Компаниямиз 1.01.2019 йилдан буён умумбелгиланган солиқларни тўламоқда. Асосий фаолият тури – қурилиш-монтаж ишлари, шунингдек меҳмонхона хизматлари кўрсатилади. 2019 йилда қурилишни ўз кучимиз билан тугаллаб, ўз меҳмонхонамизни фойдаланишга киритмоқчимиз.
1.01.2019 йилдан кейин кўчмас мулкни барпо этиш учун қурилиш материаллари харид қилинганда ҳисобварақ-фактураларда ажратиб кўрсатилган ҚҚС суммаси ҳисобга олинадими?
– Кўчмас мулк объектини ўз кучи билан қуриш учун мўлжалланган қурилиш материаллари бўйича ҚҚС суммаси харид қилиш пайтида ҳисобга олинмайди. У кўчмас мулк фойдаланишга киритилгандан кейин 36 календарь ой давомида тенг улушларда ҳисобга олинади. Бунда кўчмас мулкдан тадбиркорлик фаолияти доирасида ва ҚҚС солинадиган оборот учун фойдаланилиши керак (Солиқ кодексининг 218-моддаси).
Бунда қуйидаги саволлар юзага келиши мумкин:
1) 36 ой давомида ҳисобга олинадиган ҚҚС суммаси бухгалтерия ҳисобида қандай акс эттирилади;
2) ДСИга ҳисобот топшираётганда буларнинг барчасини ҚҚС ҳисоб-китобида қандай акс эттириш лозим?
Уларга жавоб берамиз.
1. Кўчмас мулкни барпо этиш учун фойдаланиладиган қурилиш материалларини харид қилганда ҳисобварақ-фактураларда ажратиб кўрсатилган ҚҚС суммасини 0810-«Тугалланмаган қурилиш» счётида ҳисобга олмай, алоҳида жамлаш лозим. Ҳисоб сиёсатида қурилиш билан боғлиқ ҚҚС суммаси жамланадиган бухгалтерия счётларини назарда тутинг. У 0900-счёт (узоқ муддатли қисми) ва 4400-счёт (жорий қисми) бўлиши мумкин. Кўчмас мулк объекти фойдаланишга киритилгандан кейин жамланган сумманинг 1/36 қисми суммасида ҳисобга олинадиган ҚҚС ҳар ой тенг маромда ҳисобдан чиқарилади.
2. Қўшилган қиймат солиғи ҳисоб-китобида (3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) акс эттириш:
қурилиш материаллари харид қилинган пайтда ҳисобварақ-фактура ҚҚС ҳисоб-китобига 4-илова «Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри»да умумий қиймат ва ҚҚС суммасини 6–7 ва 12–13-устунларда акс эттирган ҳолда кўрсатилади, бироқ ҳисобот ойи учун у ҳисобга олинмайди;
кўчмас мулк объекти фойдаланишга киритилгандан кейин жамланган ҚҚС суммаси ҳар ой тенг маромда ҚҚС ҳисоб-китобига 3-илова «Ҳисобга олинадиган қўшилган қиймат солиғи суммаси ҳисоб-китоби»нинг 017-сатрида акс эттирилади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.