Norma.uz
Норма маслахатчи / 2019 йил / № 01 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

ЯТТ учун «солиқ амнистияси» узайтирилди

 

Фаолият юритмаётган якка тартибдаги тадбиркорларнинг солиқ қарзлари ва жарима санкциялари ҳисобдан чиқарилган ҳолда улар фаолияти тикланиши мумкин бўлган муддат узайтирилди (26.12.2018 йилдаги ПФ–5607-сон Фармонга асосан).

 

Эслатиб ўтамиз, 28.07.2018 йилдаги ҳолатга кўра мавжуд бўлган қатъий белгиланган солиқ ва ушбу қарздорлик учун ҳисобланган пенялар бўйича қарздорликни, шунингдек молиявий жарималар ва суд харажатлари бўйича қуйидагиларга ҳисобланган қарздорликни ҳисобдан чиқариш ҳақида қарор қабул қилинган эди:

► 2018 йил 1 апрелга қадар якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсларга ва ушбу санадан молиявий-хўжалик фаолиятини амалга оширмаётган (шу жумладан, фаолиятини вақтинча тўхтатган) якка тартибдаги тадбиркорларга;

► давлат рўйхатидан ўтмасдан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланганлиги учун бир йиллик қатъий белгиланган солиқ суммаси ҳисобланган жисмоний шахсларга (27.07.2018 йилдаги ПФ–5490-сон Фармоннинг 2-бандига мувофиқ ундирилмаяпти, таҳр.).

«Амнистия» қўллаш учун шарт қўйилди – юқорида кўрсатилган шахслар тадбиркорлик фаолиятини тиклашлари ёки давлат рўйхатидан ўтишлари лозим. Аввалбошдан бунинг учун 2019 йил 1 январгача бўлган муддат белгиланган эди. Ҳозир у яна 6 ойга узайтирилди. Тегишинча, солиқ қарздорлиги, пеня, жарималар ва давлат божини тўлаб, 2019 йил 1 июлгача фаолиятни тиклаш ва ишни давом эттириш мумкин.

Шунингдек 2019 йилдан якка тартибдаги тадбиркорларга солинадиган солиқларга анча ўзгартиришлар киритилганлигини, улар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият турлари рўйхатига эса ўзгартиришлар киритилганлигини эслатиб ўтамиз.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 28.12.2018 йилдан кучга кирди. 

 

 

 

Фойдаланилмаётган нотурар объектлар: бунинг учун ҳақ тўлашга тўғри келади

 

Энди жисмоний шахслар мол-мулк солиғи ва ер солиғини ҳам оширилган ставкаларда тўлашлари керак бўлади. 100 ЭКИҲдан ортиқ солиқ қарзи бўлганда эса суд орқали қарзларни қоплаш ҳисобидан ундирув объектга қаратилади (18.12.2018 йилдаги ПҚ–4064-сон қарорга асосан).

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 15 сентябрдан бошлаб фойдаланилмаётган объектлар мулкдорлари – юридик шахсларга қуйидаги таъсир чоралари қўлланилмоқда: улар соддалаштирилган солиқ солиш тартибидан умумбелгиланган тартибда тўлашга ўтказилмоқда, мол-мулк солиғи ва ер солиғи эса объектнинг «туриб қолиш» муддатига қараб оширилган миқдорда ундирилмоқда (4.09.2018 йилдаги ПҚ–3928-сон қарор).

Амалдаги тартибга тузатиш киритилди, бунинг натижасида:

биринчидан, мол-мулк солиғи ва ер солиғининг белгиланган ставкаларига оширилган коэффициентлар энди жисмоний шахслар – қурилиши тугалланмаган объектлар, бўш турган бинолар, нотурар иншоотлар ва фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари (мулк ҳуқуқининг вужудга келиш асослари ва эгаллаган майдон ҳажмидан қатъи назар) мулкдорларига нисбатан ҳам қўлланилади. Улардан кўрсатилган солиқлар аввалига 2 карра, ярим йил ўтгандан сўнг – 5 карра, бир йил ўтгандан сўнг ва кейинчалик – 10 карра миқдорда ундирилади.

Мазкур ҳолда механизм юридик шахсларга нисбатан қўлланиладиганидан фарқланмайди. Жисмоний шахсларга тегишли фойдаланилмаётган объектлар ёппасига инвентаризация ўтказиш йўли билан аниқланади. Сўнг мулкдорлардан аниқ молиялаштириш манбаларини, муддатлар ва бошқа ҳисоб-китоблар асосланмасини кўрсатган ҳолда аниқланган объект бўйича аниқ «ҳаракатлар режаси» сўралади. Мазкур маълумотлар асосида «йўл харитаси» ва инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилади ва тасдиқланади. 2 ой муддатда инвестиция лойиҳасини тақдим этмаган ёки амалга оширмаган мулкдорларга нисбатан таъсир чораларини қўллаш тўғрисида хулоса тайёрланади. Кейинги ойдан бошлаб (хулоса олинган пайтдан ­эътиборан) солиқлар оширилган миқдорда тўланади.

Шу билан бирга, инвестиция лойиҳаси амалга оширилмаган ёки тақдим этилмаган хусусий мулк объекти бўйича солиқ қарзи текширилади. Агар у 100 ЭКИҲдан ортиқ бўлса, суд тартибида уни қоплаш ҳисобидан ундирув мазкур объектга қаратилади;

иккинчидан, энди таъсир чоралари фақат фойдаланилмаётган объектларнинг хусусий мулкдорларига нисбатан қўлланилади. Яъни Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган давлат органлари муассиси бўлган давлат корхоналарига нисбатан энди мазкур тартиб татбиқ этилмайди. Бироқ устав капиталида хусусий инвесторлар билан бир қаторда давлат улуши бўлган субъектларни умумбелгиланган солиқ солиш тизимига ўтказиш ҳамда уларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини оширилган ставкада тўлаши юзасидан амалиётда саволлар юзага келиши мумкин.

Гап шундаки, бу ҳолда ким «хусусий» ҳисобланиши юзасидан ягона мезон ва ёндашувлар мавжуд эмас.  2017 йил 1 апрелдан тадбиркорлик субъекти давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳномада Мулкчилик шакллари классификатори бўйича кодни кўрсатмай қўйдилар. Ушбу ахборот Тадбиркорлик субъектларининг ягона давлат реестридан кўчирманинг тасдиқланган шаклида ҳам мавжуд эмас.

Шу муносабат билан у ёки бу ҳуқуқий нормани қўллаётганда юридик шахснинг устав капиталидаги давлат улушининг чекланган миқдорини кўрсатиб, масаланинг ечимини топиш мумкин (масалан, 30.10.2018 йилдаги ПФ–5564-сон Фармоннинг 1-банди «а» кичик банди 4, 5-хатбошилари; 12.12.2018 йилдаги ПҚ–4059-сон қарорнинг 1-банди 2-хатбошисига асосан).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.12.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Пахта майдонларида томчилатиб суғоришни жорий этиш рағбатлантирилади

 

Томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилган пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчилар, шунингдек, томчилатиб суғориш тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчилар давлат томонидан қўшимча равишда қўллаб-қувватланади. Аниқ чора-тадбирлар Президентнинг 28.12.2018 йилдаги қарорида белгиланган, унинг матни ЎзАда эълон қилинган.

 

Давлат томонидан қўллаб-қувватлаш қуйидагилардан иборат:

а) Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш технологияларини жорий қилиш учун пахта хом ашёси экиладиган майдоннинг ҳар бир гектарига 8 млн сўм субсидия тақдим этилади;

б) Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчиларига томчилатиб суғориш тизимларини қуриш, реконструкция қилиш ва уларнинг бутловчи қисмларини сотиб олиш учун ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз харажатлари тижорат банклари томонидан белгиланган фоиз ставкасидан бир гектарга 20 млн сўмдан ошмайдиган қисмининг 10 фоизли пункти миқдорида қопланади;

в) бюджет маблағларини олувчилар билан тузиладиган импорт шартномаларини экспертизадан ўтказиш ва рўйхатга олиш талаби пахта хом ашёси ишлаб чиқарувчилари томонидан томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш бўйича ишлар доирасида тузиладиган импорт шартномаларига татбиқ этилмайди;

г) пахта хом ашёсининг маҳаллий ишлаб чиқарувчилари, шунингдек, томчилатиб суғориш тизими ишлаб чиқарувчилари томонидан олиб кириладиган, томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун зарур бўлган бутловчи қисмлар ва хом ашё 2021 йилнинг 1 январига қадар алоҳида рўйхатга мувофиқ божхона божини тўлашдан озод этилади.

2019 йилда пахта хом ашёсини ишлаб чиқарувчиларнинг томчилатиб суғориш технологиясини жорий қилиш билан боғлиқ, шунингдек, тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоизларини қоплаш харажатлари учун 120 млрд сўм ажратилади. Бу харажатларни қоплаб бериш тартиби Молия вазирлиги ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилиб, бир ой муддатда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

 

 

 

2019–2021 йилларда Жамғарма стипендиялари ҳисобидан кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш дастурлари бўйича 4 000 та мутахассисни тайёрлаш режалаштирилмоқда. Уларнинг 20%и магистратура ва докторантурада ўқишади. Бу меъёрлар Президентнинг 4.01.2019 йилдаги ПҚ-4091-сон қарорида назарда тутилган.

 

«Эл-юрт умиди» жамғармаси ҳисобидан қандай кадрлар тайёрланади

 

Белгиланишича, кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказиш учун номзодларни танлов асосида саралаб олиш вазирликлар ва идораларнинг мақсадли буюртмалари асосида Жамғарма маблағлари ҳисобидан қуйидаги йўналишлар бўйича амалга оширилади:

► таълим;

► фан ва илмий тадқиқотлар;

► соғлиқни сақлаш;

► давлат бошқаруви;

► иқтисодиётнинг истиқболли тармоқлари.

Шунингдек, шундай тартиб ўрнатилдики, унга кўра:

а) вазирликлар ва идоралар ҳар йили 1 августга қадар:

► Жамғарма дастурлари бўйича хориждаги етакчи университетлар, илмий марказлар ва бошқа ташкилотларда кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишга буюртмалар портфелини шакллантиради;

► кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор йўналишлари ва мутахассисликлар бўйича таклифларни Жамғармага киритади, шунингдек, энг яхши тайёрланган номзодларни Жамғарманинг танловида иштирок этишлари учун тавсия қилади;

б) Жамғарманинг Васийлик кенгаши:

► Жамғарма стипендияларини олиш учун йўналишлар бўйича номзодларни танлов асосида саралаб олиш юзасидан кадрларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва стажировкадан ўтказишнинг устувор мутахассисликларини тасдиқлайди;

► номзодларни танлов асосида саралаб олишнинг тегишли даражаси ва сифатини таъминлаш мақсадида танлов йўналишлари бўйича ажратилган ўринларни қайта тақсимлаш бўйича қарорлар қабул қилади.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2019 йилнинг 1 апрелидан бошлаб Жамғарма стипендияларини олишга номзодларни хорижий тилларга (инглиз, немис, француз ва бошқалар) ўқитиш махсус дастурлари асосида мақсадли курсларни ташкил этиш чораларини кўради.

Қарор билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича 2019 йилга мўлжалланган чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

Ушбу ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 4.01.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Меҳмонхоналарни қуриш бўйича харажатларнинг бир қисми давлат томонидан қопланади

 

Президентнинг 5.01.2019 йилдаги «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди. Ҳужжат матни ЎзАда жойлаштирилган.

 

Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кичик тадбиркорлик субъектларига туризм инфратузилмаси объектлари, меҳмонхоналар ва санитар-гигиеник шохобчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳаларни молиялаштириш учун ажратилган тижорат банкларининг кредитлари бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация тақдим қилади.

 

3 йилда 1,5 мингдан ортиқ меҳмонхона қурилади

Қарорда тадбиркорларнинг янги меҳмонхоналар қурилишида иштирокини фаоллаштириши ҳамда тегишли лойиҳаларни амалга оширишда уларга ёрдам бериши лозим бўлган чора-тадбирлар назарда тутилган. 2021 йил охирига келиб мамлакатимизда турли қулайликларга эга 50 044 та номерли 2 394 та меҳмонхона фаолият кўрсатиши режалаштирилмоқда.

Хусусан, шундай механизмлар жорий қилиндики, уларга кўра:

а) меҳмонхона қуриш учун ажратилган ер участкаси қурилиш тугаллангандан сўнг инвесторга мулк ҳуқуқи асосида сотилиши мумкин, моддий маданий мерос объектларининг ҳудуди ва муҳофаза зонаси ҳамда қишлоқ хўжалиги учун мўлжалланган ер участкалари бундан мустасно;

б) 2022 йил 1 январгача фойдаланишга топширилган тақдирда, меҳмонхона тоифаси тасдиқлангач янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларининг бир қисми Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланади:

► 3 юлдузли тоифа учун 50 та хонадан кам бўлмаган;

► 4 юлдузли тоифа учун 100 та хонадан кам бўлмаган хоналар фондига эга меҳмонхона.

Бунда, инвесторлар харажатларининг бир қисмини Давлат бюджетидан молиялаштириш миқдори қўшимча равишда ташкил этилаётган хоналар сони 50 мингтага етгунига қадар келгуси йил учун Давлат бюджети параметрларини тасдиқлаш жараёнида ушбу миқдорни ҳар йили индексация қилган ҳолда:

► 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 40 миллион сўм;

► 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхоналардаги ҳар бир хона учун 65 миллион сўмни ташкил қилади.

Янги меҳмонхонани қуриш ва жиҳозлаш учун инвесторлар харажатларини қоплаш учун Давлат бюджетидан маблағ ажратиш тартиби тўғрисидаги Низом 2 ойда тасдиқланади.

Бундан ташқари, белгиланишича, дунёнинг таниқли ва нуфузли меҳмонхона брендларидан (меҳмонхона брендларининг топ-50 рейтингига кўра) фойдаланиш бўйича Ўзбекистон резидентлари бўлган ташкилотлар учун роялти франчайзинг тўғрисидаги шартнома кучга кирган вақтдан бошлаб уч йил мобайнида Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қуйидаги ҳажмда қисман молиялаштирилади:

► дастлабки 50 та 3 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 200 АҚШ доллари эквивалентида;

► дастлабки 30 та 4 юлдузли тоифага эга меҳмонхона – ҳар бир меҳмонхонанинг битта хонаси учун йиллик 400 АҚШ доллари эквивалентида.

Бунда ташкилотлар учун роялтини молиялаштиришнинг умумий ҳажми кўпи билан 10 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлади.

Меҳмонхоналар қуриш учун ажратилган, фойдаланилмаётган ер участкалари ва объектлар, шунингдек лойиҳалар тўғрисидаги ахборот инвесторлар учун Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Савдо-саноат палатасининг сайтларида тақдим этилади. Бундан ташқари, меҳмонхона қуриш учун ер участкалари ва давлат мулки объектлари «E-IJRO AUKSION» майдонида қўйилади.

 

Бу – муҳим! Қарорда кўрсатилишича, қонунчиликка биноан меҳмонхона хизматлари яшаш жойи (прописка), фуқаролик, жисмоний шахсларнинг қариндошлик ва никоҳ муносабатлари, шунингдек, шахсий ҳаёт ҳуқуқини чекловчи бошқа омиллардан қатъи назар кўрсатилиши лозим.

