Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 15 / Ходимлар билан ҳисоблашиш

Хизмат сафари: ностандарт вазиятлар

 

Хизмат сафари – иш берувчининг фармойишига биноан ходимнинг доимий иш жойидан бошқа жойда хизмат вазифасини бажариш учун муай­ян муддатга сафарга чиқиши.

 

Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги хизмат сафарлари тўғрисидаги йўриқнома (АВ томонидан 29.08.2003 йилда 1268-сон билан рўйхатдан ўтказилган) Ўзбекистон ҳудудидаги хизмат сафарлари билан боғлиқ харажатлар тўланишини тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Хизмат сафарлари билан боғлиқ айрим вазиятларни мисоллар ёрдамида кўриб чиқамиз.

Менежер И.Зоҳидов «Альфа» МЧЖга (Фарғона ш.) хизмат сафарига юборилди. Зоҳидов вақтбай меҳнат ҳақи тўланадиган, 5 кунлик иш ҳафтаси белгиланган ходим ҳисобланади. «Альфа» МЧЖда иш ҳафтаси 6 кунни ташкил этади.

 

Дам олиш кунларида ишлаш

1-вазият.

Етказиб бериш шартномасини имзолаш учун И.Зоҳидов 2018 йил 16 февралдан 18 февралгача хизмат сафарига юборилди. Хизмат сафаридан қайтгач, у шанба ва якшанба кунлари (17, 18 февраль) ишлагани учун иш ҳақи ҳисоблашларини сўраб ариза билан раҳбариятга мурожаат қилди. Зоҳидовга Йўриқноманинг 7-бандига асосан рад жавоби бердилар.

Хизмат сафарида бўлган ишчиларга улар юборилган корхоналардаги иш вақти режими ва дам олиш вақтлари тааллуқли бўлади. Хизмат сафари вақтида фойдаланилмаган дам олиш кунлари, бошқа дам олиш кунлари хизмат сафаридан қайтганда тикланмайди.

 

2-вазият.

Реклама акциясини ўтказиш учун ходим 2018 йил 16 февралдан 18 февралгача хизмат сафарига юборилди. Аҳолини кенг қамраб олиш учун тадбир атайин 17 ва 18 февраль куни (шанба ва якшанба кунлари) ўтказилди. Хизмат сафаридан қайтгач, И.Зоҳидов шанба ва якшанба кунлари учун унга иш ҳақи ҳисоблашларини сўраб ариза билан раҳбариятга мурожаат қилди. Зоҳидовга Йўриқноманинг 7-бандига мувофиқ дам олиш куни (якшанба) ишлаганлиги учун 2 баравар коэффициентни қўллаган ҳолда қўшимча равишда ўртача иш ҳақи ҳисобланди.

 

Агар ишчи атайдан дам олиш ёки байрам кунларида ишлаш учун хизмат сафарига юборилган бўлса, ушбу кунларда ишлагани учун камида 2 баравар миқдорда компенсация тўланади.

Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади (МКнинг 157-моддаси).

 

Дам олиш кунида кетиш (қайтиш) куни

3-вазият.

Иш кунлари авиачипталар (рейслар) йўқлиги сабабли якшанба куни хизмат сафарига учиш учун авиачипта сотиб олинди. Хизмат сафаридан қайтгач, И.Зоҳидов якшанба куни учун унга иш ҳақи ҳисоблашлари ва дам олиш куни беришларини сўраб ариза билан раҳбариятга мурожаат қилди. Зоҳидовга дам олиш куни (якшанба) ишлаганлиги учун ҳақ тўланмади, бироқ Йўриқноманинг 7-бандига мувофиқ 1 та дам олиш куни берилди.

 

Агар ишчи маъмуриятни фармойишига биноан хизмат мажбуриятини бажариш учун дам олиш кунида хизмат сафарига кетса, унга хизмат сафаридан қайтгач белгиланган тартибда бошқа дам олиш куни берилади.

 

Кетиш (қайтиш) кунида ишга чиқиш

4-вазият.

Етказиб бериш шартномасини имзолаш учун И.Зоҳидов 2018 йил 16 февралда хизмат сафарига юборилди. Самолёт соат 16.00 да учиб кетар эди. Ходим оилавий муаммоларини ҳал қилиш учун шу куни ишга чиқмаслигига рухсат беришларини сўраб раҳбариятга мурожаат қилди. Раҳбарият иш ҳақини сақлаб қолган ҳолда ходимнинг илтимосини қаноатлантирди.

 

Хизмат сафарига кетиш ва хизмат сафаридан қайтиш кунларида ишга чиқиш масаласи маъмурият билан келишилган ҳолда ҳал қилинади.

 

Бир кунлик хизмат сафари

5-вазият.

Етказиб бериш шартномасини имзолаш учун И.Зоҳидов 2018 йил 16 февралда хизмат сафарига юборилди. У шу куниёқ вазифани бажариб, уйга қайтди. Хизмат сафаридан қайтгач, 1 кунлик хизмат сафари учун суткалик харажатларни ҳисоблашларини сўраб ариза билан раҳбариятга мурожаат қилди. Зоҳидовга Йўриқноманинг 13-бандига мувофиқ рад жавоби берилди.

 

 

Хизмат сафарига юборилган ишчи ўзининг доимий иш жойига ҳар куни қайтиш имкониятига эга бўлса, у ҳолда суткалик тўланмайди. Ишчининг хизмат сафарига юборилган жойдан ўзининг доимий равишда яшайдиган жойига ҳар куни қайтиш имконияти хизмат сафарига юборган ташкилот раҳбари томонидан масофанинг узоқлиги, транспорт алоқаси шароити, бажариладиган топшириқнинг туси, ишчи учун дам олиш шароитларини яратиш кабиларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади.

 

Хизмат сафарига юборилган ходим йўлда касал бўлиб қолди

6-вазият.

Етказиб бериш шартномасини имзолаш учун И.Зоҳидов 2018 йил 16 февралдан 18 февралгача хизмат сафарига юборилди. У йўлда жароҳат олиб, 17 февралда хизмат сафарига юборилган жойдаги шифохонага тушиб қолди. 1 мартгача даволанди. Хизмат сафаридан қайтгач, И.Зоҳидов унга вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини (17–28 февраль учун) ҳисоблашларини сўраб ариза билан раҳбариятга мурожаат қилди. У яшаш жойидан берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини тақдим этди. Зоҳидовга нафақа, шунингдек Йўриқноманинг 14-бандига мувофиқ ушбу давр учун суткалик харажатлар ҳисобланди.

 

Хизмат сафарига юборилган ишчи касал бўлиб қолганда унга умумий асосларда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси тўланади. Вақтинчалик меҳнат қобилиятини йўқотиши, шунингдек соғлиғи ҳолати бўйича ўзининг доимий яшаш жойига қайтиш имконияти йўқлиги белгиланган тартибда тасдиқланган бўлиши керак. Даволаш-профилактика муассасаси томонидан берилган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақаси нафақа тайинлаш учун асос бўлади. У бемор турган жойда ва бош шифокорнинг рухсати билан берилади. Беморнинг саломатлиги яхшилангач, даволанганлиги тўғрисида амбулатор картадан кўчирма билан бирга доимий яшаш жойига даволаниш учун юборилади.

 

Хизмат сафарига юборилган ходим ватанидан узоқда касал бўлиб қолди

Хизмат сафарига юборилган ходим хорижда вақтинча бўлган даврда касал бўлиб қолган бўлса, касал бўлганлиги ва даволанганлиги тўғрисида ҳужжат олиши зарур. Ҳужжат давлат ёки рус тилига ўгирилган ва нотариал тартибда тасдиқланган бўлиши шарт.

Хизмат сафарига юборилган ходим уни ўзининг яшаш жойидаги даволаш-профилактика муассасаси тиббий маслаҳат комиссияси кўриб чиқиши учун тақдим этади. Комиссия қарор қабул қилади ва унга асосан ходимнинг хорижда бўлган пайтида меҳнатга қобилиятсиз бўлганлигини тасдиқловчи касаллик варақасини расмийлаштиради.

Хизмат сафари пайтида вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолган бўлса, ходимнинг турар жойни ижарага олиш харажатлари қопланади. Хизмат сафарига юборилган ходим стационарда даволанган бўлса, бу давр учун турар жой хонаси ижараси бўйича харажатлар қопланмайди. Унга касал бўлган барча давр мобайнида суткалик харажатлар тўланади. Бироқ бу муддат 2 ойдан кўп бўлмаслиги керак. Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик кунлари хизмат сафари муддатига қўшилмайди.

 

Татьяна БЕЛОУСОВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1884 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика