Norma.uz
Норма маслахатчи / 2018 йил / № 28 / Норматив лойиҳалар

Меҳнат инспекциясига келишувларсиз текширув ҳуқуқи берилиши мумкин

 

ҚҲТБТ порталида Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнат муҳофазаси механизмларини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

 

Меҳнат инспекцияси – ходимлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимояловчи янги орган

Давлат меҳнат инспекциясини Давлат меҳнат ҳуқуқ инспекцияси ҳамда Меҳнат муҳофазаси инспекцияси ва меҳнат шароитлари давлат экспертизаси қўшиб юборилиши йўли билан ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Инспекция қуйидаги вазифаларни бажаради:

► ташкилотлар томонидан ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқи ва эркинликлари ҳимоя қилиниши ва уларга риоя қилиниши, шунингдек хавфсиз меҳнат шароитларига риоя этилиши ва меҳнат муҳофазасини таъминлашга доир қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши устидан давлат кузатуви ва назоратини амалга ошириш;

► меҳнат муҳофазаси ҳолатини, ишлаб чиқаришда шикастланиш ва касб касалликларига чалиниш сабабларини таҳлил қилиш, уларни бартараф этиш йўлларини ишлаб чиқиш;

► меҳнат тўғрисидаги битимлар ва локал ҳужжатлар, иш берувчиларнинг меҳнат муносабатлари қонун ҳужжатларига мувофиқлиги масалаларига доир буйруқларини мунтазам таҳлил қилиш;

► меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан доимий мониторингни амалга ошириш;

► меҳнат, аҳоли бандлиги ва меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилган меҳнат муносабатлари субъектларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш;

► меҳнат шароитлари бўйича иш жойларини аттестациядан ўтказиш сифати борасида давлат назоратини амалга ошириш;

► ногиронларнинг ижтимоий инфратузилмалар объектларига тўсиқларсиз кира олиши, шунингдек барча турдаги транспорт воситалари, транспорт коммуникациялари, оммавий фойдаланиладиган алоқа ва ахборот воситаларидан фойдалана олиши учун шароитларни яратиш юзасидан ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга ошириш;

► манфаатдор вазирликлар, идоралар ва жамоат ташкилотлари билан биргаликда мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ва камчиликларга барҳам бериш, шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ айбдор мансабдор шахсларни жавобгарликка тортиш чора-тадбирларини ташкил қилиш;

► ходимлар ва иш берувчилар, шу жумладан тадбиркорлик субъектларига меҳнат муносабатлари ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллаш ва уларга риоя қилиш масалаларида, ишлаб чиқаришда шикастланиш ҳолатлари ва ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш юзасидан ишларни олиб боришда маслаҳат ва методологик ёрдам кўрсатиш;

► юридик ва жисмоний шахслар орасида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқига, шунингдек хавфсиз меҳнат шароитлари ва меҳнат муҳофазасига риоя этилиши зарурлиги ҳақида кенг маълумот-тушунтириш ишларини олиб бориш, Инспекция фаолиятига ахборот-коммуникация технологияларини фаол жорий қилиш;

► давлат дастурлари, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳамда меҳнат муносабатлари ва меҳнат муҳофазаси соҳасидаги бошқа ҳужжатларни, шунингдек фуқароларнинг ишончли ва хавфсиз меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқларини таъминлаш бўйича таклифлар ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш.

Инспекцияга жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ташкилотлар томонидан ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкчилик шаклидан қатъи назар, бандлик, меҳнат ва меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши юзасидан махсус ваколатли органлар билан олдиндан келишмасдан туриб режадан ташқари қисқа муддатли текширувлар ўтказиш ҳуқуқи берилади.

 

Меҳнат ҳуқуқий муҳофазасини кучайтириш

Ҳужжатга мувофиқ Ўзбекистон қуйидагиларга қўшилиши масалалари ишлаб чиқилади:

► Халқаро ижтимоий таъминот ассоциациясининг (ХИТА) «ноль травматизм» (Vision Zero) Концепцияси;

► Халқаро меҳнат ташкилотининг (ХМТ) 1978 йил 19 майдаги 144-сонли «Халқаро меҳнат нормаларини қўллашга кўмаклашиш учун уч томонлама маслаҳатлашувлар тўғрисида»ги Конвенцияси;

► «Зўрлаб ишлатиш ва мажбурий меҳнат тўғрисида»ги 29-сон ХМТ Конвенциясига 2014 йилдаги Қўшимча баённома;

► 1950 йил 7 апрелдаги 81-сонли «Саноат ва савдода меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги ХМТ Конвенцияси;

► 1972 йил 19 январдаги 129-сонли «Қишлоқ хўжалигида меҳнат инспекцияси тўғрисида»ги ХМТ Конвенцияси.

Иқтисодиёт тармоқларида Меҳнат муҳофазаси бошқаруви тизимини (ММБТ) жорий қилиш режалаштирилмоқда, тизим муайян иш берувчиларда меҳнат муҳофазаси соҳасида сиёсат, мақсад ва тартиб-таомилларни белгилаш чора-тадбирлари ягона мажмуини амалга оширишни назарда тутади.

«Хавфсиз ва муҳофазаланган меҳнат» дастурини амалга ошириш учун «йўл харитаси»ни тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

 

Бу – муҳим! Меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такроран бузганлик, шу жумладан иш берувчи томонидан меҳнат муносабатлари лозим даражада расмийлаштирилмаганлиги учун маъмурий жавобгарлик, ҳатто жиноий жавобгарликни белгилаш таклиф этилмоқда.

 

Иш изловчиларга

«Ишга марҳамат» иш билан банд бўлмаган аҳолига хизмат кўрсатиш мономарказини ташкил қилиш режалаштирилмоқда. Марказ қуйидагилар билан шуғулланади:

ишга жойлаштириш,

касбга ўқитиш,

ижтимоий ҳимоя,

хорижга ишлашга юборилаётган фуқароларнинг жўнаб кетишдан олдинги мослашуви.

Марказ қуйидаги манзилда жойлаштирилади: Тошкент ш., Юнусобод тумани, 14-мавзе (Тошкент машинасозлик касб-ҳунар коллежи биноси).

Тошкентда Малайзия комплекс бизнес-коллежи (Malaysian Integrated Business college) билан ҳамкорликда Ўзбекистон-Малайзия умумий овқатланиш ва хизматлар кўрсатиш коллежи очилади. У Тошкент ш., Шайхонтоҳур тумани, Кох ота кўчаси, 49-уй (Тошкент давлат техника университети қошидаги 5-сонли академик лицей биноси) манзилида жойлаштирилади.

 

Олег Гаевой, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 972 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика