Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 39 / Божхона

Парламент назоратида эътибор нималарга қаратилди?

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси  Тошкент вилояти «Ғишткўприк» чегара божхона постида «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси фаолиятида мақсадли вазифаларга эришилиши ҳолати тўғрисида»ги ахборот эшитувига бағишланган сайёр мажлисини ўтказди.

 

Тадбирда Президентнинг 2019 йил 27 февралдаги Ф-5445-сон фармойиши ижроси доирасида ДБҚ фаолиятида баҳолашнинг асосий мезонларида кўрсатилган мақсадли вазифаларга эришилиши ҳолати муҳокама қилинди. Шунингдек, асосий эътибор бу борада таъсирчан парламент назоратини таъминлаш, божхона фаолиятини ислоҳ қилиш ва ривожлантиришнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилди.

Баҳолашнинг асосий мезонларида 2019 йил давомида Давлат божхона қўмитасига 18 банд бўйича 36 та мақсадли вазифа белгиланган бўлиб, уларнинг тегишли қисми белгиланган муддатларда бажарилган. Таъкидланишича, божхона органларига юклатилган вазифалар ва берилган топшириқлар ижросини таъминлаш борасида жорий йилнинг саккиз ойида жами 69 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Ахборот эшитувида маълум қилинишича, таҳлил этилаётган даврда божхона органлари томонидан давлат бюджетига 9,9 трлн (2018 йилда – 7,5 трлн)  сўмлик божхона тўловлари ундирилиб, истиқбол режаси 105,3%га бажарилди, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2,3 трлн сўмга (31%га) кўпдир.

Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, чет эл инвестицияларини фаол жалб қилиш, ишлаб чиқаришни ривожлантириш ҳамда давлат дастурлари ижросини таъминлаш мақсадида жами 39,5 трлн сўм божхона тўловларидан имтиёзлар берилди. Бу аввалги йилнинг шу давридагига нисбатан 13,3 трлн сўмга (1,5 баробарга) ортган (2018 йил саккиз ойда – 26,2 трлн сўм).

Контрабанда ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш борасида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида 11 205 та (2018 йилда – 6 453 та) ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланиб, 128,4 млрд (2018 йилда – 84,1 млрд сўм) сўмлик товарлар ушлаб қолинди.

Давлат бюджетига божхона тўловларини тўлиқ ундириш ва захира омилларини яратиш борасида ҳали ишга солинмаган имкониятлар кўплиги таъкидланди. Бунинг учун жорий йилнинг 2-ярмида божхона хизматини замонавий инновацион усулларда ташкил этиш, божхона имтиёзларининг иқтисодий натижадорлигини ўрганиб, уларни босқичма-босқич бекор қилиш, мавжуд имтиёзлардан эса мақсадли фойдаланишни таъминлаш учун интизомий чоралар, профилактик ишлар ва жамоатчилик назоратини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Шу боисдан ҳам жорий йил 9 ойи якуни бўйича истиқболда жами 11,3 трлн сўм божхона тўловларини ундириш назарда тутилмоқда.

Президентимизнинг чегарадош давлатлар билан яқин қўшничилик, ўзаро қариндошчилик ришталарини қайта тиклаш, иқтисодий ҳамкорликни янада жонлантириш борасидаги ташаббуслари билан чегара ўтказиш пунктларида фуқаролар, товар ва автотранспортлар оқими бир неча баробарга ошди. Хусусан, таҳлил этилаётган даврда божхона чегараси орқали ҳаракатланган жисмоний шахслар сони 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 2,2 млн нафарга, автотранспорт воситалари 451,4 мингтага етган.

Бундан ташқари, Қозоғистон Республикаси билан чегарадош бўлган Тошкент вилоятининг «С.Нажимов», «Навоий», Сирдарё вилоятининг «Сирдарё» ва Тожикистон Республикаси билан чегарадош бўлган «Жартепа» чегара ўтказиш пунктлари орқали қўшимча хорижий юк ташувчиларнинг республика ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракатланиши очилди.

Шу муносабат билан чегара божхона постларининг ўтказиш салоҳиятини ошириш, ҳаракатланаётган йўловчи ва автотранспорт воситаларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида  босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, «Ғишткўприк» чегара божхона постида қайта қуриш ишлари якунига етказилиб, йўловчилар, сайёҳлар, ногиронлар ва юк ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратилди.

Натижада постнинг умумий майдони 4,8 гектардан, 6,6 гектарга, жисмоний шахслар ҳаракатланиш йўлаклари 8 тадан 12 тага кўпайтирилди. Илгари постнинг ўртача бир кунда жисмоний шахсларни ўтказиш қобилияти 25 минг нафарни ташкил қилган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 50 мингга етди.

Қўл юки ва багажларни сканер қилишга мўлжалланган рентген аппаратларининг сони ҳозирги кунда 16 та.

Импорт йўналишида янги божхона назорати биноси, йўловчилар учун алоҳида зал ва ҳаракат йўлаги, имконияти чекланган фуқаролар ҳамда сайёҳлар учун алоҳида йўлаклар ишга туширилди.

Ҳозирги кунда бир сутка давомида пост орқали 20–25 минг нафар фуқаро, 500–550 та енгил турдаги автотранспорт воситалари, 35–50 тагача автобус ҳаракатланмоқда.

2016 йилда мазкур пост орқали ҳаракатланган фуқаролар 5,2 млн нафарни ташкил қилган бўлса, 2018 йилда 10,2 млн нафарга етди. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида эса 3 млн нафар жисмоний шахс ҳаракатланган.

Депутатлар муҳокама давомида Асосий мезонларнинг 10-бандида белгиланган «U-Pay», «Click» ва «UzCard» тўлов тизимлари орқали мобил иловалардан фойдаланган ҳолда онлайн тарзда божхона тўловларини тўлаш тизимини жорий этиш бўйича топшириқнинг қисман бажарилганлигига эътибор қаратдилар. Жумладан, бугунги кунга келиб «U-Pay», «Click» ва «Payme» каби мобил-банкинг хизматини кўрсатувчи нодавлат процессинг марказлари орқали божхона тўловларини уяли алоқа воситалари ҳамда интернетдан тўлаш тизими жорий этилган. «UzCard» тизими фақат Тошкент шаҳридаги ТИФ божхона постларида мавжуд, бошқа ҳудудларда эса ушбу тўлов тизимлари ҳанузгача йўлга қўйилмаган.

Мамлакатимиз ҳудудига импорт қилинаётган транспорт воситаларини расмийлаштириш жараёнидаги бир қатор камчиликлар ҳам парламентимиз аъзолари томонидан муҳокама қилинди. Аниқланишича, аксарият импорт қилинаётган транспорт воситаларининг двигатель рақамлари мавжуд бўлса-да, тегишли божхона ҳужжатларида рақамсиз деб расмийлаштирилмоқда. Кейинчалик эса йўл ҳаракати хавфсизлиги бўлинмаларида мазкур транспорт воситаларини рўйхатга қўйишда фуқаролар қийинчиликка дуч келишмоқда.

Эшитув якунида Ф-5445-сон фармойишнинг ДБҚ томонидан ўз вақтида ва самарали ижро этилишини кучайтириш ва соҳада парламент назоратини тизимли равишда давом эттириш бўйича тегишли қарор қабул қилинди.

 

ДБҚ Ахборот хизмати.

Прочитано: 566 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика