ЯИТ ва суғурта бадалларини тўлаш муддати – ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 25-санасигача.
Счётда уларни тўлашга пул маблағлари бўлмаса, нима қилиш керак?
– Ҳатто мажбурий тўловларни тўлаш учун пул маблағлари мавжуд бўлмаса ҳам, белгиланган тўлаш муддатидан кечиктирмай уларни хизмат кўрсатувчи банкка тўлаш учун тўлов топшириқномасини тақдим этиш шарт (Солиқ кодексининг 59-моддаси).
Давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномаларини банкка ўз вақтида тақдим этмаганлиги учун корхонага 3 ЭКИҲдан 5 ЭКИҲгача миқдорда жарима солинади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, жарима миқдори 5 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача ташкил этади (МЖТКнинг 175-моддаси).
Маъмурий жарималардан қатъи назар, мажбурий тўловларни тўлаш муддатларини бузиш тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033% миқдорида пеня ҳисоблашга сабаб бўлади (Солиқ кодексининг 120-моддаси).
Мажбурий тўловларни тўлаш учун тўлов топшириқномалари 2-сон картотекага кирим қилинади. Пул маблағлари ҳисоб-китоб счётига келиб тушишига қараб банк биринчи навбатда мутаносиб равишда бюджетга, бюджетдан ташқари жамғармаларга тўловларни, корхона ходимларига иш ҳақи ва бошқа тўловларни қоплайди (АВ томонидан 15.03.2012 йилда 2342-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 5-банди).
Асосий счётдаги пул маблағлари етмаётган бўлса, мажбурий тўловларни тўлаш учун иккиламчи счётлардаги маблағларни йўналтиришингиз, шунингдек, агар бор бўлса, валютани сотишингиз мумкин.
Мажбурий тўловларни тўлаш муддати тугаганидан кейин 3 иш кунидан кечиктирмасдан солиқ органлари сизга солиқ қарзини тўлаш тўғрисида талабнома ва банкка унинг суммасини ўтказиш тўғрисида инкассо топшириқномаларини тақдим этадилар (Солиқ кодексининг 59, 63-моддалари).
Агар инкассо топшириқномасини тақдим этиш пайтида солиқ қарзини ўтказиш учун тўлов топшириқномасини банкка топширган бўлсангиз, банк инкассо топшириқномасини сизнинг тўлов топшириқномангиз нусхасини илова қилган ҳолда солиқ органларига қайтаради.
Сизга талабнома тақдим этилган кундан эътиборан 10 кун ичида қарз узилмаган бўлса, солиқ органлари ундирувни дебиторлар сизга тўлаши лозим бўлган суммаларга қаратадилар.
Бунинг учун ана шу 10 кун ичида солиқ органларига дебиторлар билан ўзаро ҳисоб-китобларнинг солиштирма далолатномаларини ёхуд тўлов муддати ўтган дебиторлик қарзи мавжуд эмаслиги тўғрисида ёзма билдиришни тақдим этишингиз лозим.
Солиқ органлари дебиторлар билан солиштирма далолатномаларни олган кундан эътиборан 3 иш кунидан кечиктирмай сизнинг солиқ қарзингизни ундириш ҳақидаги инкассо топшириқномаларини уларнинг банк счётларига тақдим этадилар (Солиқ кодексининг 64-моддаси).
Ушбу чоралар кўрилгандан кейин ҳам талабнома олинган кундан эътиборан 30 кун давомида қарз узилмаса ва йил бошидаги ҳолатга кўра 20 ЭКИҲдан ортиқ миқдорни (172 240 х 20 = 3 444 800 сўм) ташкил этса, солиқ органлари ундирувни корхона мол-мулкига қаратишлари мумкин. Бунинг учун улар даъво аризаси билан судга мурожаат қиладилар (Солиқ кодексининг 65-моддаси).
Талабнома тақдим этилгандан кейин бир йил давомида қарз сўндирилмаган бўлса, унинг миқдоридан қатъи назар, солиқ органлари ундирувни корхона мол-мулкига қаратиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат қилишга ҳақли бўладилар.
Санаб ўтилган барча чоралар кўрилгандан кейин тўловлар бўйича қолган қарз корхона банкрот деб топилганда ва тугатилганда умидсиз деб эътироф этилиши мумкин.
Тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки етарли бўлмаганлиги учун қониқтирилмаган солиқ қарзи юридик шахснинг умидсиз солиқ қарзи деб эътироф этилади (ВМнинг 24.10.2012 йилдаги 307-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.