Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 18 / Божхона

Ўзбек-тожик тадбиркорлиги: савдо-логистика тармоғи кенгаяди

 

Маълумки, куни кеча Самарқанд шаҳрида Самарқанд вилояти ва Тожикистоннинг Суғд вилояти тадбиркорлари иштирокида бизнес-форум ўтказилди. Ушбу тадбир давлатимиз раҳбарининг шу йил 9-10 март кунлари Тожикистон Республикасига давлат ташрифи доирасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида ўзаро савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни ривожлантириш юзасидан эришилган келишувларга мувофиқ ўтказилди.

Бизнес-форумда иштирок этиш учун Самарқандга Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти раиси Ражаббой Аҳмадзода бошчилигидаги делегация аъзолари келди. Улар Ургут туманидаги «Жартепа» чегара божхона постида вилоят ҳокими Т.Жўраев, Самарқанд вилоят божхона бошқармаси раҳбарияти, кенг жамоатчилик ва ОАВ вакиллари билан биргаликда карнай-сурнай садолари остида тантанали кутиб олинди.

Суғд вилояти Тожикистон Республикасининг шимолий қисмида жойлашган. Вилоят ҳудудининг асосий қисмини тоғлар ташкил этади. Аҳолиси 2,5 млн кишидан иборат. Вилоятда «Суғд» эркин иқтисодий зонаси мавжуд. Бу ерда сутни қайта ишлаш, металл конструкциялар, сендвич панеллар, омихта ем тайёрлайдиган, паррандачиликка ихтисослашган корхоналар фаолият кўрсатади.

Вилоятда энг йирик корхона «Зарафшон» қўшма кон-металлургия комбинати саналади. Корхона бир кунда 10 минг тонна металл, шунингдек, 11 минг тонна маъданни қайта ишлаш ҳамда бир йилда 2,2 тонна соф олтин ишлаб чиқариш қувватига эга. Келгусида мазкур корхонанинг иш ҳажмини суткасига 17 минг тонна маъданни қайта ишлаш ва бир йилда 5 тонна соф олтин ишлаб чиқаришга ошириш режалаштирилган.

Суғдда деҳқончиликнинг асосий йўналишини боғдорчилик ташкил этади. 268,4 гектар ер майдонидагина қишлоқ хўжалиги экинлари етиштирилиб, уларнинг асосий қисми ички истеъмолга чиқарилади. Мева-сабзавот ҳамда полиз маҳсулотларининг бир қисми «Рукнобод» ҳамда «Ресандаи Хўжанд» корхоналарида қайта ишланади.

Таъкидлаш лозимки, ўтган йили Самарқанд вилоятидан қўшни Тожикистонга 9,5 млн АҚШ долларилик товарлар етказиб берилган.

«Регистон плаза» меҳмонхонасида ташкил этилган кўргазмада вилоятимиз ва тожикистонлик ҳунармандлар, ишлаб чиқарувчи корхоналар ва тадбиркорлар маҳсулотлари намойиш этилди.

Бизнес-форумнинг асосий мақсади икки давлатнинг умумий транспорт-коммуникациявий имконияти ва транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш орқали ўзаро товар айланмаси ҳажмини сон ва миқдор жиҳатидан ошириш, саноат маҳсулотлари миллий кўргазмасини ташкил этиш ҳисобига тадбиркорларимиз ўртасида кооперация алоқаларини мустаҳкамлашдан иборат.

Форумда «СамАвто» МЧЖ, «Asl Nafis» чинни заводи, «Daka-Teks», «Samarkand Euro Asia Tekstile» «Агромир-Самарканд», «Агромир боғи», «Sam Antep-Gilam» ва «JV MAN Auto-Usbekistan» каби ўзбек корхоналари билан бирга тожикистонлик «Порса Худжанд», «Ширкати Азизи», «Фортуна Ко», «Пешсаф 1», «Нушониҳои Муҳаббат», «Равшан», «Маҳмудов Ғ.Н» каби корхоналар ўзининг маҳсулотларини ҳавола этишди.

Тадбирда Тожикистондан 200 дан ортиқ ишбилармонлар ҳамда Самарқанддаги йирик корхона ва компаниялар вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар айни пайтда икки вилоятда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар, кўрсатилаётган хизматлар кўргазмасида қатнашиб, ўзаро фикр алмашди.

– Корхонамиз 1992 йилда ташкил этилган, – дейди Суғд вилоятидаги «Кулканд» МЧЖ директори Мирзаҳаким Исоев. – Биз асосан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш билан шуғулланамиз. Жамоамизда 40 нафар киши меҳнат қилади. Ҳозирда корхонамизда тайёрланадиган 28 турдаги маҳсулот Россия, Қозоғистон, Туркманистон ва Қирғизистонга экспорт қилинади. Бугунги бизнес-форумга 10 турдаги маҳсулотимизни олиб келдик. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлаш соҳада катта тажриба ва имкониятга эга. Шу боис бу ердан ўз маҳсулотимиз учун харидорлар ва ишончли ҳамкорлар топишни мақсад қилганмиз. Айни пайтда самарқандлик фермерлар билан 4 минг тонна мева-сабзавотларни харид қилиш борасида келишувга эришдик.

Форумда икки мамлакат тадбиркорларининг ўзаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантириш бўйича яратилган имконият ва шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, савдо-логистика тармоғини кенгайтириш ҳақида сўз борди. Йирик ишлаб чиқариш корхоналари, туристик фирмалар, фермер ва тадбиркорлар ўзлари тайёрлаётган маҳсулотлар, кўрсатаётган хизматлари бўйича тақдимотлар ўтказди.

Тожикистонлик ишбилармонларнинг ташрифи доирасида икки мамлакат тадбиркорлари учун кооперацион биржа ҳам ўтказилиб, унда томонлар ўзаро тажриба алмашиш, қўшма инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда манфаатли шартномалар имзолаш имкониятига эга бўлди.

Форумда Самарқанд ва Суғд вилоятлари ўртасида умумий қиймати 107 млн 847 минг долларлик 170 шартнома ва меморандум имзоланди. Жумладан, самарқандлик ишлаб чиқарувчилар томонидан қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат маҳсулотлари, тўқимачилик, қурилиш материаллари, маиший хўжалик моллари ҳамда бошқа товар ва хизматларни экспорт қилиш бўйича 87 шартнома тузилди. 10 дан ортиқ туристик фирмалар эса тожикистонликларнинг юртимизга саёҳатини уюштириш юзасидан келишувларга эришди.

 

Ғ.САТТОРОВ,

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси 
 Ахборот хизмати инспектори.

Прочитано: 1481 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика