Корхона фаолияти – реклама хизматларини кўрсатиш. Уларнинг таннархини шакллантираётганда реклама билан шуғулланадиган ходимларнинг иш ҳақини, реклама учун ҳудуд ижараси, АВнинг (реклама билан шуғулланадиган ходимлар учун корхона автомашинаси) амортизацияси, меҳнат сафари харажатларини ҳисобга оламиз.
Реклама хизматлари таннархини ҳисоблаётганда хизматлар кўрсатилмаган ойдаги ходимлар иш ҳақи ва бошқа харажатларни ҳисобга олиш зарур бўладими?
– Саволингизга жавоб беришдан олдин хизматлар нима учун кўрсатилмаганини аниқлаштириб олиш муҳимдир.
Фаолиятингизда бирор сабаб билан танаффус бўлган ва шу туфайли ходимлар реклама хизматларини кўрсатолмай қолган бўлишса, бу давр учун ҳисобланган иш ҳақини хизматлар таннархига киритманг, балки давр харажатлари сифатида акс эттиринг.
Ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда унинг ўртача иш ҳақи сақланади (Меҳнат кодексининг 159-моддаси). Мазкур вақт учун тўланган ҳақни 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётида (Низомнинг 2.3.8.3-банди, ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган) ҳисобга олинг. Бу бошқа харажатларга ҳам тегишлидир.
Тугалланиши кейинги ойга ўтадиган ҳажмдаги буюртмага эга бўлганингиз тақдирида, уларни кўрсатиш билан боғлиқ барча харажатларни 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида жамланг. Буюртмани амалга ошираётганда уларни 9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи» счётида (Йўриқноманинг 119-банди, 21-сон БҲМСга 2-илова, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳисобдан чиқаринг.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.