 29 (1301), 23.07.2019 йилдаги 30 (1302), 2.09.2019 йилдаги 36 (1308), 17.09.2019 йилдаги 38 (1310), 24.09.2019 йилдаги 39 (1311), 1.10.2019 йилдаги 40 (1312)-сонларида.

Прочитано: 1140 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика