24.12.2018 йилдаги ЎРҚ-508-сон Қонун билан Солиқ кодексига киритилган ўзгартиришларга мувофиқ, бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилинганда солиқ солинадиган база уларни реализация қилиш қиймати асосида, унга ҚҚС ҳамда уларни якуний истеъмолчига реализация қилиш чоғида тўланадиган акциз солиғи киритилмаган ҳолда аниқланади.
Сиқилган газ (метан) реализация қилинганда нима ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҳисобланади, солиқ суммаси қандай ҳисоблаб чиқилади?
– Бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилинганда солиқ солинадиган база уларни реализация қилиш қиймати асосида, унга ҚҚС ҳамда бензин, дизель ёқилғиси ва газни якуний истеъмолчига реализация қилиш чоғида тўланадиган акциз солиғи киритилмаган ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси).
МИСОЛ. Ёқилғи қуйиш шохобчасида 1 куб м сиқилган газни реализация қилиш қиймати (унга ҚҚС ва акциз солиғини киритмаган ҳолда) – 2 000 сўм. Ушбу қиймат газни харид қилиш нархи ва ёқилғи қуйиш шохобчасининг савдо устамасидан шаклланади.
1 куб м сиқилган газ реализация қилинганда:
- ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш учун – 2 000 сўм;
- акциз солиғини ҳисоблаб чиқариш учун – 1 куб м база ҳисобланади.
ҚҚС суммаси 400 сўмни (2 000 х 20%) ташкил этади, бунда ҚҚС ставкаси – 20%.
Акциз суммаси – 360 сўм (1 х 360 сўм), бунда акциз солиғи ставкаси – 1 куб м учун 360 сўм.
Ёқилғи қуйиш шохобчаси якуний истеъмолчига реализация қилиши керак бўлган, акциз ва ҚҚС ҳисобга олинган 1 куб м газнинг қиймати 2 760 сўмни (2 000 + 360 + 400) ташкил этади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.