Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 43 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Cув, электр ва газ учун тўлов муддати ўтказиб юборилса – шу заҳоти тармоқдан узиб қўядилар

 

16.10.2018 йилдаги ЎРҚ–500-сон Қонун билан Уй-жой кодексининг 134-моддасига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Кодекс илгари қабул қилинган қонуности ҳужжатларнинг нормаларини ўзида жамлади.  

 

Биринчидан, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари маиший истеъмолчиларининг тўлов муддатлари билан боғлиқ зиддиятлар бартараф этилди. Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 16.11.2017 йилдаги ПФ–5241-сон Фармонига мувофиқ, 2018 йил 1 январдан бошлаб барча гуруҳ истеъмолчиларига ушбу хизматлар 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлаш асосида кўрсатилмоқда.

Бироқ УЖКнинг 134-моддасида бошқа механизм – тўловларни ўтган ойдан кейинги ойнинг ўнинчи кунидан кечиктирмай ҳар ойда тўлаш назарда тутилган эди. Яъни қонунда ҳақиқатда истеъмол қилинган сув ҳажми учун (ёхуд ўтган ой учун норматив бўйича) кейин ҳақ тўлашга рухсат берилган эди. УЖК ва ­ПФ–5241-сон Фармон ўртасидаги зиддият бартараф этилди. 17.10.2018 йилдан бошлаб сув ва канализация учун тўлиқ олдиндан ҳақ тўлаш талаб этилади.

Сув ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш приборларига эга бўлган маиший истеъмолчилар 100 фоизлик олдиндан ҳақ тўлашининг аниқ механизми кейинроқ белгиланса керак.

Иккинчидан, маиший истеъмолчилар илк бор муддатни ўтказиб юборганларида сув таъминоти, канализация, электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилишига йўл қўйилмас эди. УЖКнинг 134-моддасида фуқароларга қарзни қоплаш учун 3 ойлик муддат берилган эди. Аслида Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 70-банди ва Табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг 97-бандида бундан кам муддатлар (қарийб дарҳол) назарда тутилган эди. Қабул қилинган Қонунда белгиланишича, 17.10.2018 йилдан бошлаб коммунал хизматлар ва Мажбурий ижро бюроси 3 ойлик муддат ўтишини кутмасдан, маиший истеъмолчига нисбатан тўлиқ узиб қўйишгача бўлган чоралар кўришга ҳақли бўлади.

 

Ҳужжат «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган, тузатишлар 17.10.2018 йилдан кучга кирди. 

 

 

 

Хусусий бандлик агентликлари қандай хизматларни кўрсатадилар

 

16.10.2018 йилдаги «Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида»ги ЎРҚ–501-сон Қонун эълон қилинди.

 

Хусусий бандлик агентлиги – ҳар қандай ташкилий-ҳуқуқий шаклдаги тижорат ташкилоти бўлиб, унинг фаолияти бир қатор хусусиятларга эга:

а) олий маълумотли раҳбарни қўшиб ҳисоблаганда камида икки нафар ходимга эга бўлади;

б) давлат органлари, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ва диний ташкилотлардан ташқари, уни жисмоний ва (ёки) юридик шахслар томонидан тузиш имконияти мавжуд;

в) номида «Xususiy bandlik agentligi» деган сўзлардан фойдаланилади. Белгиланган талабларга жавоб бермайдиган ташкилотлар ўз номида ушбу сўз бирикмасидан ва унинг асосида ҳосил қилинган сўз бирикмасидан фойдаланиши тақиқланган;

г) ўзининг давлат тилидаги тўлиқ фирма номи (бир вақтнинг ўзида бошқа тилда ҳам кўрсатилиши мумкин) ва ўз жойлашган ери кўрсатилган муҳрга эга бўлади. Хусусий бандлик агентликлари – кичик тадбиркорлик субъектларида «думалоқ» муҳр мавжуд бўлмаслиги эҳтимоли Қонунда қайд этилмаган. Фирма муҳри мавжуд бўлиши истисносиз барча хусусий бандлик агентликлари учун мажбурий талаб деган хулоса чиқариш мумкин;

д) фақат муайян хизматлар турини кўрсатиш имконияти мавжуд (қуйидаги жадвалга қаранг).

