Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 46 / Сизнинг ҳуқуқингиз

Тўланган бадаллар қайта ҳисоб-китоб қилинмайди

 

Дала ҳовли ширкатида йил бошида, одатдагидек, дала ҳовлилар эгаларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда сметани тасдиқладик ва 2018 йил учун ойлик бадалларни ҳар бир дала ҳовли участкасидан 20 000 сўм миқдорида этиб белгиладик. Бироқ июнда раҳбарият ўзгарди, у ойлик бадалларни 55 000 сўм миқдорида белгилаб, 2018 йил январдан бошлаб қўшимча тўлов тўлашни талаб қилмоқда. Бунда ҳеч қандай йиғилиш баённомасини тақдим этмади.

Ушбу қарор устидан қандай шикоят қилиш мумкин?

Боғдорчилик-узумчилик ширкати бошқаруви йил бошидан ойлик тўловлар суммасини ўзгартириш тўғрисида қарор чиқаришга қанчалик ҳақли?

 

Боғдорчилик-узумчилик ширкати (БУШ) бошқаруви унинг аъзолари умумий йиғилишини ўтказмасдан туриб, аъзолар томонидан тўланадиган ойлик бадаллар миқдорини ўзгартира олмайди.

Ширкатнинг кириш, аъзолик ва мақсадли бадаллари миқдорларини белгилаш масаласини ҳал қилиш БУШ аъзолари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига киради. Уни ўтказиш тартиби ширкатнинг таъсис ҳужжатларида белгиланади (ВМнинг 1.03.2011 йилдаги 51-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 32, 33-бандлари).

Сизнинг ҳолатда 2018 йил январда бадаллар миқдори белгиланган. Шу сабабли июнда уларнинг миқдорини ўзгартириш учун аъзоларнинг навбатдаги йиғилишини чақириш керак эди, улар ўз қарорлари билан уларни тасдиқлашлари талаб қилинар эди. Ушбу қарор қанчалик тўғри чиқарилганини аниқлаш учун БУШ уставини ўрганиб чиқиб, аъзоларнинг навбатдан ташқари йиғилишини чақириш, зарур кворумни тўплаш тартибига ва ҳ.к. риоя этилганини солиштириб кўриш лозим.

Бадалларнинг қайта ҳисоб-китоб қилинишига келсак, агар 2018 йил январдан июнгача аъзолик бадалларининг белгиланган миқдорини тўлаган бўлсангиз, ҳеч қандай қўшимча ҳақ тўламаслигингиз керак. БУШ аъзоларининг бадаллар миқдорини кўпайтириш тўғрисидаги қарори орқага қайтиш кучига эга эмас (ФКнинг 5-моддасидаги сингари).

БУШ аъзоси ширкат аъзолари умумий йиғилиши ва бошқарувининг қарорларини ҳақиқий эмас деб эътироф этиш тўғрисида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга (Низомнинг 21-банди). Даъво аризасини БУШ жойлашган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга тақдим этиш зарур (ФПКнинг 26, ­33-моддалари).

 

Сабоҳат Султонова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1053 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика