Экспорт салоҳиятини тадбиркорларнинг бевосита саъй-ҳаракатисиз амалга ошириб бўлмайди. Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан «Highway Logistics Center» МЧЖ замонавий транспорт логистика марказининг божхона терминалида ташкил этилган очиқ мулоқотда тадбиркорлик субъектлари, хусусан экспорт ҳамда ишлаб чиқариш фаолияти билан шуғулланувчи ТИФ қатнашчилари иштирок этишди.
Тадбир давомида пойтахтимизда рўйхатдан ўтган экспортчи корхоналарнинг божхона расмийлаштируви билан мавжуд муаммолари ишчи тартибда ўрганилиб, амалий ечими таъминланди.
Логистика марказида жойлашган Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг «Арк-булоқ» ТИФ божхона постида автотранспорт воситаларида экспортга юборилаётган барча турдаги маҳсулотлар замонавий рентген аппарати орқали тез ва қулай божхона кўригидан ўтказилиб, қисқа фурсатда божхона расмийлаштируви ишлари амалга оширилмоқда. Бу ерда бир кеча-кундузда ўртача 50 та автотранспорт воситасини божхона назоратидан ўтказиб, маҳсулотларни экспортга йўналтириш имконияти йўлга қўйилган.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси Ахборот хизмати.