«Тошкент-Аэро» ИБКда навбатдаги контрабанда ҳолатларига чек қўйилди. Тошкент халқаро аэропортида чегара-божхона пости ходимлари Деҳлидан учиб келган Ж.Содиқовнинг 24,4 млн сўмлик 1 022 дона дори воситаларини ноқонуний олиб киришга уринган пайтда тўхтатиб қолишди. Шунингдек, мазкур постда Истанбул ҳамда Деҳлидан учиб келган, дори-дармон воситаларини яширинча олиб кирмоқчи бўлган 5 нафар йўловчи фош қилинди.
Фуқаролар Х.Шарипова, Д.Мажидова, М.Нўъмонова, Г.Аъзамова, С.Далимова ва Б.Толиповлар рухсат этилган меъёрлардан ортиқча бўлган 25 млн сўмдан ортиқ қийматдаги 1 324 дона фармацевтика маҳсулотларини олиб ўтмоқчи бўлишган. Гап шундаки, ушбу қоидабузарларнинг аксарияти божхонада «яшил йўлак» орқали ўтаётганда тўхтатиб қолинган. Улар орасидаги шахслардан бири Б.Толиповнинг қилмишлари ҳаммасидан ўтиб тушди. Мазкур ҳодисадан 2 кун ўтар-ўтмас, яна Деҳлига йўл олган ушбу шахс навбатдаги божхона қоидабузарлигини содир этди: «яшил йўлак» орқали божхонадан ўтар экан, унинг бўйнига ва қўлига тақилган занжирлар божхоначиларнинг диққатини тортди. Сиртдан қараганда, кумушга ўхшайдиган ушбу тақинчоқлар аслида тилладан ишланган бўлиб, божхоначиларни чалғитиш мақсадида оқ рангга бўялган экан. Бундан ташқари, у қўлбола усулда тайёрланган ва тегишли пробаси бўлмаган 1 дона қуйма узукни ҳам «экспорт» қилмоқчи бўлган. Натижада қоидабузардан қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра тахминан 26,5 млн сўмни ташкил қилувчи 171 граммлик тилла буюмлар олиб қўйилди.
Эслатиб ўтамиз, ВМнинг 8.06.2016 йилдаги 191-сон қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ республикамизда жисмоний шахслар шахсий фойдаланиш учун турли номдаги 10 тагача дори препаратларидан иборат дори воситалари ва уларнинг ҳар бири учун 5 ўрамдан ортиқ бўлмаган дори воситалари, шунингдек 5 бирликдан ортиқ бўлмаган тиббий буюмларни олиб киришлари ёки олиб чиқишлари мумкин.
«Тошкент-Аэро» ИБК Ахборот хизмати.