Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 46 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Қайта ташкил этишнинг юридик жиҳатлари

 

Фермер хўжалигининг балансида ер участкаси бор. Иссиқхона қуришга маблағи йўқлиги сабабли фермер хўжалиги раҳбари инвесторлар сифатида чиқишга тайёр бўлган жисмоний шахсларга мурожаат қилди. Бироқ улар фермер хўжалигини масъулияти чекланган жамиятга айлантириш ва унга муассислар сифатида кириш ҳақида шарт қўйдилар, улар қурган иссиқхона устав капиталига ҳисса бўлади. Фермер хўжалиги раҳбари ўз навбатида ишларни бошқаришни ва ўз улушини тўлалигича уларга топшириши керак.

Фермер хўжалигини иккита янги муассис кирадиган МЧЖ сифатида қайта ташкил этиш учун қандай тартиб-таомиллардан ўтиш керак?

 

Бу ҳолда қуйидаги тартиб-таомилларни амалга ошириш зарур.

Фермер хўжалиги масъулияти чекланган жамиятга айлантирилиши мумкин («Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонуннинг 31-моддаси).

Қайта ташкил этиш йўли билан тузилаётган тадбиркорлик субъектлари – юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 9.02.2017 йилдаги 66-сон қарорига 1-илова) 2 ва 3-бобларида назарда тутилган тартибда амалга оширилади.

Ўзгартириш йўли билан қайта ташкил этиш учун зарур ҳужжатлар қуйидагилардир:

► фермер хўжалиги муассисининг (раҳбарининг) қарори;

► янгидан тузилаётган МЧЖнинг давлат тилида тасдиқланган устави;

► топшириш далолатномаси.

Топшириш далолатномаси қайта ташкил этилаётган юридик шахснинг (фермер хўжалигининг) барча кредиторлари ва қарздорларига нисбатан барча мажбуриятлари бўйича, шу жумладан тарафлар баҳслашаётган мажбуриятлар бўйича, ҳуқуқий ворислик тўғрисидаги қоидаларни ўз ичига олган бўлиши керак (ФКнинг 49–51-моддалари; Низомнинг 27-банди).

Кўрсатилган ҳужжатлар рўйхатдан ўтказувчи органга (Давлат хизматлари марказига) Низомда белгиланган тартибга мувофиқ тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйишнинг автоматлаштирилган тизими воситасида ёки ўзи келган ҳолда тақдим этилиши мумкин.

Қайта рўйхатдан ўтказиш учун сўровнома ёки аризани юборишдан олдин қайта ташкил этилаётган фермер хўжалиги кредиторларни таништириш учун қайта ташкил этиш хабарномасини Ягона интерактив давлат хизматлари порталида эълон қилади. Бунда кўрсатилган хабарномани босма ОАВда эълон қилиш талаб этилмайди (Низомнинг 28-банди).

Фермер хўжалиги ер участкасини узоқ муддатли ижарага олиш шартномасини тузган («Фермер хўжалиги тўғрисида»ги Қонун; Низом, ВМнинг 30.10.2003 йилдаги 476-сон қарорига 7-илова). Қайта ташкил этилгандан сўнг ушбу ер участкаси фермер хўжалигидан МЧЖ номига қайта расмийлаштирилиши керак.

Ўзгартириш йўли билан қайта ташкил этилгандан сўнг собиқ фермер хўжалиги раҳбари МЧЖнинг ягона иштирокчисига (муассисига) айланади.

МЧЖнинг ягона иштирокчиси МЧЖнинг устав фондидаги (устав капиталидаги) ўз улушини ёхуд унинг бир қисмини бир ёки бир неча иштирокчига сотишга ёки ўзга тарзда улар фойдасига воз кечишга ҳақлидир. МЧЖ устав фондидаги улушни (улушнинг бир қисмини) сотиш ёки ундан бошқа шахснинг фойдасига воз кечиш, агар уни нотариал шаклда амалга ошириш тўғрисидаги талаб МЧЖнинг уставида назарда тутилган бўлмаса, оддий ёзма шаклда амалга оширилиши керак («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 20-моддаси).

Учинчи шахсларни МЧЖ иштирокчилари таркибига киритиш учун рўйхатдан ўтказувчи органга қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш лозим:

► МЧЖ ягона иштирокчисининг МЧЖ устав фондидаги 100% улушини сотиш тўғрисидаги қарори;

► МЧЖнинг ягона иштирокчиси ўз ҳиссасини тўлиқ миқдорда киритганини тасдиқловчи ҳужжатлар;

► улуш ўтганини тасдиқловчи ҳужжат (улушнинг олди-сотди ёки ундан бошқа шахснинг фойдасига воз кечиш шартномаси);

► МЧЖнинг давлат тилидаги янги таҳрирдаги таъсис шартномаси ва устави;

► таъсис ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар (ариза, давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги тўлов ҳужжати).

Қайта рўйхатдан ўтгач, МЧЖ иштирокчилари ижарага олинган ер участкасида иссиқхона қуриш учун пул маблағлари кўринишида МЧЖ устав фондига қўшимча ҳисса киритишлари, бу билан МЧЖ устав фонди миқдорини кўпайтиришлари мумкин (МЧЖ тўғрисидаги Қонуннинг 15–18-моддалари).

МЧЖ устав фондига қўшимча ҳисса тўлиқ қўшилганлиги (кўпайтирилгани/шакллангани) далили МЧЖ таъсис ҳужжатларида акс эттирилиши ҳамда рўйхатдан ўтказувчи органда белгиланган муддатда ва тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак.

 

Азим Ажибеков, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1060 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика