Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 41 / Амалий бухгалтерия

Кирим қилинмаган мол-мулк ҳисобга қандай қабул қилинади

 

МЧЖ шаклидаги корхона 2017 йилда очилган. 2019 йилдан умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтган. 2017 йилда ягона муассис фаолият юритиш учун зарур бўлган турли моддий қимматликларни ўз маблағига олди. Қимматликларнинг ҳаммаси кирим қилинмаган, лекин фойдаланиляпти. Улар орасида қиммат турадиган ускуна (АВ) ва қиймати анча сумма чиқадиган турли ТМҚ (хўжалик анжомлари) бор. Ҳозир ушбу мол-мулкни текин олинган мол-мулк сифатида кирим қилмоқчимиз ёки уни устав фондини ошириш ҳисобига киритмоқчимиз.

1. Аввалги даврларда олинган моддий қимматликлар жорий солиқ даврида қандай кирим қилинади?

2. Кирим қилинмаган мол-мулк аниқланганда молиявий ҳисоботни (баланс) қайта топширмаса бўладими?

 

1

Муассис мол-мулк киритилган пайтда (2017 йил) муассис ушбу мол-мулк суммасига устав фондини ошириш тўғрисида қарор қабул қилмаганлиги сабабли уни ёки вақтинча текин фойдаланишга берган ёхуд корхонага совға қилган.

 

1-вариант – мол-мулк текин фойдаланишга берилган

Мазкур ҳолатда муассис (қарз берувчи) ва МЧЖ (қарз олувчи) ўртасидаги шартнома 2017 йилда оғзаки шаклда тузилган. Юридик шахс сифатида МЧЖ учун шартноманинг ёзма шаклдаги варианти бўлиши муҳимдир. Текин фойдаланиш шартномасини ёзма шаклда расмийлаштириш керак. Шартнома санаси корхона мол-мулкни олган пайтдан кечиктирмасдан қўйилади. Шартномага берилган ҳар бир буюм номи ва нархи кўрсатилган ҳолда мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномаси расмийлаштирилади. Ушбу мол-мулк ҳисоби балансдан ташқари ­011-счётда юритилади.

Ушбу вариантда корхона 2017–2018–2019 йилларда текин олинган мулкий ҳуқуқ кўринишидаги даромадга эга бўлади (Солиқ кодексининг 135-моддаси). Шу боис қуйидагиларни амалга ошириш лозим:

бошқа даромад суммасини ҳисоблаш (Солиқ кодексининг 132-моддаси 4-банди);

даромад сифатида ЯСТ (2017–2018 йилларда) ва фойда солиғи (2019 йилда) солинадиган базага киритиш;

солиқ ҳисоботини қайта топшириш;

солиқлар ва пеняларни тўлаш.

Айни пайтда муассис қарз бериш шартномасини бекор қилиш ва устав фондини тўлдиришга мол-мулкни бериш тўғрисида қарор қабул қилиши мумкин. Унинг қарорига мувофиқ уставдаги ўзгаришлар давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

 

2-вариант – мол-мулк МЧЖга текин, яъни ҳадя шартномаси бўйича берилган

Мазкур ҳолатда ҳадя шартномаси (ФКнинг ­502-моддаси) ёзма шаклда расмийлаштирилиши лозим (ФКнинг 101, 504-моддаси). Шартнома санаси қабул қилиш-топшириш далолатномасига мувофиқ мол-мулк корхонага берилган пайтдан кечиктирмасдан қўйилади. Ҳисоб сиёсати нормаларига мувофиқ мол-мулк ушбу сана (2017 йил) билан балансга кирим қилиниши лозим. Ҳужжатлар (шартнома ва қабул қилиш-топшириш далолатномаси) ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги сабабли далолатномани жорий даврда расмийлаштиришга тўғри келади, бироқ унда мол-мулк ҳақиқатда 2017 йилда олинганлиги кўрсатилиши керак. Инвентарлаш қайдномаси асос бўлиши мумкин (АВ томонидан 2.11.1999 йилда 833-сон билан рўйхатдан ўтказилган 19-сон БҲМС «Инвентарлашни ташкил этиш ва ўтказиш»нинг 5.70-банди).

Ушбу вариантда 2017 йилда корхонада текин олинган мол-мулк тарзидаги даромад мавжуд бўлади (Солиқ кодексининг 135-моддаси). Ушбу даромад 2017 йил учун ЯСТ солинадиган базага киритилиши лозим. ЯСТ ҳисоб-китоби қайта топширилади. Солиқ ва пеня тўланади. Шунингдек асосий воситаларни кирим қилишда 2017 йилдан амортизация ажратмалари ҳисобланиши кераклигини ҳисобга олинг, ТМЗларни фойдаланишга беришда уларни корхонанинг харажатларида акс эттириш лозим.

 

2

Ўтган йиллар учун Баланс ва Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботни қуйидаги ҳолларда қайта топширмаса бўлади:

хато муҳим бўлмаса, ўтган йил ҳисобот маълумотлари уларни бузишлар аниқланган ҳисобот даври учун тузилган ҳисоботда тузатилади. Бинобарин тузатишлар ҳисобот даври (чорак, йил бошидан) учун маълумотларга киритилади;

ўтган даврда йўл қўйилган фундаментал (муҳим) хатоларни тузатиш суммаси молиявий ҳисоботда (балансда) йил бошидаги тақсимланмаган фойда сальдосини ўзгартириш ҳамда активлар, мажбуриятлар ва хусусий капиталнинг бошқа моддаларига тегишли тузатишлар киритиш йўли билан акс эттирилиши мумкин (Молиявий ҳисобот шаклларини тўлдириш бўйича қоидаларнинг 15-банди, МВнинг АВ томонидан 24.01.2003 йилда 1209-сон билан рўйхатдан ўтказилган қарорига 7-илова). Буни амалга ошириш тартиби ­3-сон БҲМС «Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисобот»нинг (АВ томонидан 27.08.1998 йилда ­484-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 17-бандида батафсил баён этилган.

Кирим қилинмаган мол-мулкдан фойдаланилади деб ёзгансиз. Бу 2017–2019 йилларда МЧЖ ҳисобида айрим кўрсаткичлар, хусусан, таннарх камайтириб кўрсатилганлигини англатади. Шу боис ўтган даврлар учун таннархни қайта ҳисоблаш ва уни сотиш нархи билан солиштириш лозим. ­2017–2018 йилларда маҳсулотлар, товарлар, ишлар, хизматлар таннархидан паст нархда реализация қилинганда, ЯСТни қўшимча ҳисоблаш ва ҳисоб-китобларни қайтадан топшириш керак (Солиқ кодексининг 355-моддаси).

Жорий 2019 йил учун молиявий кўрсаткичларни қайта ҳисоблаш, зарурат бўлганда ҚҚС ва фойда солиғи бўйича ҳисоботни қайта топшириш лозим.

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 66 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика