Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 39 / Мулоҳаза

Оддий маҳсулотлар…

Уларни қачонгача импорт қиламиз?

 

«Экспортбоп ва импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқариш, юқори қўшилган қиймат яратишга йўналтирилган саноат сиёсатини юритишимиз зарур. Мавжуд хом ашё ва имкониятлардан самарали фойдаланган ҳолда, маҳаллийлаштириш даражасини чуқурлаштириш ва кўламини кескин кенгайтириш ушбу саноат сиёсатининг негизи бўлиши керак».

Ш.Мирзиёев.

 

Мамлакатга чет эл инвестицияларини жалб этишда, энг аввало, товарларга нисбатан ички бозордаги эҳтиёж ўрганилади. Асосан қандай турдаги товарлар четдан келтирилишига эътибор қаратилади. Лекин, бундай ахборотлар Интернетдаги очиқ манбалардан ҳамиша ҳам топилавермайди.

Ўз маблағларини Ўзбекистонда бизнеснинг қайси йўналишига тикишни билмай, иккиланиб турган маҳаллий ва чет эл инвесторлари учун ажойиб имконият туғилди. Эндиликда Давлат божхона қўмитаси республикага хориждан энг кўп импорт қилинаётган товарлар ҳақидаги ишончли ахборотларни тақдим қилиб боради (http://bojxona.uz/uz/news/view/2473).

 

Биз кундалик турмушимизда энг кўп истеъмол қилинадиган товар ва маҳсулотларнинг келиб чиқишига деярли аҳамият бермаймиз. Қарангки, ана шу товарларнинг баъзилари республикамизга четдан келтирилар экан. Тағин, хорижий валюта эвазига!!! Хўш, нега энди уларни ўзимизда ишлаб чиқармаймиз?!

 

 

Кунгабоқар ёғи

Кундалик турмушимизда узлуксиз истеъмол қилинадиган кунгабоқар ёғи республикамизга асосан четдан келтирилади. Йилдан йилга ушбу маҳсулотга бўлган эҳтиёж янада ортиб бормоқда. Масалан, 2018 йилнинг дастлабки 7 ойи давомида хориждан 69,2 млн АҚШ доллари қийматидаги кунгабоқар ёғи импорт қилинган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич салкам 1,5 баробарга ошган.

«Серқуёш» дея эътироф этиладиган заминимизда аслида кунгабоқар етиштириш муаммо эмас-ку!

 

Шоколад

Ўзбек халқи болажон халқ! Расмий маълумотларга (https://stat.uz/uz/180-ofytsyalnaia-statystyka-uz/6548-demografiya) кўра, Ўзбекистонда ҳозирги кунда 14 ёшгача бўлган болалар сони салкам 10 млн нафарни ташкил қилади.

Оддийгина таҳлил - ҳар бир ўзбекистонлик ҳар ойда фарзандига 1 дона шоколад олиб берган тақдирда ҳам бу маҳсулотга бўлган ички эҳтиёжни тасаввур қилиш қийин эмас.

Масалан, 2019 йилнинг 7 ойи давомида республикамизга 3,5 млн АҚШ доллари қийматидаги «Сникерс» шоколади импорт қилинган. «Киндер» ва «Алпен голд» учун эса 2,8 млн АҚШ доллари сарфланган.

Жами ҳисобда четдан келтириладиган шоколадлар учун 23,1 млн АҚШ доллари сарфланган. Ваҳоланки, ўтган йилнинг шу даврида 15,4 млн АҚШ доллари ишлатилган. Ўсиш – 1,6 баробарга кўп!

Демак, пойтахтимизда ўтган йили очилган «Crafers» (http://crafers.uz/) қандолатчилик фабрикаси билан мақтанишимизга ҳали эрта шекилли?!

 

Болалар озуқаси ва тагликлари

Болалар билан боғлиқ яна бир статистика (https://stat.uz/uz/180-ofytsyalnaia-statystyka-uz/6548-demografiya): Ўзбекистонда 2019 йил ҳолатига кўра 4 ёшгача бўлган болалар 3,5 млн нафардан ошади. Демак, ички бозорда болалар озуқаси ва тагликларига бўлган эҳтиёж ҳамиша юқори.

2019 йилнинг 7 ойи давомида республикамизга хориждан импорт қилинган болалар озуқаси ва тагликлари учун 36,8 млн АҚШ доллари сарфланган. 2018 йилнинг шу даврида эса бу товарлар импорти учун 19,7 млн АҚШ доллари ишлатилган. Демак, жорий йилда 1,8 баробар кўпроқ хорижий валюта четга чиққан.

Демак, шу турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқараётган тадбиркорлар янада отни қамчилашлари керак. Шунда салкам 37 млн АҚШ доллари хорижга қараб эмас, уларнинг ҳисобрақамларига қараб йўналган бўлар эди.

 

Макарон ва печеньелар

Расмий статистикага кўра бу йил Ўзбекистонда 4,9 млн тонна ғалла етиштирилган (https://data.gov.uz/uz/datasets/8213). Демак, макарон ва печенье маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун етарлича хом ашё базаси бор. Шунга қарамай, 2019 йилнинг 7 ойи давомида республикамизга 12 млн АҚШ доллари қийматидаги макарон импорт қилинган. 2018 йилга нисбатан макарон импорти учун сарфланган хорижий валюта 2 млн АҚШ долларига ошган. Бу каби фикрларни печенье ҳақида ҳам айтиш мумкин. Жорий йилнинг шу давригача четдан келтирилган «Марс», «Бонди», «Супер контик» ва бошқа номдаги печеньелар учун 2,9 млн АҚШ доллари сарфланган (2018 йилнинг 7 ойида 1,6 млн АҚШ доллари бўлган, демак ўтган йили печенье учун 1,8 баробар камроқ валюта сарфланган).

Четдан келтирилган озиқ-овқат маҳсулотларига сарфланган маблағларнинг рўйхати (2019 йилнинг 7 ойи):

Товар ва маҳсулотларнинг номи

 

АҚШ долларида (млн)

 

Маргарин

 

12

 

Ўсимлик ёғи

 

8,1

 

Минерал ва газланган ичимликлар

 

6

 

Хамиртуруш

 

5,6

 

Пишлоқ маҳсулотлари

 

4,4

 

Сариёғ

 

3,6

 

Конфетлар

 

3,5

 

Майонез

 

3,4

 

Сақич

 

3,1

 

Қуюлтирилган сут

 

2,9

 

Йогурт

 

2,7

 

Балиқ консервалари

 

1,8

 

Бульонлар

 

1,4

 

Музқаймоқ

 

1,1

 

Тайёр соуслар

 

1,1

 

Кетчуп

 

0,58

 

 

Юқорида санаб ўтилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун мураккаб технология ва камёб хом ашёлар талаб этилмайди. Ўзбекистоннинг табиий ресурсларини инобатга олсак, бу каби маҳсулотларни тўлиқ ўзимизда ишлаб чиқариш ва ҳатто хорижга экспорт қилиш имкониятларига эгамиз. А, лаббай?

 

Ҳусан ТАНГРИЕВ,
ДБҚ Ахборот хизмати бош инспектори.

Прочитано: 696 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика