Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 18 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун – имтиёзли кредитлар, солиқ ва божхона преференциялари

 

Президентнинг 26.04.2018 йилдаги «Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

 

Мажбурий аъзолик ва бадаллар миқдори белгиланди

Эслатиб ўтамиз, 2017 йилнинг октябрь ойида Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши (Кенгаш) ташкил этилди. 2018 йил 1 июлдан бошлаб барча фермер ва деҳқон хўжаликларининг унга аъзолиги мажбурий, томорқа ер эгаларининг аъзолиги эса – ихтиёрий бўлади.

Бунда фермер ва деҳқон хўжаликларининг Кенгашда аъзолиги туман бўлинмаси Кенгаши раёсати қарорига мувофиқ тугатилиши ер участкасига эгалик қилиш, ундан доимий ёки муддатли фойдаланиш ҳуқуқи ёхуд уни ижарага олиш ҳуқуқи бекор бўлиши учун асос бўлади.

Кенгашга аъзолик бадаллари қуйидагича белгиланди:

● пахта хом ашёси ҳамда донли экинлар етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликлари учун пахта хом ашёси ҳамда доннинг харид нархидан 0,8 % миқдорида;

● бошқа фермер хўжаликлари учун улар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотишдан тушган пул маблағларининг 0,5%и миқдорида;

● деҳқон хўжаликлари ҳамда томорқа ер эгалари учун Кенгашга ­аъзолик тўғрисидаги шартномада кўрсатилган миқдорда.

Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.

У юридик шахс мақоми билан Кенгаш ҳузурида ташкил этилди. Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари ва маблағлардан фойдаланиш йўналишлари белгиланди.

 

Солиқ ва божхона имтиёзлари жорий этилди

Республикада ишлаб чиқарилмайдиган ва унинг ҳудудига четдан келтириладиган енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш учун жиҳозлар, қишлоқ хўжалиги техникаси ҳамда қишлоқ хўжалиги транспорт воситалари тасдиқланадиган рўйхат бўйича 2021 йил 1 январга қадар божхона тўловларидан озод қилинади.

«Томорқа хизмати» МЧЖ ёки фермер хўжаликлари билан тузилган касаначилик шартномаси асосида фаолият юритаётган томорқа ер эгалари – жисмоний шахслар уларнинг касаначилик фаолияти доирасида ЖШДС ҳамда Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига мажбурий ажратмалардан озод қилинади.

Янгидан ташкил этилган Жамғарма барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан тўлиқ озод этилди. «Томорқа хизмати» МЧЖлар эса давлат рўйхатидан ўтган кундан бошлаб уларнинг асосий фаолияти доирасида 3 йил муддатга барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалардан озод этилди.

2018 йил 1 июлдан бошлаб:

● деҳқон хўжалиги ва 4 сотихдан кам бўлмаган томорқа ерида банд бўлган ёки ушбу участкада қорамол ёхуд 50 бошдан кам бўлмаган парранда парваришлаётган жисмоний шахслар томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига йилига ЭКИҲнинг бир баробари миқдорида суғурта бадали тўланган тақдирда, суғурта бадали тўланган йил меҳнат стажига киритилади;

● Кенгаш тизимида ишлайдиган пенсионерларга пенсиялар Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўлиқ тўланади;

● фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари томонидан Бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига ЯСТ 5% миқдорида тўланади.

 

Субсидиялар ва грантлар – бандликка кўмаклашиш жамғармасидан

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси енгил конструкцияли иссиқхоналар ўрнатиш, уруғликлар, кўчатлар ва суғориш воситалари харид қилиш учун ЭКИҲнинг 3 баробаридан 10 баробаригача бўлган миқдорда субсидиялар беради. Бунинг учун «Томорқа хизмати» МЧЖ, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази ҳамда томорқа ер эгалари ўртасида уч томонлама шартномалар тузилади.

Шунингдек ушбу жамғарма касб-ҳунарга ўқитиш марказлари, коллежлар ва олий ўқув юртларида касб-ҳунарга тайёрлаш, агротехнология, боғдорчилик, сабзавотчилик, чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик ҳамда асаларичилик соҳасида фермер ва деҳқон хўжаликларининг раҳбарлари ва ишчилари ҳамда томорқа ер эгаларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш учун грантлар ажратади.

Олег Заманов,
«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1397 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика