Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 04 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

Валюта бойликларининг қонунга хилоф айланмаси учун жавобгарлик кучайтирилди

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс ва Жиноят кодексига тузатишлар киритилди (15.01.2019 йилдаги ЎРҚ-516-сон Қонунга қаранг).

 

Маълумот учун: валюта бойликлари деганда қуйидагилар тушунилади:

чет эл валютаси;

чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар – фонд бойликлари (акциялар, облигациялар ва бошқалар);

чет эл валютасидаги тўлов ҳужжатлари (чеклар, векселлар, аккредитивлар ва бошқалар);

қимматбаҳо металлар – ҳар қандай кўриниш ва ҳолатдаги олтин, кумуш, платина ҳамда платина гуруҳига кирувчи металлар (палладий, иридий, родий, рутений ва осмий), шундай металлардан ишланган заргарлик буюмлари ва бошқа рўзғор буюмлари ҳамда уларнинг парчалари бундан мустасно;

табиий қимматбаҳо тошлар – сайқал берилган ва сайқал берилмаган шаклдаги олмос, лаъл, зумрад, ёқут, александрит, шунингдек марварид, шундай тошлардан ишланган заргарлик ва бошқа рўзғор буюмлари ҳамда уларнинг парчалари бундан мустасно.

 

Маъмурий жавобгарлик

Валюта бойликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун маъмурий жазо чораси сифатида энди 15 суткага маъмурий қамоққа олиш қўлланилади. Миқдори 20 ЭКИҲгача (илгари – 3 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача) оширилган жарима муқобил сифатида қонунга асосан маъмурий қамоққа олиниши мумкин бўлмаган қуйидаги ҳуқуқбузарлардан ундирилади:

а) ҳарбий хизматчилар ва йиғинга чақирилган ҳарбий хизматга мажбурлар, шунингдек ички ишлар органларининг оддий аскарлар ва бошлиқлар таркибига мансуб шахслар (МЖТКнинг 16-моддаси 1-қисми);

б) МЖТКнинг 29-моддаси иккинчи қисмига асосан:

♦ ҳомиладор аёллар, 3 ёшгача боласи бўлган аёллар;

♦ 14 ёшгача бўлган боласини якка ўзи тарбиялаётган шахслар;

♦ 18 ёшга тўлмаган шахслар;

♦ I ва II гуруҳ ногиронлари.

Валюта бойликларини мусодара қилиш қўшимча жазо чораси тури сифатида сақлаб қолинади ва маъмурий қамоққа олиш ёки жарима билан бир вақтда қўлланилади.

 

Жиноий жавобгарлик

Илгари айбдорни ЖКнинг 177-моддаси 1-қисми бўйича жиноий жавобгарликка тортиш учун қуйидаги иккита омил мавжуд бўлиши талаб этиларди:

шахсга бир йил давомида худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо чораси қўлланилган (МЖТКнинг 170-моддаси бўйича маъмурий преюдиция, таҳр.);

қонунга хилоф равишда олинган ёки ўтказилган валюта бойликларининг миқдори анча миқдорга (100 ЭКИҲ дан 300 ЭКИҲгача, таҳр.) етмаган бўлса, шахс такроран ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда ҳам яна маъмурий жавобгарликка тортилар эди.

Энди эса валюта бойликларини анча миқдорда қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш малакаланган жиноят таркиби (ЖКнинг 177-моддаси 2-қисми) ҳисобланади, унинг учун оширилган санкциялар белгиланган: 100 ЭКИҲдан 300 ЭКИҲгача жарима ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 1 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш. Бу ҳолатда айбдор илгари маъмурий жазога тортилган ёки тортилмаганлиги аҳамиятга эга эмас.

Шу тариқа, маъмурий преюдиция айбдорни ЖКнинг 177-моддаси 1-қисми бўйича жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутадиган ягона аломат сифатида сақлаб қолинган. Бунда санкциялар ҳам кучайтирилди.

Хусусан, Жиноят кодексининг 177-моддаси биринчи қисми билан назарда тутилган жиноятларни содир этганлик учун санкциялар 75 ЭКИҲдан 100 ЭКИҲгача жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш қилиб белгиланган (илгари – 75 ЭКИҲгача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари эди).

Қонун чиқарувчилар мазкур жиноятни оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этиш жиҳатларини ҳам тегишли санкциялар миқдорини оширган ҳолда ­эътибордан четда қолдиришмади.

Такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;  кўп миқдорда (300 ЭКИҲдан 500 ЭКИҲгача, таҳр.); бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш 300 ЭКИҲдан 500 ЭКИҲгача жарима ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (илгари 75 ЭКИҲдан 200 ЭКИҲгача жарима ёки 360 соатдан 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари билн жазоланарди).

Жуда кўп миқдорда (500 ЭКИҲ ва ундан ортиқ, таҳр.); уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (илгари 200 ЭКИҲдан 500 ЭКИҲгача жарима ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланарди).

 

Маълумот учун: жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас. Шу боис, 2019 йил 16 январга қадар содир этилган валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш учун (жиноят иши қўзғатилган ва суднинг айблов ҳукми чиқарилиши санасидан қатъи назар, таҳр.) кўрсатилган санагача амал қилган санкциялар қўлланилиши керак (юқорига қаранг).

 

Илгаригидек, тайёргарлик кўрилаётган ёки содир этилаётган жиноят ҳақида ўз ихтиёри билан арз қилган ва уни очишга фаол ёрдам берган шахс ЖКнинг ­177-моддасига биноан жавобгарликка тортилмайди.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва  16.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Инвесторларга Ўзбекистонда бўлишнинг алоҳида қоидалари белгиланади

 

Президентнинг 17.01.2019 йилдаги ПФ-5635-сон Фармони билан республикага хорижий инвестицияларни жалб этиш жараёнини фаоллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган.

 

Биринчидан, 2019 йил 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли истиқболдаги инвестиция сиёсати стратегияси ишлаб чиқилиши керак. Ҳужжат ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, инвестиция жалб этиш учун устувор йўналишларни белгилайди.

Инвестиция фаолияти соҳасида норматив-ҳуқуқий база модернизация қилинади.

2019 йил 1 мартга қадар тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича Президент қарори лойиҳаси ишлаб чиқилади. Инвестиция лойиҳаларини, биринчи навбатда, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида амалга оширишни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлашнинг замонавий шакл ва услубларини жорий этиш зарур.

Иккинчидан, 2019 йилда Ўзбекистоннинг хорижий ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва сиёсий, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштириш ва ривожлантириш бўйича тадбирлар режаси белгиланади. Тадбирлар Давлат дастури ва 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури билан ўзаро узвий боғлиқ тарзда амалга оширилади.

Учинчидан, эълон қилинган капитали 1 млрд АҚШ доллари миқдорида бўлган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармаси ташкил этилади. Унинг асосий устувор вазифалари белгиланди.

Инвестиция лойиҳаларини бошқарув компанияси – давлат улуши 100 фоиз бўлган акциядорлик жамияти молиялаштириш учун танлаб олади. Бунда Жамғарма битта лойиҳага режалаштирилаётган инвестициялар умумий ҳажмининг 30%идан ошмаган миқдорини киритади, қолган қисми – инвесторларнинг ўз маблағлари ва жалб қилинган маблағлари.

Тўртинчидан, 2019 йил 1 мартдан бошлаб виза режими ва хорижий инвесторлар учун мамлакатда бўлиш қоидалари соддалаштирилади:

хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари) ва уларнинг оила аъзолари учун муддатини мамлакатдан чиқмасдан узайтириш имконияти бўлган, амал қилиш муддати 3 йилни ташкил қиладиган «инвестиция визаси» жорий этилади;

Ўзбекистон ҳудудида товарлар ишлаб чиқариш ва хизматлар кўрсатиш бўйича корхоналар ташкил қилиш учун 3 млн АҚШ долларидан ортиқ миқдорда инвестиция киритган хорижий давлатлар фуқароларига, шу жумладан, хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари (иштирокчилари)га Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси 10 йил муддатга соддалаштирилган тартибда берилади;

яшаш гувоҳномаси ёки «инвестиция визаси»га эга хорижий инвесторлар ҳамда уларнинг оила аъзолари Ўзбекистон фуқаролари учун назарда тутилган шартларда тиббий ва таълим хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади;

хорижий инвесторлар, улар томонидан хорижий давлатлар фуқаролари орасидан жалб этиладиган мутахассислар ва уларнинг оила аъзоларини вақтинча рўйхатга олиш инвестиция лойиҳаси рўёбга чиқарилаётган ҳудуддаги аҳоли яшаш пунктида, мамлакатнинг бошқа ҳудудларида бўлганда қайта рўйхатдан ўтиш мажбуриятисиз, визанинг амал қилиш муддатига (виза мавжуд бўлмаганда эса 1 йил муддатга) амалга оширилади.

Бешинчидан, Ўзбекистон–Амирликлар инвестиция компанияси – Абу Даби ривожланиш жамғармаси (75%) ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси (25%)  томонидан шакллантириладиган 5 млн АҚШ доллари миқдоридаги устав фондига ва 1 млрд АҚШ доллари миқдоридаги эълон қилинган капиталига эга бўлган масъулияти чекланган жамият очилади.

Компания фаолият кўрсатаётган ва янги ташкил қилинаётган хўжалик юритувчи субъектларнинг устав капиталларида улушлар сотиб олиши, бу улушларни бошқа инвесторларга сотиши, қарзлар бериши, қимматли қоғозларни муомалага чиқариши ва бошқа шаклларда инвестиция фаолиятини олиб бориши мумкин.

Бундан ташқари, инвестиция компанияси муҳим миссияга эга  –  БАА билан инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш, ушбу мамлакат инвестициявий, молия институтлари ва компаниялари билан инвестициявий муносабатларни мувофиқлаштириш, қўшма инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқаришга кўмаклашиш.

Қўшимча имтиёзлар ҳам назарда тутилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 18.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Контрактларни мажбурий экспертиза қилиш ва рўйхатдан ўтказиш бекор қилинади

 

Президентнинг 10.01.2019 йилдаги ПҚ-4105-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тўғрисида низом (3-илова) тасдиқланди, ҳужжат билан унинг мақоми, вазифалари, функциялари, ваколати ва фаолиятининг ташкилий асослари белгиланди.

 

Энди Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази ташкил этилган Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги тузилмасига ўтказилди (илгари ЛБМА қошида бўлган).

Параллель равишда янги тартиб жорий этилмоқда, унга мувофиқ:

♦ устав фондида (капиталида) давлат улуши 50% ва ундан ортиқ бўлган юридик шахслар, шунингдек устав фондининг (капиталининг) 50%и ва ундан ортиғи шундай ташкилотларга тегишли бўлган юридик шахслар ҳар йили 1 декабрга қадар келгуси йилда жорий хўжалик фаолиятини таъминлаш учун моддий-техник ресурслар рўйхатини шакллантиради ва эълон қилади. Рўйхат кўрсатилган субъектларнинг кузатув кенгашлари розилиги билан давлат харидлари сайтида мажбурий тартибда шакллантирилади;

♦ 2020 йил 1 январдан бошлаб рўйхат бўйича (капитал қўйилмалар бундан мустасно) товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидлари бўйича техник топшириқлар, контрактлар ва импорт контрактлари Марказда экспертизадан ўтказилмайди. Бунда давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиш ва товарларнинг нархлари мувофиқлиги учун жавобгарлик бошқарув органларига юкланади;

♦ 2019 йил 1 февралдан бошлаб товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидлари бўйича техник топшириқлар нарх кўрсаткичларининг ўртача бозор даражасини ўрганиш натижалари бўйича дастлабки ҳисоб-китоблар асосида шакллантириладиган уларнинг чекланган қийматини белгилаган ҳолда экспертизадан ўтказиш учун Марказга тақдим этилади;

контрактлар, импорт контрактлари ва уларга қўшимча келишувлар Марказда мажбурий экспертиза ва рўйхатдан ўтказилмайди. Тузилган контрактлар ва импорт контрактларининг техник топшириқларга мувофиқлиги, шунингдек уларнинг бажарилиши учун давлат буюртмачиси жавобгар бўлади;

♦ давлат буюртмачиси контрактларни, импорт контрактларини ихтиёрий равишда шартнома асосида экспертизадан ўтказиш учун Марказга тақдим этиши мумкин. Бунда товарлар (иш ва хизматлар) давлат харидига техник топшириқларни комплекс экспертизадан ўтказганлик учун ҚҚС ҳисобга олинмаган ҳолда давлат буюртмачиси томонидан белгиланган чекланган қийматнинг 0,1%и, лекин ЭКИҲнинг 100 баробаридан ортиқ бўлмаган миқдорда тўлов ундирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 11.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Олий таълим муассасасига қабул: янги тизим жорий этилмоқда

 

Абитуриентларни олий таълим муассасаларига қабул қилиш жараёнини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар Президентнинг 17.01.2019 йилдаги Фармони ва 2019 йил учун Давлат дастурида назарда тутилган.

 

2019/2020 ўқув йилига қуйидаги чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган:

биринчидан, олий таълим муассасаларига ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тартибини босқичма-босқич жорий этиш бошланади;

иккинчидан, муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга шахслардан иборат абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун алоҳида квоталар ажратилади. Қабул улар ўртасида ўтказиладиган танлов асосида амалга оширилади.

учинчидан, ОТМ иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳанинг истиқболдаги эҳтиёжларини, шунингдек, муассасаларнинг кадрларни сифатли тайёрлашни ташкил этиш имкониятларини ҳисобга олган ҳолда талабаларни қабул қилиш квоталарини мустақил равишда белгилайдиган бўлади. Бунгача квоталар тақсимоти таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан тасдиқланган. Тартибга солувчи ҳужжатни жорий йилнинг 1 мартига қадар тасдиқлайдилар.  Шу муддатда хорижий дипломларни нострификациялашдаги сунъий тўсиқларни бартараф этиш ва уларни тан олишни соддалаштириш бўйича ҳужжат ишлаб чиқилади.

тўртинчидан, талабаларга ҳужжатларни бир вақтда бир нечта ОТМга топшириш имконияти тақдим этилади. Тегишли ҳужжат лойиҳаси 2019 йил 1 апрелга қадар ишлаб чиқилади. Ҳужжат билан кириш синовлари натижаларига кўра олган баллари етишмаган тақдирда бошқа ОТМ ёки бошқа ўқув йўналиши бўйича ўқиш имконияти ҳам назарда тутилади;

бешинчидан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда 5 йил ва ундан ортиқ муддат давомида бенуқсон фаолият кўрсатаётган ўрта ва ўрта-махсус маълумотли ёки бошқа (ноюридик) мутахассислик бўйича олий маълумотга эга ходимлар олий юридик таълим муассасалари сиртқи бўлимларига  имтиёзли равишда киришлари мумкин. Ўқитиш шартнома асосида кейинчалик тегишли органларда камида 5 йил ишлаб бериш шарти билан амалга оширилади. Ҳужжат лойиҳаси шу йилнинг 1 апрелига қадар киритилади.

 

Ленара Хикматова, Олег Заманов, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 646 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика