Хусусий тиббиёт муассасамиз 2 турдаги фаолиятни амалга оширади. Асосий фаолият тури – аҳолига пуллик тиббий хизматлар кўрсатиш (стоматология ва косметология хизматларидан ташқари) ва иккинчиси – дори воситаларини реализация қилиш (дорихона). Президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон қарорига мувофиқ корхона барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар тўлашдан озод этилган. Тиббий хизматлар кўрсатиш асосий фаолият тури ҳисобланса, имтиёзлар бошқа даромадларга татбиқ этилади. 1.01.2019 йилдан ҚҚС (20%) тўловчиси ҳисобланамиз. Солиқ кодексининг 208-моддасига мувофиқ дори воситаларини реализация қилиш ва тиббий хизматлар кўрсатиш (косметология хизматлари бундан мустасно) ҚҚС тўлашдан озод этилган (мақсадсиз имтиёз).
Корхонамиз ПҚ-2863-сон қарорга мувофиқ умуман фойда солиғини тўлашдан, шунингдек бошқа даромадлар (ижара, асосий воситаларнинг чиқиб кетиши) бўйича ҚҚС тўлашдан озод этилганми?
– Президентнинг 1.04.2017 йилдаги ПҚ-2863-сон қарори билан хусусий тиббиёт муассасалари тиббий хизматлар қисмида 1.01.2022 йилгача барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилган. Солиқ имтиёзлари бошқа даромадларга ҳам қўлланади. Бошқа даромадлар Солиқ кодексининг 132-моддасига мувофиқ аниқланади.
Ҳисобот даври якунларига кўра ташкилотингизнинг асосий фаолият тури тиббий хизматлар кўрсатиш бўлса, тиббий хизматлар, шунингдек бошқа даромадлар бўйича фойда солиғи ва ҚҚС тўламайсиз, бироқ ҳисоблайсиз, сабаби имтиёз мақсадли.
Дори воситаларини сотишга келсак, ушбу фаолият бўйича фойда солиғи тўлашингиз керак. Дори воситалари ва тиббиёт буюмларини реализация қилиш оборотлари Солиқ кодексининг 208-моддаси 13-бандига асосан ҚҚСдан озод этилади. Бунда дорихоналар дори воситалари ва тиббиёт буюмлари ҳисобланмайдиган товарларни (масалан, тиш пастаси, шампунь ва ҳ.к.) реализация қилишлари мумкин. Ушбу оборотга ҚҚС солинади. Шу сабабли дорихона фаолияти бўйича ҚҚСдан озод этилган ва ҚҚС солинадиган оборотларни тўғри белгилашингиз зарур.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.