Хусусий бандлик агентлигининг таъсис ҳужжатларида фақат юқорида санаб ўтилган хизмат турларини кўрсатиш бўйича фаолият тўғрисидаги, шунингдек таъсисчиларнинг, бошқарув органларининг тузилмаси ва ваколатлари ҳақидаги маълумотлар (ташкилий-ҳуқуқий шакллар кесимида белгиланган маълумотларга қўшимча равишда) кўрсатилиши керак;

е) Хусусий бандлик агентликларининг реестрига киритилади. Унга кириш учун Меҳнат вазирлигига ариза, лицензия (хорижда иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни амалга оширганда) ва йиғим – 1 ЭКИҲ тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхасини тақдим этиш лозим. Ҳужжатлар кўриб чиқилиб, 3 кунлик муддатда улар юзасидан қарор қабул қилинади.

Мамлакатимиздан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш бўйича фаолият лицензия асосида амалга оширилади. Шуни қайд этиш лозимки, Қонунда ҳамда Ўзбекистон Республикаси фуқароларини хорижда ишга жойлаштириш бўйича фаолиятни лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилган лицензия талаблари ва шартлари бир-биридан фарқ қилади.

Масалан, Низомга кўра лицензия даъвогари 5 000 ЭКИҲ миқдорида шаклланган устав фондига эга бўлиши шарт (Қонунда бундай талаб мавжуд эмас, таҳр.), Қонунга кўра эса унинг ходимлари 3 йилда камида 1 марта малака сертификати олишга мажбурлар (Низомда бундай талаб қўйилмаган, таҳр.).

Қонун Низомга қараганда кўпроқ юридик кучга эга. Бинобарин, энди у қабул қилинган қонун ҳужжатига мувофиқлаштирилса керак.

Қонун «Халқ сўзи» газетасида ­эълон қилинган ва 17.10.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ўзбекистонда иш қидираётган шахсларга иш танлаш

 

Иш қидираётган шахслар тўғрисидаги ахборотни иш берувчилар ўртасида тарқатиш, ш.ж. ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқатиш

 

Бўш иш ўринларига эга бўлган иш берувчиларни излаш

 

Иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш

 

Иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги суҳбатга тайёргарлик кўриш ҳамда музокараларда (суҳбатларда) иштирок этиш

 

Иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги меҳнат шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш

 

Иш берувчилар учун кадрлар танлаш

 

Иш берувчиларда мавжуд бўлган бўш иш ўринлари тўғрисидаги ахборотни тарқатиш, шу жумладан ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда тарқатиш

 

Ишга жойлаштириш учун мақбул номзодларни излашни амалга ошириш

 

Ишга жойлаштириш учун номзодлар билан музокаралар ўтказиш

 

Иш берувчилар ва бўш иш ўринларини эгаллашга номзодлар ўртасидаги музокараларда (суҳбатларда) иштирок этиш

 

Иш берувчилар ва иш қидираётган шахслар ўртасидаги меҳнат шартномалари лойиҳаларини тайёрлашда иштирок этиш

 

Ўзбекистондан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш

 

Мамлакатимиздан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлаштириш масаласи бўйича чет эллик шериклар билан ўз ваколатлари доирасида музокаралар (суҳбатлар) ўтказиш, шартномалар, битимлар ва баённомаларнинг лойиҳаларини тайёрлаш

 

Эҳтимол тутилган иш берувчиларни қидириш, хорижий мамлакатларнинг меҳнат бозорини ўрганиш асосида бўш иш ўринлари мавжудлиги тўғрисида мамлакатимиздан ташқарида иш қидираётган шахсларга ахборот тақдим этиш

 

Ўзбекистондан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга оширишни хоҳлаётган шахслар ҳақидаги ахборотни фақат уларнинг розилиги билан чет эллик иш берувчилар ўртасида тарқатиш

 

Иш қидираётган шахсларга Ўзбекистондан ташқарида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун дастлабки тайёргарлик тадбирларини ўтказиш йўли билан кўмаклашиш

 

Мамлакатимиздан ташқарида иш қидираётган шахсларни ишга жойлашиладиган мамлакатда бўлиш қоидалари, меҳнат шароитлари, ижтимоий ва уй-жой-маиший таъминоти, чет эллик иш берувчилар билан меҳнат шартномаларини тузишнинг ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида хабардор қилиш

 

Хорижда иш қидираётган шахслар билан иш берувчилар ўртасида меҳнат шартномаларини тузишга кўмаклашиш

 

Ишга жойлаштириш соҳасида ахборот ва маслаҳат хизматлари

 

Буюртмачини меҳнат бозори ҳолатининг таҳлили ва прогнози ҳамда унинг иштирокчилари, мазкур бозорнинг конъюнктураси, меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ҳақидаги ахборот билан таъминлаш, шунингдек ишга жойлаштириш соҳасидаги бошқа ахборотни тақдим этиш

 

 

 

Давлат ва бизнес ўртасидаги шериклик – Молия вазирлиги ҳузуридаги Агентлик билан келишилган ҳолда

 

Президентнинг 20.10.2018 йилдаги «Давлат-хусусий шерикликни ривожлантиришнинг ҳуқуқий ва институционал базасини яратиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори имзоланди.

 

Молия ва иқтисодиёт вазирликлари ҳамда ССПнинг таклифига биноан Молия вазирлиги ҳузурида бошқарув ходимларининг чекланган сони 30 нафар бўлган Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги  ташкил этилди. Орган Молия вазирлиги ҳузурида фаолият кўрсатади, Агентликка эса лавозими бўйича молия вазирининг ўринбосари ҳисобланадиган директор бошчилик қилади.

Агентликнинг вазифалари:

► иқтисодиёт ва ижтимоий соҳанинг устувор йўналишларида давлат-хусусий шерикликни (кейинги ўринларда – ДХШ деб юритилади) ривожлантириш бўйича тармоқ дастурларини ишлаб чиқишда иштирок этиш;

► ДХШ лойиҳаларининг самарадорлиги ва афзалликларини баҳолаш услубини ишлаб чиқиш, ушбу лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга оширишни услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш;

► ДХШ соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда идоралараро мувофиқлаштиришни таъминлаш, шунингдек, лойиҳалар тўғрисидаги ахборотни очиқ ҳолда жойлаштириш ва уларнинг реестрини юритиш;

► ДХШни ривожлантириш дастурларини амалга ошириш, шу жумладан, муайян лойиҳалар концепцияларини ишлаб чиқишда вазирлик ва идораларга кўмаклашиш;

► ДХШни ривожлантириш масалаларида инвесторлар, халқаро молия ва донор ташкилотлари, илмий ва эксперт ҳамжамиятлари, шунингдек, бозорнинг бошқа иштирокчилари билан ҳамкорликни ташкил этиш;

► ДХШ лойиҳалари иштирокчиларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга ҳар томонлама кўмаклашиш, лойиҳаларни молиялаштириш механизмлари, шу жумладан, юзага келиши мумкин бўлган таваккалчиликларни аниқлаш ва тақсимлаш юзасидан уларнинг таклифларини кўриб чиқиш;

► ДХШ лойиҳаларини, шу жумладан, лойиҳаларга жалб қилинган бюджет тизими маблағларидан фойдаланилишини, шунингдек, тегишли тармоқлардаги халқаро тажрибани инобатга олган ҳолда лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш амалиётини мониторинг қилиш.

Бундан ташқари, Агентлик муҳим ваколатларга эга бўлди. Масалан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари, танлов ҳужжатлари, шунингдек, ДХШ тўғрисидаги битимлар лойиҳалари ва уларга киритиладиган ўзгартиришлар Агентлик билан келишилиши лозим. Шунингдек, у ДХШ лойиҳаларининг амалга оширилиши, техник-иқтисодий ҳамда молиявий кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотни уларнинг ташаббускорлари ва иштирокчиларидан сўраб олиш ҳуқуқига эга.

2018 йил 1 декабргача ДХШ соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар хатловдан ўтказилади, бирхиллаштирилган ёндашувлар, тартиблар ва уларни амалга ошириш механизмлари ишлаб чиқилади, шунингдек «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилади. Кейинги йилнинг бошига Ўзбекистонда ДХШни ривожлантириш Дастурини тасдиқлаш режалаштирилган.

 

 

 

СТИР қандай расмийлаштирилади

 

Солиқ тўловчи жисмоний шахсларни давлат солиқ хизмати органларида ҳисобга қўйиш, уларга солиқ тўловчининг идентификация рақамини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди (ВМнинг 13.10.2018 йилдаги 823-сон қарори).

