Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 18 / Божхона

Масалалар маслаҳат мажлисида кўрилди

 

Самарқандда вилоят божхона бошқармаси Жамоатчилик кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат божхона қўмитаси раиси ўринбосари М.Салиев, Божхона тўловлари бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ф.Файзуллаев ва бошқа мутасаддиларнинг самарқандлик экспортчи ва импортчи тадбиркорлар иштирокидаги бевосита мулоқот тарзидаги учрашувида божхона соҳасига оид бўлган ва бошқа кўпгина муаммолар ўртага ташланди, уларни ҳал этиш йўллари ўрганилди ҳамда фаолиятнинг истиқбол режалари тузилди.

 

Ҳужжатларни уқиш керак

Жамоатчилик маслаҳат кенгашининг асосий вазифаси – тадбиркорлик субъектлари билан божхона органлари ўртасида пайдо бўлиши мумкин бўлган муаммоли масалаларни кўриб чиқиш ҳамда ўз вақтида бартараф этиш, вилоят божхона бошқармаси ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ва тўсқинлик қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, божхона қонунчилигини такомиллаштириш бўйича ишларни жамоатчилик маслаҳати билан, Амир Темурнинг таъбири билан айтганда «машварат билан» ҳал этиш. Шунинг учун йиғилишга тўпланганлар сафида ДБҚнинг мутасадди бошқарма раҳбарлари, халқ депутатлари Самарқанд вилоят Кенгаши депутатлари ва вилоятдаги «тадбиркорлик иқлими»дан яхши хабардор бўлган бошқа тегишли идора-ташкилотларнинг раҳбар ва мутахассисларини учратиш мумкин эди. Очиқ-ойдин, тўғридан-тўғри мулоқот тарзида бўлиб ўтган суҳбат чоғида тадбиркорлар ўзларини ўйлантираётган муаммолар, баъзи ечилмай қолаётган масалаларни ўртага ташлаш имконига эга бўлишди.

Дастлаб иштирокчиларга республикамиз Президентининг «Ўзбекистон Республикаси давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони (12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон) асосида ташқи иқтисодий фаолият соҳасида давлат хизматларининг шаффофлиги ва улардан эркин фойдаланиш имконияти, мамлакатнинг иқтисодий манфаатларини ҳисобга олган ҳолда, экспорт-импорт операцияларининг мутаносиблигини таъминлаш тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантириш, инвестиция ва экспорт салоҳиятини ошириш, аҳолининг турмуш шароити ва сифатини яхшилашнинг энг муҳим шартлари эканлиги таъкидланди. Ҳужжатда белгиланган талабларни давлат органлари ходимлари ва экспортчи корхоналар вакиллари ўртасида бир хил талқин этилишини таъминлаш лозимлиги эслатилди.

Бундан ташқари яна бир ҳужжат – тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини янада қисқартириш ва соддалаштириш, бизнес юритиш шарт-шароитларини яхшилашга қаратилган Президентнинг 11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон Фармони талаблари ҳам тушунтириб ўтилди. Хусусан, Фармонга биноан агар лицензияловчи орган лицензия бериш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш муддати давомида лицензия бериш ёки бермаслик тўғрисида қарор қабул қилмаса, лицензия даъвогари тегишли муддат ўтганидан сўнг лицензияловчи органни ёзма равишда хабардор қилган ҳолда аризада кўрсатилган фаолият турини амалга оширишга ҳақли бўлади. Бунда лицензияловчи орган лицензия даъвогарининг ёзма хабарномаси олингандан кейин 5 иш куни ичида унга лицензия бериши шартдир. Қолаверса, 2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турларини, шу жумладан, уларнинг баъзи турларини бирлаштириш йўли билан бекор қилиш тартиби белгиланди.

Шунингдек йиғилишда бошқарманинг бош инспекторлари Ф.Бўронов ва Ш.Раҳматов ТИФ қатнашчилари томонидан маҳсулотларни экспорт божхона режимига расмийлаштиришда яратилаётган қулайликлар тўғрисида маълумот берди.

 

Саволлар жавобсиз қолмади

Очиқ мулоқот давомида тадбиркорлар ўз фаолиятида учраётган муаммоларни ўртага ташладилар. «Сам-Антеп-Гилам» МЧЖ ҚК ва «Sag Agro» МЧЖ раҳбари Камол Абдуллоевнинг саволи қуйидагича янгради: яқин кунларда божхона тўловлари ставкалари камайтирилиши назарда тутилган. Агар импорт ставкалари тушириладиган бўлса, республикага товарлар импорт оқими кўпаяди. Бу ўз навбатида гилам ишлаб чиқарувчи корхоналар мисолида оладиган бўлсак, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархига таъсир кўрсатиб, бозорда рақобат кўрсата олмасдан, корхонага катта зиён келтириши мумкин. Ушбу масалани қонун доирасида кўриб чиқиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасига тегишли таклифлар билан чиқилиши маълум қилинди.

Шунингдек, Президентнинг «Ёнғоқ ишлаб чиқарувчилар ва экспорт қилувчилар уюшмасини тузиш ва унинг фаолиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори (11.06.2017 йилдаги ПҚ-3025-сон) доирасида «Sag Agro» МЧЖ томонидан 2017–2018 йиллар мобайнида олиб келинган, қиймати 385,2 минг АҚШ долларга, оғирлиги 80,5 тоннага тенг бўлган тегишли асбоб-ускуна ва товарлари ҳозирги кунда ташкилотнинг ўз омборида сақланаётир. Мазкур қарор ижроси бўйича ҳозирги кунга қадар имтиёзли товарлар рўйхатини тезроқ тасдиқлаш таклифини мутасадди вазирлик, идораларга етказишда амалий ёрдам сўради.

«Dobusiya Samarqand Aqualand» МЧЖ раҳбари Баҳритдин Ибрагимов ўзи томонидан Самарқанд шаҳрининг «Суғдиёна» истироҳат боғида янги замонавий аквапарк қуриш мақсадида чет элдан олиб келинган ва ҳозирги кунда «Божхона омбори» (ИМ74) божхона режимида сақланаётган «сув ҳавзалари аттракционлари ва ускуналари» сақланаётганлиги, мазкур ҳужжатлар бўйича ҳозирги кунга қадар имтиёзли товарлар рўйхати тасдиқланмаганлигини тегишли мутасадди вазирлик, идораларга етказишда амалий ёрдам сўради.

«Кумуш тола» хусусий корхонаси раҳбари Р.Шомуродова ўзи томонидан амалга оширилаётган экспортни пул кўчириш эмас, балки нақд пул кўринишида қабул қилиш йўли билан амалга ошириш тартиби тўғрисида маълумот сўради. Маълум қилишларича, экспорт қилувчилар мева-сабзавот маҳсулотларини Президентнинг 6.11.2017 йилдаги ПҚ-3377-сон қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 4.12.2017 йилдаги 984-сон қарорига асосан экспорт шартномасини тузмасдан, инвойс асосида экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлганлар. Бунда етказиб бериш суммаси экспорт божхона юк декларациясини расмийлаштириш кунида Марказий банк курси бўйича 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаслиги кераклиги тушунтирилди.

Республиканинг ваколатли тижорат банкларидаги ҳисобварақларга Ўзбекистон Республикаси норезидентларидан хорижий валютада, шу жумладан банк ўтказмалари, халқаро банк карталари орқали тўловлар, шунингдек, тижорат банкларининг айирбошлаш шохобчаларида сотиб олинган миллий валютадаги нақд пул маблағларини киритиш шаклида 100 фоиз олдиндан тўлов олиш билан амалга оширилиши айтилди. Мазкур қарор талаблари асосида Марказий банк билан Давлат божхона қўмитаси ўртасида 2018 йил 14 февралда 1320/234-сон билан тасдиқланган қўшма қарор имзоланганлиги ва товарларни Инвойс асосида экспорт қилинишида нақд пул маблағларини киритиш шакллари тасдиқланганлиги юзасидан тўлиқ маълумот берилди.

Бундан ташқари, тадбир қатнашчиларига «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг 30-моддасига асосан ижтимоий сўровномалар тарқатилди.

Йиғилиш мутасадди вакиллари давлатимиз раҳбарининг ҳудудларда экспорт ҳажмини ошириш ва импортни қисқартириш бўйича қўйган вазифалари ижросини ўрганиш мақсадида вилоятдаги корхоналарга сайёр ташриф уюштиришди.

 

2018 йилнинг I чораги мобайнида Самарқанд вилоятида 4 та ТИФ қатнашчисига Божхона кодексининг тегишли моддаларига асосан 1,3 млрд сўмлик божхона тўловларини кечиктириб тўлашга рухсат берилган. Бу даврда божхона тўловларидан қўлланилган имтиёзлар 335,68 млрд сўмни ташкил этган. Ўтган йилга нисбатан берилган имтиёз суммаси 170,65 млрд сўмга ёки 123,64%га кўпайган.

 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси
Ахборот хизмати.

Прочитано: 1431 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика