Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 43 / Паспорт масалалари

Муаммосиз уйга етиб келиш учун

 

Паспортимдаги Виза ва рухсатномалар бериш бўлими стикерининг амал қилиш муддати тугаганда Қатар давлатида бўламан.

Шунда визани расмийлаштириш талаб этиладиган бошқа мамлакат, масалан, БАА, Малайзия, Таиланд ва бошқага учиш, кейин эса яна Қатарга қайтиб, керакли вақтда Виза ва рухсатномалар бериш бўлими стикерини янгилаш учун муаммосиз Ўзбекистонга келсам бўладими?

 

Стикернинг амал қилиш муддати чет элда тамом бўлиши Ўзбекистонга киришда, шунингдек бир хорижий давлатдан бошқасига сафар қилишда жавобгарликка тортиш учун асос бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ кириш визаларини расмийлаштириш талаб этилмайдиган хорижий давлатлардан бошқа хорижий давлатларга сафар қилиш бундан мустасно (Тартибнинг I бўлими 7-банди 2-хатбошиси, ВМнинг 6.01.1995 йилдаги 8-сон қарорига 1-илова).

Шу тариқа, Қатар давлатида бўлган пайтингизда стикернинг амал қилиш муддати тугаса, сиз тилга олган мамлакатларга чиқишингиз мумкин. Сўнг яна Қатарга қайтишингиз ва уни узайтириш учун Ўзбекистонга келишингиз мумкин. ЎзРнинг чет элдаги дипломатик ваколатхонасида вақтинча консуллик ҳисобида туриши мумкин бўлган фуқаролар (хизмат сафарига, ўқишга, даволанишга, контракт бўйича ишлашга чиққан фуқаролар) тоифасига кирсангиз, Ўзбекистон Республикасининг Саудия Арабистонидаги Элчихонасига вақтинча консуллик ҳисобига туриш ва стикернинг амал қилиш муддатини узайтириш учун мурожаат қилишингиз лозим (Тартибнинг II бўлими 5-банди).

 

Ҳуқуққа эга

 

Ота никоҳда бўлмаган фарзандини, бунда фарзанди отасининг фамилиясини олган, туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасининг «Отаси» устунида унинг Ф.И.О. қайд этилган бўлса, ўз уйида пропискадан ўтказа оладими?

А.Зеленский. Тошкент ш.

 

– Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан туғилган болалар ота-онаси ва уларнинг қариндошларига нисбатан ўзаро никоҳда бўлган шахслардан туғилган болалар билан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга бўладилар (Оила кодексининг 64-моддаси).

Қариндошлар «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Қонун кучга киргунга қадар ўзларининг тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлари доимий прописка қилинган уй-жой майдонига прописка қилинади (14.09.2011 йилдаги ЎРҚ-296-сон Қонун билан тасдиқланган Рўйхатнинг 2-банди).

Тўғри шажара бўйича биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошлар, яъни ота-она фарзандларининг, фарзандлар ота-оналарининг, бобо ва бувилар невараларининг, неваралар бобо ва бувиларининг уй-жой майдонига прописка қилинади.

Шу сабабли болани ўз отасиникида доимий пропискадан ўтказиш учун Тошкент шаҳри ИИБнинг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиш зарур:

► белгиланган шакл бўйича ариза;

► паспорт;

► турар жой учун ҳужжатларнинг нусхалари;

► уй-жой мулкдорининг (мулкдорларининг) турар жой майдони бериш тўғрисидаги аризаси (розилиги) ёхуд нотариал тасдиқланган аризаси (розилиги), агар шахсан ўзи бериш имкони мавжуд бўлмаса;

► бола туғилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси;

► давлат божи тўланганлиги тўғрисидаги квитанция (Низомнинг 4-банди, ВМнинг 16.02.2012 йилдаги 41-сон қарорига 1-илова).

 

Розилигимни тасдиқлайман

 

Ота-онамнинг квартирасида яшаймиз. Бошқа шаҳарда турган ва қачон келиши номаълум бўлган отамнинг рухсатисиз турмуш ўртоғимни вақтинча пропискадан ўтказа олмаяпман.

Отамнинг ишончномаси бўйича уни прописка қилдира оламанми? Ёки бунинг бошқа усуллари мавжудми?

Дилором Д. Тошкент ш.

 

– Ҳа, турмуш ўртоғингизни прописка қилдириш учун отангизнинг розилигини олишингиз зарур, у Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши керак (АВ томонидан 28.06.2016 йилда 2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 5-банди).

 

Шартномага кўра

 

12 яшар қизимиз Москвадан кузатувимизсиз нотариал розилигимизга кўра «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси орқали учиб кетди (муддати бола 18 ёшга тўлгунча, бориш ва қайтишга деб кўрсатилган).

У ушбу розилик билан кузатувимизсиз қайтиб учиб кела оладими?

А.Меримова.

 

– Сиз билан «Ўзбекистон ҳаво йўллари» авиакомпанияси ўртасида фарзандингизни бориш ва қайтишда ташиш учун тузилган шартномага кўра уни кузатувчи шахс белгиланади. Вояга етмаган бола учиб кетаётганда аэропортда 3 нусхада «Ташиш учун сўровнома» расмийлаштирилади. Бир нусхаси бола жўнаб кетаётган аэропортда ташувчининг жавобгарлиги остига берилганлиги далилини тасдиқлаш учун вояга етмаган болани кузатаётган шахсга топширилади. Сўровноманинг иккинчи нусхаси – бола тайинланган аэропортда қабул қилувчи ташувчининг вакилига топширилганлигини расмийлаштириш учун экипажга топширилади. Учинчи нусхаси кузатиб борилаётган боланинг чиптасига илова қилинади ва бола уни кутиб олувчига топширилганлиги далилини тасдиқлаш учун хизмат қилади.

Шу тариқа, ота-онанинг болани шартномада қайд этилган тарзда ташишга нотариал тасдиқланган розилигига кўра юқорида кўрсатилган тартибда болангиз Москвага қайтиб келиши мумкин.

 

 

Аҳвол ўзгармади

 

Ўзбекистон фуқаросиман. 2014 йилда Корея Республикасида паспортимни йўқотиб қўйганман. Ўзбекистоннинг Кореядаги Элчихонаси берган вақтинчалик ҳужжат билан ватанимга қайтганман. Мамлакат ташқарисида ва ичида қонунбузарликларга йўл қўймаганман. МФРБ ББда менга чеклов қўйишди, бироқ бунинг сабаби ва уни қачон олиб ташлашлари хусусида тушунтириш беришмади. Оқибатда 2 йилдан буён МДҲ ташқарисига чиқа олмаяпман.

Бу вазиятда қандай йўл тутишим мумкин?

Евгений Н. Тошкент ш.

 

– Бир қатор сабаблар чет элга бориш ҳуқуқини чеклаш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Масалан, агар шахсга нисбатан ИИВда ёки ТИВда ваколатли органларнинг ушбу шахснинг чет элда бўлган вақтида келган мамлакати қонунларини бузганлиги (қонун бузилишлари рўйхати тегишли органлар томонидан белгиланади) тўғрисидаги ахбороти, шунингдек бориши мақсадга мувофиқ эмаслигини кўрсатадиган ахбороти мавжуд бўлса – ахборот ҳисобга олинган кундан бошлаб 2 йил ўтгунга қадар (8-сон Тартибнинг III бўлими «з» банди).

Сизнинг ҳолатда Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг чет элда паспортини йўқотиши ўша мамлакат қонунларини бузиш ҳисобланади.

Фуқаро Тартибнинг III бўлимида назарда тутилган асосларга кўра чет элга бориш ҳуқуқининг рад этилиши, белгиланган муддатдан ортиқ жавоб бермаганлик ҳолати юзасидан юқори турувчи органга шикоят қилиши мумкин, у бир ойдан кечиктирмай жавоб бериши керак, унинг қароридан норози бўлганда эса судга шикоят қилиши мумкин.

Чет элга бориш ҳуқуқи чекланишининг қуйидаги сабаблари устидан шикоят қилишга йўл қўйилмайди:

► шахс давлат сири ҳисобланган маълумотлардан воқиф бўлса ёки унинг чет элга боришига монелик қилувчи бошқа шартнома, контракт мажбуриятлари амалда бўлса;

► шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган бўлса;

► шахс чақириқ участкасида рўйхатга олинган ва ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматга чақирилиши керак бўлса;

► шахсга нисбатан ИМВда ёки ТИВда ваколатли органларнинг ушбу шахснинг чет элда бўлган вақтида келган мамлакати қонунларини бузганлиги тўғрисидаги ахбороти мавжуд бўлса (8-сон Тартибнинг III бўлими «а», «б», «ж» ва «з» бандлари).

2 йилдан ортиқ ҳисобда турган бўлсангиз, Ўзбекистон Республикаси ИИВнинг Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармасига мурожаат қилиб, чет элга боришга чекловни олиб ташлашни сўраб ариза беришингиз лозим.

 

Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 992 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика