Norma.uz
СБХ / 2019 йил / № 08 / Божхона

Кодни божхона беради

 

Айни пайтда импорт қилувчи БЮДни мустақил равишда тўлдириб, божхона органларига тақдим этиш ҳуқуқига эга. Демак, товарнинг божхона қийматини аниқлаш учун унинг кодини кўрсатиши керак. Бу декларациялаш чоғидаги мураккаб жиҳатлардан бири.

Буни мустақил равишда қандай амалга ошириш, нималарга эътибор бериш лозим? У нотўғри кодни қайд этганда зиммасига жавобгарлик юклатиладими?

Л.Ким.

* * *

Мижоз божхона лабораториясида ТИФ ТН коди бўйича расмий хулоса олмоқчи. Илгари у қайсидир қонун ҳужжати билан тартибга солинар, бунинг учун муайян йиғим ундирилар эди.

Ҳозир бунинг имкони борми? Айни пайтда у қайси қонун ҳужжати билан тартибга солинади?

ТИФ ТН коди бўйича расмий хулоса олиш тартиби қандай?

Хусусий фирма директорининг ўринбосари.

 

– Божхона қонунчилигига мувофиқ товарларни декларациялаш пайтида таснифлаш лозим. Божхона тўловларининг ставкалари, нотариф тартибга солиш чораларининг қўлланилиши, турли назорат органларидан рухсатномалар олиниши товар кодига боғлиқ. Кодни мустақил равишда аниқлаш учун Президентнинг 28.12.2017 йилдаги ­ПҚ-3448-сон қарори билан янги версияси жорий этилган Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият товар номенклатурасидан (ТИФ ТН) фойдаланилади.

У Товарларни тавсифлаш ва кодлашнинг уйғунлаштирилган тизими (УТ) тўғрисидаги Халқаро конвенцияга (Брюссель, 14.06.1983 йил, 1.01.1988 йилдан кучга кирган) мувофиқ шакллантирилган.* Яъни кодлар, ҳеч бўлмаса дастлабки 6 та белгиси дунёнинг аксарият мамлакатларида бир хил бўлиши керак. Шу сабабли импорт қилиш чоғида хорижий ҳамкор билан маслаҳатлашиб, у ёки бу товарни қандай кодлар бўйича экспорт қилаётганлигини аниқлаган маъқул. Эҳтимол, улар уни экспертизадан ўтказгандирлар.

Нафақат товар позициялари тавсифига, балки ТИФ ТНни талқин қилишнинг асосий қоидалари, шунингдек товар бўлимлари ва гуруҳларига доир изоҳларга эътибор қаратиш лозим. Товарларни декларациялаш чоғида нотўғри маълумотларни кўрсатиш божхона тўловларини тўлашдан озод қилиш ёки уларнинг миқдорини камайтириш, давлат томонидан тақиқ ва чекловлар қўлланмаслиги учун асос бўлиб хизмат қилган бўлса, бунинг учун жиддий маъмурий жавобгарлик назарда тутилган (фуқароларга – ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 7 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жаримага сабаб бўлади, МЖТКнинг ­227-25-моддаси 1-қисми).

 

Ечими – дастлабки қарорни қабул қилиш

Бугунги кунда кўп импорт қилувчилар кенг профилдаги асбоб-ускуналар ва товарларни импорт етказиб бериш билан шуғулланмоқдалар. Баъзан олиб кирилаётган товарни таснифлаш ва унинг ТИФ ТН кодини аниқлаш жуда мушкул бўлади. Мутахассислар бунда бир қарашда арзимасдек кўринган хатога йўл қўйиш ТИФ иштирокчисига катта муаммо туғдириши, кейинчалик уни ҳал қилиш учун кўп куч ва маблағ талаб этиши мумкинлигини биладилар.

Бу ҳолда божхона органига махсус сўров билан мурожаат этиб, товар кодини аниқлаш энг ишончли усул ҳисобланади. У товарни таснифлаш бўйича дастлабки қарор чиқаради. Бундай тартиб-таомил Божхона кодексининг 52-бобида назарда тутилган.

Дастлабки қарорни қабул қилиш тартиб-таомилининг қўлланилиши товар олиб кирилгунига ва божхонада расмийлаштирилгунига қадар божхона хизмати вакилларининг товарни Товар номенклатурасининг у ёки бу позицияси ёки кичик позициясига киритиш, шунингдек унинг келиб чиққан мамлакати ҳақидаги фикрини билиш имконини ҳам беради. Келгусида бу божхона расмийлаштируви ва назоратини соддалаштиради ва жадаллаштиради. Божхоначилар дастлабки қарордаги маълумотларни божхонада расмийлаштириш учун тақдим этилган товар билан солиштириб қўя қолишлари мумкин.

ТИФ иштирокчиси учун яна бир муҳим жиҳат шундаки, дастлабки қарор барча божхона органлари учун мажбурийдир. У ўзгартирилган, қайтариб олинган ёки бекор қилинган бўлмаса, қабул қилинган кунидан эътиборан 1 йил ичида амал қилади. Ушбу муддат тугагач, дастлабки қарор ўз кучини йўқотади, бу манфаатдор шахснинг янги дастлабки қарор бериш тўғрисидаги сўров билан мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди (БКнинг 372-моддаси).

Товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарорлар очиқ ахборот бўлиб, барча юридик ва жисмоний шахсларга уларнинг ёзма сўровларига кўра ҳеч бир чекловларсиз тақдим этилиши керак, бундан тижорат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сир бўлган ахборот мустасно.

ДБҚ Товарларни таснифлаш бўйича берилган дастлабки қарорларнинг реестрини юритади ва унинг даврий равишда эълон қилинишини таъминлайди (БКнинг 374-моддаси).

 

Сўровни тақдим этиш ва кўриб чиқиш тартиби

Дастлабки қарорни олиш учун ДБҚ ёки ҳудудий божхона хизматига товарни таснифлаш бўйича ёзма сўров йўллаш зарур.

Унда товарларнинг тўлиқ тижорат ва фирма номи, асосий техник, тижорат тавсифлари ва товарни бир маънода таснифлаш имконини берувчи бошқа маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак. Зарур ҳолларда, маҳсулотнинг фотосуратлари, расмлари, чизмалари, паспортлари ҳамда бошқа маълумотлар ва ҳужжатлар тақдим этилади.

Юридик шахсдан келиб тушадиган сўров ташкилот раҳбари томонидан Ф.И.О. ва лавозими кўрсатилган ҳолда имзоланган ҳамда ташкилот жойлашган ер тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак. Жисмоний шахсдан келиб тушадиган сўров ушбу шахс томонидан имзоланган ва унинг яшаш манзили ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олган бўлиши керак.

Сўров божхона органига келиб тушган кундан эътиборан 20 кун ичида кўриб чиқилади.

Аризачи томонидан маълумотлар, ҳужжатлар ва материаллар товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор қабул қилиш учун тўлиқ бўлмаган ҳажмда тақдим этилган тақдирда, божхона органи ариза берилган кундан эътиборан 20 календарь кун ичида қўшимча маълумотларни бериш зарурлиги тўғрисида уни хабардор қилади. Бунда айнан қандай қўшимча маълумотларни тақдим этиш зарурлиги кўрсатилиши шарт. Улар хабардор қилинган кундан эътиборан 60 календарь кун ичида божхонага тақдим этилиши лозим. Агар зарур ҳужжатлар белгиланган муддатда тақдим этилмаган бўлса, ариза кўриб чиқмасдан қолдирилади (БКнинг ­371-моддаси).

 

Маълумот учун. ЎзР ТИФ ТН бўйича товарнинг кодини аниқлаш борасида низоли вазиятлар юзага келган ҳолларда ва уларни ҳал этиш қийин бўлганда, ДБҚ товарларнинг намуналарини ёки нусхаларини ҳамда тегишли ҳужжатларни Умумжаҳон божхона ташкилотига тегишли текширишлар ёки синовлар ўтказиш учун юбориши мумкин. Бунда товарларни таснифлаш бўйича дастлабки қарор божхона органи томонидан ўз сўровига жавоб олинганидан кейин қабул қилинади.

 

Божхона органи тегишли қарор қабул қилинган кундан эътиборан 3 иш куни ичида аризачини бу ҳақда хабардор қилиши керак. Хабарномада банк счёти реквизитлари ва дастлабки қарорни қабул қилганлик учун ҳақ тўлаш муддатини кўрсатади.

Уни қабул қилганлик учун ҳақ тўланганлигини тасдиқловчи тўлов ҳужжати божхона органидан дастлабки қарорни олиш учун асос бўлади. Тўлов миқдори – 50 евро эквиваленти Вазирлар Маҳкамасининг «Божхона йиғимлари ставкалари тўғрисида»ги қарори (30.04.1999 йилдаги 204-сон) билан белгиланган. Дастлабки қарор ўзгартирилган, қайтариб олинган ёки бекор қилинган ҳолда уни қабул қилганлик учун тўланган ҳақ қайтариб берилмайди.

 


*Ўзбекистон учун Конвенция 1.01.2000 йилдан кучга кирган. Ўша пайтдан буён ­УТга киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар миллий қонунчиликда албатта акс эттирилади.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 1735 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика