Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 02-03 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатлар тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Юристлар маслаҳатидан фойдаланиш имконияти ошди

 

Миллий ҳуқуқий интернет портали, бепул юридик маслаҳатлар билан Advice.uz ахборот тизими яратилади. Бу Президентнинг 9.01.2019 йилдаги ПФ-5618-сон Фармонида назарда тутилган.

 

Адлия вазирлигига қўшимча вазифалар юклатилди:

► ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан ошириш, ушбу фаолиятни ташкил қилишда принципиал янги ёндашувларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

► давлат органлари ва ташкилотларнинг ҳуқуқий ахборотдан кенг кўламда фойдаланишини таъминлаш, уларнинг ушбу соҳада фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан самарали ҳамкорлик қилиш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

► давлат органлари ва ташкилотлар томонидан ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўйича олиб борилган ишларни ўрганиш, шунингдек, уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар тайёрлаш;

► аҳолининг турли қатламлари, шу жумладан, тадбиркорлар ва ёшларнинг ахборотга бўлган эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда ҳуқуқий тарғиботни амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

► ижрочилар ва аҳолини қонунчиликнинг моҳияти ва аҳамияти тўғрисида хабардор қилишнинг сифатини тубдан яхшилаш мақсадида кенг жамоатчилик фикрини ўрганиш, таҳлил қилиш, ушбу соҳада ишларни янада такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқиш.

Жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш бўйича тадбирларни мониторинг қилиш ва баҳолашнинг кўрсаткичлари тасдиқланади. Доимий равишда энг долзарб, аҳолини қизиқтирадиган масалаларни белгилаш бўйича ишлар олиб борилади. Улар бўйича манзилли ва предметли ҳуқуқий тарғибот амалга оширилади. Кундалик ҳаётда кўп учрайдиган ҳуқуқий масалалар юзасидан савол-жавоб тарзидаги қўлланмалар тайёрланади. Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул ихтиёрий юридик ёрдам кўрсатиш (pro bono) тизимини ривожлантириш назарда тутилган.

Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшган давлат органлари ва ташкилотлар ходимларини рағбатлантириш учун «Ҳуқуқий тарғибот ишлари аълочиси» кўкрак нишони таъсис этилади.

2019 йил 1 июлга қадар аҳолига бепул маслаҳат бериш порталини ўз ичига олган Advice.uz ҳуқуқий ахборот тизими ишга туширилади.

2020 йил 1 январга қадар Миллий ҳуқуқий интернет порталини яратиш якунланади. Унинг контенти қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси ҳамда қўшимча ҳуқуқий маълумотлар (юридик луғат, ҳуқуқий адабиётлар электрон майдончаси, қонун ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси бўйича онлайн форум ва бошқалар) етказиш тизимини ўз ичига олади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 10.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

КCЗ иштирокчилари учун имтиёз ва преференциялар бекор қилинмоқда

 

Президентнинг 10.01.2019 йилдаги ПФ-5621-сон Фармони чиққандан кейин кичик саноат зоналари иштирокчиси бўлишга қарор қилган ташкилотлар эндиликда бу имтиёз ва преференцияларга эга бўла олмайдилар. Лекин фаолият кўрсатаётган иштирокчилар барча имтиёзларни 2020 йилнинг 1 январига қадар сақлаб қоладилар.

 

Маълумот учун: кичик саноат зонаси – муайян ер участкасини ўз ичига олувчи ҳудуд, алоҳида ҳолларда эса – муҳандислик-техника коммуникациялари билан таъминланган ишлаб чиқариш майдонлари.

 

Эркин иқтисодий зоналардан фарқли ўлароқ, КСЗ иштирокчиларига тақдим этиладиган имтиёзлар бирхиллаштирилмаган:

а) солиқ имтиёзларининг тури, тартиби ва қўллаш муддатлари КСЗ жойлашган минтақалар кесимида фарқланади. Буларнинг барчаси у ёки бу КСЗни ташкил этиш назарда тутилган ҳужжатда қайд этилади.

Масалан, Тошкент ва Тошкент вилоятидаги КСЗ иштирокчилари улар жойлаштирилган кундан эътиборан 2 йил муддатга юридик шахсларга солинадиган мол-мулк солиғи ва фойда солиғидан (солиққа тортишнинг умумбелгиланган тизими қўлланаётганда) ҳамда ягона солиқ тўловидан («соддалаштирилган» тартибда) озод этилади.

Эндиликда мазкур имтиёзлар юқорида келтирилган КСЗларнинг янги аъзоларига тақдим этилмайди.

б) барча КСЗда амал қилаётган солиққа оид бўлмаган қуйидаги бир қатор преференциялар мавжуд:

► ишлаб чиқариш майдонлари ижара тўловининг энг кам ставкасини қўллаш;

► зарур ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмани қуриш «Ўзбекэнерго» ДАК, «Ўз­трансгаз» АК, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва пойтахт ҳокимлиги ва бошқаларнинг шахсий маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

Ҳужжатда айнан қайси имтиёз ва преференциялар бекор қилингани аниқлаштирилмаган, шунинг учун якуний хулосаларни тартибга солувчи ҳужжатларга тузатишлар киритилгандан кейин чиқариш мумкин.

Нима бўлганда ҳам, 2019 йилнинг 11 январига қадар (10.01.2019 йилдаги ПФ-5621-сон Фармоннинг кучга кирган санаси, таҳр.) КСЗ иштирокчиси бўлган хўжалик субъектларининг хавотирланишларига ўрин йўқ. Улар солиққа оид ва оид бўлмаган барча имтиёз ҳамда преференциялардан 2020 йилнинг 1 январига қадар фойдаланишда давом этаверадилар.

Аммо имтиёзларнинг бекор қилиниши рағбатлантириш тусидаги чоралардан тўлиқ воз кечишни англатмайди. Хусусан, КСЗ иштирокчилари қуйидаги бино ва иншоотларни (ёки уларнинг қисмини) хусусийлаштиришга ҳақлилар:

► улар томонидан инвестицион ва бошқа ижтимоий мажбуриятлар тўлиқ бажарилган тақдирда берилган, лекин иштирокчи мақомини олган санадан бошлаб камида 5 йил ўтгандан кейин;

► ўз ҳисобидан реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари ўтказилган, лекин иштирокчи мақомини олган санадан бошлаб камида 3 йил ўтгандан кейин.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 11.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Нотариус лавозимига танлов қандай ўтказилади

 

Адлия вазирининг буйруғи (4.01.2019 йилда 3114-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан нотариус лавозимига тайинлаш бўйича танлов ўтказишнинг янги тартиби тасдиқланди.

 

Бунгача амал қилган тартиб 2019 йил 5 январдан ўз кучини йўқотди.

Нотариусларни танлаб олиш механизми ва танлов ўтказиш тартиб-таомилига ўтган йилиёқ жиддий ўзгартиришлар киритилган. Нотариус лавозимига талабгор жавоб бериши керак бўлган талабларнинг қайта кўриб чиқилгани асосий янгилик бўлди. У 25 ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик мутахассислик бўйича камида 3 йиллик иш стажига эга бўлган, ш.ж. нотариал идорада камида 1 йил стажировка ўтаган, малака имтиҳонини топширган мамлакат фуқароси бўлиши мумкин. Бунда судьялик лавозимида камида 5 йил ишлаган ёки нотариус ёрдамчиси ёхуд адлия органларининг нотариал фаолиятга раҳбарлик қилиш ва ушбу фаолиятни назорат қилиш билан боғлиқ лавозимларида камида 3 йил ишлаган шахслар учун стажировкадан ўтиш талаб қилинмайди.

Энди танлов ўтказиш тартиб-таомилига оид асосий ўзгартиришларни ёритамиз.

Биринчидан, талабгор танловдан ўтиш учун тақдим этадиган ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилди. Аризага қуйидагиларни илова қилиш зарур:

► паспорт нусхаси;

► белгиланган шаклдаги сўровнома;

► диплом ёхуд хорижий таълим муассасасида олинган дипломнинг нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисидаги гувоҳномаси нусхаси;

► меҳнат дафтарчасининг тасдиқланган нусхаси ёки юридик мутахассислик бўйича иш стажини тасдиқловчи «Электрон меҳнат дафтарчаси» тизимидан кўчирма;

► судланганлик ҳақида маълумотнома;

► малака имтиҳонини топширганлиги (қайта топширганлиги) ҳақида ҳудудий адлия органи ҳузуридаги малака комиссиясининг қароридан кўчирма (малака имтиҳонини топширган, лекин нотариус лавозимида 3 йил мобайнида ишламаган фуқаролар учун).

Кўрсатилган ҳужжатлар Адлия вазирлигига электрон шаклда тақдим этилади.

Илгари амал қилган тартибга кўра ишчи орган малака комиссиясининг қароридан кўчирмани, шунингдек адлия органлари тизимида ишлаётган шахсларнинг маълумоти ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларни мустақил равишда олган. Шу сабабли уларнинг меҳнат дафтарчаси ва диплом тақдим этиши талаб қилинмаган. Бундан ташқари, рўйхатга сўровнома ва судланганлик ҳақида маълумотнома қўшилди.

Тақдим этиладиган ҳужжатлар алоҳида файллар кўринишида (ўлчами 10 Мб дан ошмайдиган) расмийлаштирилади ва PDF форматида сканер қилинган ҳолда жўнатилади.

Иккинчидан, танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон ОАВ ва Адлия вазирлигининг сайтида (адлия бошқармаларининг сайтларида) ҳамда «Инсон ва қонун» газетасида жойлаштирилади. Танлов ўтказилиши ҳақида хабар қилинган кундан бошлаб ҳужжатларни тақдим этиш муддати бир ойдан 15 кунгача қисқартирилди.

Учинчидан, талабгор Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти ҳудудларида жойлашган нотариал идоралардаги нотариус лавозимига даъвогарлик қилаётган бўлса, мазкур ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиши ҳақидаги мажбурий мезон бекор қилинди. Яъни пойтахт ва пойтахт вилоятида пропискага эга бўлмай туриб ҳам нотариус бўлиб ишлаш мумкин.

Тўртинчидан, танлов суҳбат тарзида ўтказилади (илгари – оғзаки-ёзма равишда). Саволларда қуйидаги соҳалар қамраб олинади:

► давлат ва жамият қурилиши ҳамда ижтимоий-сиёсий соҳадаги ислоҳотлар;

► фуқаролик ҳуқуқи;

► нотариат.

Саволларга тайёрланиш учун 20 дақиқагача вақт ажратилади. Жавоблар 10 баллик тизимда баҳоланади.

Илгари танлов ижтимоий, ҳуқуқий ва нотариат соҳасидаги 5 та саволга ёзма ва оғзаки жавоб бериш асосида ўтказилиб, уларга тайёрланиш учун 90 дақиқа вақт ажратиларди.

Имтиҳондан ўтувчиларнинг уяли телефон, бошқа алоқа ва телекоммуникация воситалари, китоб ҳамда шпаргалкаларни танловга олиб кириши тақиқланади. Танлов ўтказиш куни ва жойи у ўтказилишидан 5 кун олдин Адлия вазирлигининг веб-сайтида эълон қилинади.

Бешинчидан, нотариус лавозимига тайинланган, бироқ охирги 3 йилда нотариус, нотариус ёрдамчиси, нотариус стажёри ёки нотариус котиби лавозимида ишламаган шахслар Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган дастур бўйича бир ойлик амалиётни ўтайдилар. Бунинг устига амалиёт мураббийи – амалиёт соҳаси бўйича етарли тажриба ва кўникмаларга эга бўлган ҳамда камида 3 йил лавозимда ишлаётган нотариус белгиланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 5.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Гаевой, Олег Заманов, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.

Прочитано: 1484 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика