Маълумки, жорий йилнинг февраль ойидан бошлаб жисмоний шахсларга автойўл (йўловчи) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда 300 АҚШ доллари миқдоридаги товарларни божхона тўловларисиз олиб киришга рухсат этилди. Бу «имкониятлар муҳити»дан фойдаланиб қолмоқчи бўлган уддабуронлар ҳам дарҳол топилди.
Тошкент вилояти божхоначилари бу каби қонунбузарликлар олдини олиш борасида бор-йўғи бир кун давомида аниқлаган 4 қонунбузарлик ҳолатида умумий қиймати қарийб 600 млн сўмлик маиший техника буюмларини тўхтатиб қолишган.
Тошкент вилоятининг Зангиота туманида ўтказилган тезкор тадбирда Т.Ш. бошқарувидаги «Исузу» юк автоулови «Тошкент–Термиз М-39» трассасида тўхтатилиб, ҳайдовчи ва холислар иштирокида кўздан кечирилди. Натижада автоулов юкхонасида хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, жами қиймати 148,8 млн сўмлик 54 дона турли русумдаги кондиционерлар, 4 дона музлатгич ҳамда 13 дона чангютгичлар борлиги аниқланди. Ушбу товарлар жисмоний шахслар томонидан «Ғишткўприк» ва «Навоий» чегара божхона комплекси орқали оз-оз миқдорда олиб кирилиб, муайян ҳақ эвазига Самарқандга олиб кетилаётганлиги маълум бўлди.
Шунга ўхшаш яна бир ҳолатда Н.У. бошқарувидаги «Mercedes-benz» юк машинаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, унда хорижда ишлаб чиқарилган, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 99,2 млн сўмлик 46 дона турли русумдаги кондиционерлар борлиги аниқланди. Юртимизга ташмачилар кўмагида оз-оз миқдорда олиб кирилган мазкур товарлар ҳам Самарқанд «сафари»дан тушиб қолди.
Ўтказилган тадбир давомида З.Х. бошқарувидаги «Газель» юк автоулови кўздан кечирилганда эса унинг юкхонасида 132 млн сўмлик 60 дона «Gree GWH12» номли кондиционерлар борлиги аниқланди. Қарангки, хорижда ишлаб чиқарилган ушбу товарлар ҳам юртимизга кам-кам миқдорда олиб кирилиб, қайта сотишга мўлжаллаб қўйилган экан.
Божхоначилар пойтахтимизнинг Юнусобод тумани ҳудудида ўтказилган тезкор-қидирув тадбири давомида А.С.нинг яшаш хонадони ва ёрдамчи хўжаликларини ўзи ва холислар иштирокида кўздан кечиришди. Натижада ушбу хонадонда А.И.га тегишли, ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган, хорижда ишлаб чиқарилган 213,6 млн сўмлик жами 98 дона турли русумдаги кондиционерлар борлиги аниқланди.
Маълумки, ҳукуматнинг 2018 йилнинг 1 июлидан бошлаб кучга кирган «Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикасига товарларни олиб ўтиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори (22.06.2018 йилдаги 463-сон) билан жисмоний шахслар томонидан республикамиз Давлат чегарасининг автойўл (йўловчи), темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим товарларни олиб ўтишнинг миқдорий нормалари тасдиқланди. Рўйхатдан асосан 20 турдаги маиший техника буюмлари ва офис жой олган бўлиб, эндиликда уларни 1 календарь ойида чегарани биринчи маротаба кесиб ўтаётганда фақат 1 донадан олиб ўтилиши мумкин.
Шунингдек, Рўйхатда бошқа турдаги товарлар учун ҳам нормалар белгиланди. Яъни эндиликда ҳар куни олиб ўтилаётган ҳар бир номдаги товардан 2 кг гача олиб ўтишга рухсат этилади. Аммо мазкур товарларнинг умумий оғирлиги 10 кг дан ошмаслиги керак.
Ҳужжатга биноан товарларни божхона тўловлари тўламасдан олиб ўтишнинг миқдорий нормалари жисмоний шахс республикамиз давлат чегарасини чегара ўтказиш пунктидан белгиланган даврда биринчи марта ўтишида қўлланилади. Бунда божхоначилар чегара хизматлари органлари томонидан жисмоний шахснинг паспортига қўйиладиган белгидаги санага асосланишади.
Рўйхатда қайд этилган ҳар қандай товар белгиланган норма ва даврийликдан ортиқ олиб ўтилганда ўрнатилган тартибда божхона тўловлари ундирилади.
Давлат божхона қўмитаси
Ахборот хизмати.