Тошкент халқаро аэропорти божхоначилари Бирлашган Араб Амирликларининг Шаржа шаҳридан учиб келган йўловчиларни божхона назоратидан ўтказганда товар-моддий бойликларни юртимизга ноқонуний олиб ўтишга уринган қонунбузарларни фош этишди.
«Яшил» йўлак орқали ҳаракатланаётган И.Ш.нинг сумкаси назорат тартибида божхона кўригидан ўтказилганда ушбу шахс божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий нархи 45 млн сўмдан кўп турли парфюмерия воситалари ва уяли телефонларни олиб кирмоқчилиги аниқланди.
Худди шу рейс билан учиб келиб, «қизил» йўлак орқали ҳаракатланаётган Н.М. ўзи билан олиб келган белгиланган меъёрдан ортиқ товарларни йўловчи декларациясида қайд этиши лозим эди. Аммо ундай бўлмади.
Контрабандага ва божхона қонунчилиги бузилишига қарши курашиш бўлими ходимлари ушбу шахсни тўхтатиб, унинг сумкасини назорат тартибида божхона кўригидан ўтказишди. Шунда унинг ичида божхона назоратига тақдим қилинмаган ва божхона ходимининг оғзаки сўровида айтилмаган, жисмоний шахслар учун белгиланган олиб кириш меъёридан ортиқ бўлган, умумий нархи 80 млн сўмлик уяли телефонлар, планшетлар, қўл соатлари ва уяли телефон дисплейлари борлиги аниқланди.
Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан текширув ҳаракатлари бошлаб юборилган.
ДБҚ Ахборот хизмати.