Самарқанд халқаро аэропорти чегара-божхона пости ходимлари «Истанбул-Самарқанд» рейси билан учиб келган ва «яшил» йўлак орқали ўтмоқчи бўлган Х.О. дан одатдагидек, яширин товарлар олиб ўтмаётганлиги хусусида сўрашганда «йўқ» деб жавоб берган.
Йўловчи тегишли тартибда божхона кўригидан ўтказилганда эса унинг қўл юклари орасида белгиланган нормалардан ортиқча – салкам 60 грамм тилла тақинчоқлар борлиги ошкор бўлди. Қарангки, ушбу шахс мазкур заргарлик буюмларини нотаниш кимсанинг илтимосига биноан 25 АҚШ доллари эвазига олиб ўтмоқчи бўлган экан.
Шу рейс бўйича парвозини якунлаган М.Д. ҳам «яшил» йўлак берган имкониятни суиистеъмол қилди: гўёки нотаниш кимсанинг илтимосига биноан 64,75 грамм заргарлик буюмларини божхона назоратидан яширинча олиб кираётган пайтда тўхтатиб қолинди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан божхона текширувлари олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ходимлари томонидан 2 кг га яқин заргарлик буюмларининг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйилган.
Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибларга кўра жисмоний шахслар вазни 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини шахсий эҳтиёжлари учун божсиз олиб киришлари мумкин.
Самарқанд вилояти божхона бошқармаси Ахборот хизмати.