 

Хизматдан уч хил йўл билан фойдаланиш мумкин:

► Давлат хизматлари марказлари орқали;

► Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали (порталда рўйхатдан ўтиш талаб этилади);

► Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти орқали.

Учала ҳолатда ҳам доимий яшаш жойи (ҳудуд ва туман/шаҳар номи), Ф.И.О., туғилган санаси, паспорт серияси ва рақами (фуқаролиги бўлмаган шахслар учун – шахсни тасдиқловчи ҳужжат), жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами (паспортда қайд этилади – таҳр.), электрон почта манзили ва телефон рақамини кўрсатган ҳолда анкета тўлдирилади. Бундан ташқари, паспорт нусхаси илова қилинади.

Ариза берувчи Давлат хизматлари марказига келиб мурожаат этганда унинг учун анкетани марказ ходими тўлдиради. Сўнг у қоғозга чиқарилади, анкетадаги маълумотларнинг тўғрилиги ариза берувчининг имзоси билан тасдиқланади, ҳужжатлар марказ ходимининг электрон рақамли имзоси билан тасдиқланади ва Давлат солиқ қўмитасига юборилади. Бунга 10 дақиқа кетади.

Сўнг ДСҚ ҳужжатларни олган пайтдан бошлаб 1 соат ичида матрицали штрих-кодли (QR-кодли) солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйилганлиги ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштиради. ДСҚ ходимининг ЭРИ билан тасдиқланган электрон ҳужжат Давлат хизматлари марказига (ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда) ёхуд бевосита ариза берувчига (ЯИДХП ёхуд ДСҚнинг веб-сайти орқали мурожаат этган тақдирда) юборилади. Давлат хизматлари маркази 10 дақиқа ичида электрон ҳужжатни ариза берувчига юбориши, унинг сўровига кўра уни қоғозга чиқариши ва электрон шаклда тақдим этиши шарт.

Ушбу давлат хизматидан фойдаланиш чоғида ариза берувчи электрон рақамли имзога эга бўлиши талаб этилмайди. Хизматнинг ўзи эса – бепул.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 15.10.2018 йилдан кучга кирди.

  

 

 

Ижара шартномаси солиқ идорасида қандай ҳисобга қўйилади

 

Давлат солиқ қўмитасининг қарори (11.10.2018 йилда 3077-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Кўчмас мулк ижара шартномаларини солиқ органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартиби тасдиқланди.

 

Кейинги йилдан бошлаб кўчмас мулкни ижарага бериш шартномалари нотариал тасдиқланиши керак эмас. Бунинг ўрнига ижарага берувчи шартномани солиқ органларида ҳисобга қўйиши лозим.

Фуқаролик, Уй-жой ва Солиқ кодексларига киритилган тузатишларга кўра (11.10.2018 йилдаги ­ЎРҚ–497-сон Қонунга қаранг) шартномаларнинг 2 та тури солиқ органларида ҳисобга қўйилиши шарт:

► фуқаролар ўртасида тузилган бино ёки иншоотни ёхуд унинг бир қисмини ижарага бериш шартномаси;

► фуқаролар ўртасида тузилган уй-жойни ижарага бериш шартномаси.

Шуни қайд этиб ўтамизки, текин фойдаланишга бериш шартномалари нотариал тасдиқланиши лозим, бироқ 1.01.2019 йилдан бошлаб ушбу талаб ҳам бекор қилинади. Бунда улар солиқ идорасида ҳам ҳисобга қўйилмайди.

Шу муносабат билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1591-моддасига тузатиш киритилди. 2019 йил 1 январдан бошлаб ижарага берувчилар ижара шартномасини ҳисобга қўймаганликлари учун жаримага тортилади. Жарима миқдори – ЭКИҲнинг 5 бараваридан 10 бараваригача. Кўрсатилган моддада ижара шартномасининг мавжуд эмаслиги учун жавобгарлик ҳам назарда тутилиб, худди шундай санкция белгиланган.

Бу – муҳим! Фуқаролик, Уй-жой ва Солиқ кодексларига киритилган ўзгартиришларга қарамай, қабул қилинган Низомда нафақат жисмоний шахслар ўртасида, балки юридик шахслар иштирокида (ш.ж. юридик шахслар ўртасида) тузилган ижара шартномалари мажбурий ҳисобга қўйилиши назарда тутилган. Лойиҳа босқичида ҳужжат фақат жисмоний шахслар ўртасида тузилган шартномаларга нисбатан татбиқ этилган эди, якуний версияда ушбу изоҳ олиб ташланган. Ушбу масалага аниқлик киритиш мақсадида солиқ органларига тушунтириш беришни сўраб мурожаат қилдик. Уни олганимиздан сўнг ҳисобга қўйилиши лозим бўлган шартномалар рўйхати хусусида ушбу шарҳга қўшимча киритамиз.  

 

Энди ҳисобга қўйиш тартиб-таомилини кўриб чиқамиз. Илгари ижара шартномаларини солиқ органларида ҳисобга қўйиш тартибини белгиловчи лойиҳа ҚҲТБТ порталида умуммуҳокамага қўйилган эди. Умуман олганда, тасдиқланган ҳужжатга жиддий ўзгартиришлар киритилмаган. Дастлаб таклиф этилган вариантдан бирмунча фарқланувчи жиҳатларни кўриб чиқамиз.

Биринчидан, жисмоний шахслар ўртасидаги уй-жойнинг ижара шартномаси асосан ДСҚ веб-сайтида очиладиган шахсий кабинет орқали онлайн ҳисобга қўйилади. Хоҳишга кўра бунинг учун ижарага берувчининг доимий яшаш манзилидаги (юридик шахс рўйхатдан ўтган жойдаги) ёки ижарага берилаётган уй-жой жойлашган жойдаги солиқ органларига бевосита мурожаат қилиш мумкин. (Лойиҳада кўчмас мулк жойлашган жой ёки уй-жойни ижарага бераётган шахснинг яшаш жойидан қатъи назар, исталган солиқ органида ҳисобга қўйишга рухсат берилиши назарда тутилган эди).

Онлайн рўйхатдан ўтказиш реал вақт режимида, шахсан мурожаат қилганда эса «қоғоз» ариза тақдим этилганда ўша вақтнинг ўзида амалга оширилади.

Иккинчидан, ижарага берувчи солиқ органларига тақдим этадиган ҳужжатлар рўйхатида кадастр йиғмажилди қайд этилган эди. Энди тақдим этиладиган ҳужжатлар рўйхатидан ҳам, рўйхатдан ўтиш учун сўровномада тўлдириладиган маълумотлардан ҳам ушбу позиция чиқариб ташланди.

Шу тариқа, солиқ идорасига қуйидагиларни тақдим этиш керак:

► кўчмас мулкнинг тури, жойлашган манзили, ижарага берилган майдон, ижарага берилган сана ва муддат, бир ойлик ва умумий ижара ҳақи суммаси кўрсатилган сўровнома. Кадастр гувоҳномасининг реестр рақами ва санасини, шунингдек кадастр рақамини (кодини) қайд этиш керак эмас;

► ижара шартномаси (белгиланган намунавий шаклда ёки Фуқаролик кодекси қоидаларига мувофиқ эркин шаклда тузилиши мумкин);

► жисмоний шахснинг ёки юридик шахс раҳбарининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси. Агар вакил қатнашса – унинг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

Учинчидан, лойиҳада солиқ органлари, миграция, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш ҳудудий органлари, профилактика инспекторлари ижара шартномалари ҳисобга қўйилиши устидан назорат ва мониторинг ўрнатиши таклиф этилган эди. Бироқ қабул қилинган ҳужжатда ушбу норма ўз аксини топмаган.

 

Бу – муҳим! Кўчмас мулк ижара шартномасининг солиқ органларида 1 йилдан ортиқ муддатга ҳисобга қўйилиши уни давлат рўйхатидан ўтказиш мажбуриятидан озод қилмайди. Шу тариқа, 1 йилгача муддатга тузилган шартномалар фақат солиқ органларида ҳисобга қўйилади, 1 йилдан ортиқ муддатга тузилганлари эса – бир вақтнинг ўзида солиқ органларида ҳисобга қўйилади ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхоналарининг туман (шаҳар) филиалларида давлат рўйхатидан ўтказилади (тадбиркорлик субъектлари шартномаларни Давлат хизматлари марказлари орқали рўйхатдан ўтказадилар).

 

Лойиҳада назарда тутилганидек, солиқ органларида ҳисобга қўйиш бепул амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.01.2019 йилдан кучга киради.

 

Самир Латипов, Олег Заманов, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 1059 раз(а)

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика