2018 йил учун жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати тугашига жуда оз қолди. Уларни 2018 йил 15 октябргача тўлаш зарур.
Солиқларни кимлар тўлайди
Мол-мулк солиғини тўловчилар – мулкида республика ҳудудида жойлашган уй-жойлар, квартиралар, дала ҳовли иморатлари, гаражлар ва бошқа иморатлар, жойлар, иншоотлар бўлган жисмоний шахслар ва деҳқон хўжаликлари. Агар кўчмас мулк мулкдорининг жойлашган ерини аниқлаш имкони бўлмаса, бу мол-мулк қайси шахснинг эгалигида ёки фойдаланишида бўлса, ўша шахс солиқни тўлайди.
Ер солиғини мулк ҳуқуқи, эгалик қилиш ҳуқуқи, фойдаланиш ҳуқуқи ёки ижара ҳуқуқи асосида ер участкаларига эга бўлган жисмоний шахслар, шунингдек деҳқон хўжаликлари тўлайди.
Солиқ тўловчилар солиқларнинг суммасини ҳисоблашига ҳожат йўқ – бу билан солиқ органларининг ходимлари шуғулланади. Улар 1 майдан кечиктирмай солиқ тўловчига сумма ва уни тўлаш муддатлари кўрсатилган хабарномани топширадилар.
Солиқ тўловчининг яшаш жойидан қатъи назар, солиқлар мол-мулк ёки ер участкаси жойлашган жойда ҳисобланади ва тўланади.
Хабарнома олиб келмаган бўлсалар, нима қилиш керак
Солиқларни тўлаш тўғрисида хабарнома олиб келмаган бўлсалар, бу уларни тўлашингиз керак эмаслигини англатмайди. ДСИга мурожаат қилиб, сабабини аниқлаш лозим. ДСИда мол-мулк ёки ер участкасига эга эканлигингиз ҳақида маълумотлар бўлмаслиги мумкин.
Ваколатли органлар 1 январга бўлган ҳолатга кўра тақдим этадиган ер участкалари ва бошқа кўчмас мулк ҳақидаги ахборот асосида ДСИ солиқларнинг суммасини ҳисоблаб чиқаради. Ер участкаси ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқ йил мобайнида юзага келган тақдирда, давлат рўйхатидан ўтказилган кундан бошлаб 10 кун ичида солиқ органлари бу ҳақда хабардор қилинади.
Нотариал идоралар нотариал тасдиқлаган кундан бошлаб 10 кундан кечиктирмай кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномаларини тасдиқлаганликлари, шунингдек мерос ёки ҳадя тартибида ўтаётган мол-мулк ҳақида хабар берадилар. Ахборот тақдим этишнинг бундай тизимига қарамай, хатога йўл қўйиш эҳтимоли мавжуд.
Хабарнома олиб келмаган бўлсалар ва солиқларни тўлаш учун сиз ҳам солиқ инспекциясига мурожаат қилмаган бўлсангиз, солиқ инспекцияси солиқ даври (календарь йил) тугагандан кейин 5 йил ичида уларнинг суммасини ҳисоблаши мумкинлигини назарда тутинг.
Хабарномада хатога йўл қўйилган бўлса-чи
Хабарномада кўчмас мулк объектининг манзили, унинг майдони, кадастр қиймати ёки мулкдори (эгаси) нотўғри кўрсатилган бўлиши мумкин. Шу муносабат билан солиқ суммаси нотўғри ҳисоблаб чиқарилган бўлади. Бу ҳолда объект жойлашган жойдаги ДСИга мурожаат қилиб, хатога йўл қўйилгани ҳақида хабар бериш зарур. Кўчмас мулк энди сизга қарашли бўлмаса, мулк ҳуқуқи ўтганлиги ҳақидаги ҳужжат нусхасини ДСИга тақдим этиш лозим.
Сиз ёки оилавий корхонангиз турар жойдан ёки ер участкасидан унда жойлашган уйда истиқомат қилиш билан бир вақтда ишлаб чиқариш учун фойдаланаётган бўлсангиз, солиқларни жисмоний шахслар учун белгиланган ставкалар бўйича тўлайсиз.
Кўчмас мулкингиздан фақат тадбиркорлик фаолиятида фойдалансангиз (унда истиқомат қилмай), уни юридик шахсга ёки якка тартибдаги тадбиркорга ижарага берсангиз, солиқларни юридик шахслар учун белгиланган ставкалар бўйича тўлашингизга тўғри келади. Бу нотурар жойларга ҳам тегишли: агар бундай объектни мулк қилиб сотиб олган ёки уни яшаш учун мўлжалланган жойлар тоифасидан ўтказган бўлсангиз – мол-мулк солиғи ва ер солиғини юридик шахслар учун белгиланган ставкалар бўйича тўлайсиз. Бунда сизда имтиёзларни қўллаш ҳуқуқи бўлмайди.
Хабарномада имтиёзлар ҳисобга олинмаган
Ушбу солиқлар бўйича имтиёзга эга бўлсангиз, тасдиқловчи ҳужжатларни ДСИга тақдим этишингиз керак бўлади. Акс ҳолда имтиёзлар ҳисобга олинмаган хабарнома оласиз.
Солиқлар тўлангандан кейин имтиёзларга доир ҳужжатлар тақдим этилса, солиқ органлари қайта ҳисоб-китобни амалга оширадилар. Натижада солиқлар бўйича юзага келган ортиқча тўлов суммаси келгуси тўловлар, бошқа солиқлар бўйича қарзни узиш ҳисобига ҳисобга олиниши ёки қайтарилиши мумкин. Солиқ даври – календарь йил тугагандан кейин 5 йил давомида қайта ҳисоб-китоб қилдиришга ҳақлисиз.
Масалан, бу йил 2012 йилда юзага келган имтиёзни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилса, 2013–2017 йиллар учун солиқлар қайта ҳисоб-китоб қилинади.
Мол-мулк солиғи бўйича – Солиқ кодексининг 275-моддаси, ер солиғи бўйича – 290-моддаси билан танишиб чиқиб, имтиёзга эга эканлигингиз ҳақида билиб олишингиз мумкин.
Интернет орқали солиқлар ҳақида ахборот
«Электрон солиқ хизматлари» солиқ органларининг электрон давлат хизматлари порталида (my.soliq.uz) тўлаш учун ҳисобланган солиқлар суммаларини аниқлаштириб олиш мумкин. Бунинг учун «Шахсий кабинетлар» – «Жисмоний шахслар учун» бўлимида «Кабинетга кириш» тугмасини босасиз. Фақат электрон рақамли имзо (ЭРИ) калити мавжуд бўлса, ушбу интерактив хизматдан фойдаланиш мумкин. Уни прописка қилинган жойдан қатъи назар, исталган «ягона дарча» марказида олиш мумкин. ЭРИ калити қиймати тўлов кунида белгиланган ЭКИҲнинг 10%ини (бугунги кунда – 18 430 сўм) ташкил этади.
Электрон калитга эга бўлмаганлар ҳам сайтдаги айрим хизматлардан фойдалана олади. Масалан, ўша бўлимда «Хизматлар» тугмасини, кейин эса «Жисмоний шахсларнинг солиқлар бўйича маслаҳатчиси» иловасини босиб, жисмоний шахслар тўлайдиган барча солиқлар бўйича ахборот билан танишиб чиқиш мумкин.
Электрон калькулятор солиқларни ҳисоблаб беради
«Шахсий кабинетлар» – «Жисмоний шахслар учун» – «Хизматлар» бўлимининг ўзида тўлайдиган солиқларингизни мустақил равишда ҳисоблаб, бу билан улар тўғри ҳисоблаб чиқарилганини назорат қилишингиз мумкин. Мол-мулк солиғи калькулятори ва Ер солиғи калькулятори бунда ёрдам беради. Бунинг учун солиқ тўловчи ва кўчмас мулк объектига оид ахборотни катакчаларга қайд этиш зарур. Калькуляторларда солиқ имтиёзларини автоматик равишда чегириш имконияти ҳам назарда тутилган. Имтиёзни киритиш учун уни рўйхатдан танлаб олишнинг ўзи кифоя.
Мол-мулк ёки ер участкаси бўйича зарур бошланғич ахборот қайд этилгандан кейин «Ҳисоблаш» тугмасини босинг – тўланиши лозим бўлган сумма, шунингдек у бўйича имтиёз суммаси акс этади.
Солиқлар қандай тўланади
Солиқларни тўлаш учун банкка бориш зарур эмас – уй ёки офисда туриб, унинг хизматларидан фойдаланиш мумкин.
Бугунги кунда Ўзбекистондаги деярли барчаси банклар юридик ва жисмоний шахсларга Интернет орқали ўз банк счётини бошқариш имконини берувчи «Интернет-банкинг» сервисини тақдим этмоқда.
Солиқларни уяли алоқа телефони ва муайян тўлов сервислари – Click (www.click.uz), Mbank (www.mbank.uz), U-Pay (www.u-pay.uz) ёки PayMe (www.payme.uz) орқали ҳам тўлаш мумкин.
Муайян сабабларга кўра солиқларни белгиланган муддатдан кеч тўласангиз, солиқ органлари пеня – тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,033% ҳисоблайди.
Масалан, 150 000 сўмлик миқдордаги мол-мулк солиғини тўлаш ҳақида хабарнома олиб, солиқни 1 ноябрда, яъни 18 кун (15 октябрдан 1 ноябргача) кечикиб тўладингиз. Бунда солиқ бўйича асосий қарз – 150 000 сўмдан ташқари пеня – 891 сўмни (150 000 х 0,033% х 18) ҳам тўлашингизга тўғри келади. Бироқ бошқа солиқлар бўйича ортиқча тўлов тўлаган бўлсангиз, ушбу ортиқча тўловга тенг суммага пеня ҳисобланмайди.
Солиқлар ўз вақтида тўланмаганда солиқ органлари солиқ қарздорлигини солиқ тўловчининг пластик картасига хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларидан сўзсиз ҳисобдан чиқаришга ҳақли. Бунда ойига ЭКИҲнинг 2 баравари миқдоридан кўп бўлмаган сумма ҳисобдан чиқарилади (26.06.2018 йилдаги ПҚ-3802-сон қарорнинг 7-банди). Бугунги кунда бу сумма 368 600 сўмни ташкил этади.
2018 йил 1 октябрдан бошлаб учинчи шахслар томонидан сиз учун тўланган солиқ суммаси солиқ солинадиган даромад деб ҳисобланмайди (ПҚ-3802-сон қарорнинг 4-банди). Яъни корхона сиз учун мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўласа, бу суммаларга илгари бўлганидек ЖШДС солинмайди.
Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,
«Norma» МЧЖ эксперти.