Корхона халқаро туризм билан шуғулланади ва ҚҚС тўлашдан озод қилинган.
Бу ҳолда кирувчи ҳисобварақ-фактуралар реестрини тўлдириш керакми?
– Харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар (ҳисобварақ-фактура ўрнини босадиган ҳужжатлар) реестри (ҚҚС ҳисоб-китобига 7-илова, 3-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) ҳисобга олинадиган ҚҚС суммасини аниқлаш учун товарларни (ишларни, хизматларни) етказиб берувчилар тақдим этган ҳисобварақ-фактураларни рўйхатдан ўтказишга мўлжалланган.
Туристик-экскурсия хизматларини реализация қилиш обороти ҚҚСдан озод қилинган (Солиқ кодексининг 208-моддаси 15-банди). Шу сабабли ушбу оборотни амалга ошириш учун фойдаланиладиган, олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚСни ҳисобга олиб бўлмайди (Солиқ кодексининг 218-моддаси).
Тегишинча, ҚҚС солинмайдиган оборотлар билан боғлиқ, олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҳисобварақ-фактуралар Сотиб олиш реестрида акс эттирилмайди (Тартибнинг 13-банди, 3-илова, АВ томонидан 22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
Оборотингиз ҚҚСдан озод қилинган бўлса, Сотиб олиш реестрини тўлдирмайсиз.
ҚҚС ҳисоб-китобига 1-илова «Ҳисобга олинадиган ҚҚС ҳисоб-китоби учун фойдаланиладиган олинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммаси» 010-сатри «ҚҚС суммаси ҳисобга олиниши мумкин бўлган товарлар (ишлар, хизматлар)» қиймати Сотиб олиш реестри маълумотлари асосида қайд этилади. Сизнинг ҳолатда Сотиб олиш реестри тўлдирилмаслиги боис 010-сатр қиймати «0» га тенг бўлади.
Жавоблар «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.