 

Меҳмонхоналар қуйидагиларни олиши юзасидан талабларнинг бекор қилиниши меҳмонхона хизматларининг фаол ривожланишига ёрдам беради:

► меҳмонхона ичида жойлашган ёки унга тегишли бўлган, ижарачиларга алкоголь маҳсулотлари (бар, мини-бар, кафе, ресторан) сотуви билан шуғулланадиган умумий овқатланиш объектлари ва савдо нуқталари учун алоҳида рухсат гувоҳномаси;

► аэропортдан, темир йўл/автойўл вокзалларидан меҳмонхонага ва ундан қайтишга, шунингдек, туризм объектларига ўзининг ижарачилари транспорт хизматларини кўрсатиши учун лицензия.

 

Хостеллар хизматини энди сертификацияланмайди

Хостелларни меҳмон уйлари ва хостеллар реестрига ўрнатилган тартибда киритиш талабини белгилаган ҳолда хостелларнинг меҳмонхона хизматини мажбурий сертификациялаш талаби бекор қилинди.

Бундан буён ҳар йили шаҳарлар ва аҳоли пунктларини ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқишда республиканинг ҳар бир йирик шаҳрида хостеллар ва меҳмон уйлари тармоғини мавжуд бўлиши назарда тутилади.

 

Алоҳида эътиборда

Ҳудудида туризм инфратузилмаси объектлари, шу жумладан жойлаштириш воситалари жойлашган ёки барпо этиладиган моддий маданий мерос объектлари 30 йилга, бироқ 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ижарага берилади.

Ижарачилар 5 йиллик ижара ҳақига тенг миқдорни ўзлари жойлашган моддий маданий мерос объектларини реставрация ва консервация қилишга йўналтириш ҳамда моддий маданий мерос объектларини сақлаш қоидаларига риоя қилиш шарти билан дастлабки 5 йил учун ижара ҳақи тўлашдан озод этилади.

 

Замонавий санитария шохобчалари қурадиган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш кучайтирилди

Тадбиркорлик субъектларини намунавий, шу жумладан тармоқли лойиҳалар асосида замонавий санитар-гигиеник шохобчаларни қуриш учун жалб этадилар. Бунда улар учун назарда тутилган имтиёз ва преференциялар янгилари билан тўлдирилди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 7.02.2018 йилдаги ПҚ-3514-сон қарори билан норма киритилган бўлиб, унга кўра солиқ солинадиган базани:

2020 йилнинг 1 январига қадар – аҳоли ва туристларга хизмат кўрсатиш объектларида замонавий ва тегишли гигиена талабларига мувофиқ келадиган ҳожатхоналарни қайта тиклаш, капитал таъмирлаш ёки қуришга йўналтирилган 100 млн сўмгача;

2025 йилнинг 1 январига қадар – ҳар йили тоза ҳожатхоналарни, шу жумладан фаррошлар иш ҳақи, гигиена, тозалаш ва ювиш воситаларини сотиб олиш, коммунал харажатларни тўлаш, сақлашга ҳар йили йўналтириладиган 12 млн сўмгача камайтириш мумкин.

Бундан ташқари, энди Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг илтимосномасига кўра, уларга 80-100 м2 ўлчамда ер участкаларини электрон аукционга қўймасдан олиш учун устуворлик ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, 2022 йилнинг 1 январига қадар олиб кириладиган туристлар ташриф буюрадиган жойларга ўрнатиладиган антивандал санитария-гигиена шохобчалари божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилди. Олиб кирилган товарлардан мақсадсиз фойдаланилганда имтиёзлар тақдим этилганлиги муносабати билан тўланмаган божхона тўловлари суммаси молиявий санкциялар қўлланилган равишда давлат бюджетига ундириб олинади.

 

 

 

Кўчмас мулк тўғрисида маълумот олиш осонлашди

 

Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом янги таҳрирда тасдиқланди (ВМнинг 29.12.2018 йилдаги 1060-сон қарори).

 

Эслатиб ўтамиз, 2018 йил 1 октябрдан бошлаб кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни рўйхатга олиш тўғрисида гувоҳнома бекор қилинган. Рўйхатга олиш тегишли ёзувни кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар ва улар билан тузилган битимларни давлат реестрига электрон шаклда киритиш билан амалга оширилади.

Бунда дастлаб шу санага режалаштирилган идоралараро ҳамкорлик тартибини (ҳокимликлар, нотариуслар, Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари томонидан кўчмас мулкка бўлган эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар тўғрисидаги, шу жумладан, ушбу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, ўтиши, чекланиши ва бекор қилиниши ҳақидаги ахборотнинг тақдим этилиши) жорий этиш 2019 йил 1 февралга кўчирилди. Шу муддатда махсус ахборот-дастурий комплексни ишлаб чиқишлари ва ишга туширишлари керак.

Бу жиҳатлар янги ҳужжатда акс эттирилган. Шунингдек, илгариги таҳрири билан солиштирганда ҳужжатга қуйидаги ўзгартиришлар киритилди:

биринчидан, кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишнинг ягона қоидалари белгиланди. Илгари юридик ва жисмоний шахслар (тадбиркорлик субъектларидан ташқари) тўғридан-тўғри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳудудий филиалларига, тадбиркорлик субъектлари эса – Давлат хизматлари марказларига мурожаат қилишган.

Энди эса субъектларни тоифалар бўйича бўлиш назарда тутилмаяпти: ҳар бири кўчмас мулк жойлашган жой бўйича Давлат хизматлари марказига ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда мурожаат қилиши мумкин. Қарз берувчига (юридик ёки жисмоний шахс) банк томонидан бериладиган гаров хати – кўчмас мулк гаровга қўйилганлиги тўғрисидаги қарзлик гувоҳномаси истисно ҳисобланади. Бу ҳолатда ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналари ҳудудий филиалларига мурожаат қилиш зарур.

иккинчидан, юридик ва жисмоний шахсларга Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестри маълумотларидан эркин фойдаланиш имконияти берилади. Давлат реестри – кўчмас мулк объектлари ва уларга бўлган рўйхатга олинган ҳуқуқлар тўғрисида давлат томонидан кафолатланадиган расмий ахборот манбаси. Ундан ҳамма эркин фойдаланиши учун у Интернет тармоғига жойлаштирилади.

Кўчмас мулк ва унга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги маълумот реестрдан кўчирма тарзида берилади. Уни ЯИДХП ёки «Давергеодезкадастр» қўмитасининг расмий сайти орқали олиш мумкин. Электрон шаклда ёки қоғозда берилган кўчирмалар юридик кучга эга бўлиш нуқтаи назаридан тенг ҳисобланади;

учинчидан, юридик ва жисмоний шахсларнинг кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларини рўйхатдан ўтказиш учун уларга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида ваколатли органлар ўртасида ахборот-коммуникация маълумотлар алмашинуви жорий этилади;

тўртинчидан, низоларни судгача ҳал қилиш механизми жорий этилади. Бунинг учун «Давергеодезкадастр» қўмитаси ва унинг ҳудудий бўлинмалари қошида махсус комиссиялар ташкил этилади. Улар кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келадиган низоларни мурожаат келиб тушган кундан эътиборан 10 кун мобайнида кўриб чиқадилар.

Комиссиянинг хулосаси рўйхатдан ўтказиш ёки рўйхатдан ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилган шахс учун мажбурий тусга эга бўлиб, у қабул қилган қарорни ўзгартириш учун асос бўлади. Илгари бу қарорни қабул қилган шахслар холислик учун комиссияга кирмайдилар.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 29.12.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Олег Гаевой, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 1222 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика