Norma.uz
СБХ / 2018 йил / № 09 / Бухгалтерга ёрдам

Олмазорнинг бухгалтерия ҳисоби

 

Қишлоқ хўжалиги корхоналарида бухгалтерия ҳисоби ўзига хос равишда юритилади, буни технологик, биологик ва иқлим омиллари тақозо этади.

Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳисоб юритилишини тартибга солувчи алоҳида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд эмас. Мазкур тавсияни олмазор мисолида кўриб чиқамиз.

 

Ҳар қандай мевали боғ ерни тайёрлаш ва кўчат экишдан бошланади. Сўнг ушбу кўчатлар етиштирилади. Бошқалар қатори мева ва реза мева берувчи дарахтлар ҳам кўп йиллик дов-дарахтлар ҳисобланади.

 

Кўп йиллик дов-дарахтлар – ёш ва етилган мева-реза мева, узум берадиган, техник ва бошқа кўп йиллик экинлар, уларнинг ҳосили қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ҳисобланади.

 

Кўп йиллик дов-дарахтлар кўчмас мулк ҳисобланади (ФКнинг 83-моддаси 2-қисми). Буталар сингари кўп йиллик дов-дарахтлар учун – улар эгаллаган майдоннинг 1 кв.м, дарахтлар учун эса – уларнинг сони физик ҳисоб бирлиги саналиши мумкин.

Кўп йиллик дов-дарахтларни экиш ва етиштириш билан боғлиқ харажатлар капитал қўйилмаларни ҳисобга олувчи счётларда жамланади. Сўнг уларнинг фойдаланишга ва (ёки) мева беришга тайёрлиги далилига қараб – капитал қўйилмалар счётларидан асосий воситаларни ҳисобга олувчи счётларга ўтказилади. Бунда капитал қўйилмалар счётлари доим ҳам нолга тенглаштирилмайди. Одатда, у ерда тугалланмаган ишлар – кейинги йилда янги ёш кўчатларни экиш учун тупроқни тайёрлаш бўйича муайян харажатлар суммаси қолади.

Кўп йиллик дов-дарахтларнинг ҳаммасидан ҳам биринчи йилданоқ фойдалана олмайдилар (улар мева бера бошламайди). Бу мевали дарахтларнинг ҳаммасига тегишли. Фойдаланиладиган ёшга етмаган кўп йиллик дов-дарахтлар ҳам ушбу ёшга етмагунча оборотдан ташқари активларга қўйилмалар (капитал қўйилмалар) сифатида ҳисобга олинади.

Олма дарахтлари мева бера бошлаши билан уларни асосий воситалар сифатида кирим қилиш лозим.

Кўп йиллик дов-дарахтлар, шу жумладан мевали боғлар экиш ва етиштириш харажатлари ҳисоби харажатлар элементлари ва моддалари бўйича 0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар» счётида юритилади.

Боғлар ва кўп йиллик дов-дарахтларни экиш ва етиштириш харажатлари қуйидаги харажатлар моддалари бўйича гуруҳланади:

√ ижтимоий эҳтиёжларга ажратмалар билан меҳнатга ҳақ тўлаш;

√ уруғлар ва экиладиган материал;

√ минерал ва органик ўғитлар;

√ кўп йиллик дов-дарахтларни ҳимоялаш воситалари;

√ асосий воситаларни тутиб туриш, шу жумладан:

а) нефть маҳсулотлари;

б) асосий воситалар амортизацияси;

в) асосий воситаларни таъмирлаш;

√ ишлар ва хизматлар;

√ ишлаб чиқариш ва бошқарувни ташкил этиш;

√ бошқа харажатлар.

Бухгалтерия ҳисобида кўп йиллик дов-дарахтларни сотиб олиш ва етиштириш операциялари қуйидагича акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Олма кўчатларининг сотиб олиниши акс эттирилди

 

4310-«ТМБ учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган аванслар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Кўчатларнинг корхонага келиб тушиши акс эттирилди

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Илгари ҳисоблаб ўтказилган аванслар ҳисобга киритилди

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга
тўланадиган счётлар»

 

4310-«ТМБ учун мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга берилган аванслар»

 

Кўчатларнинг ерга экилиши акс эттирилди

 

0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар»

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

Дов-дарахтлар тагига ўғит солиниши акс эттирилди

 

0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар»

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

Дов-дарахтларнинг суғорилиши акс эттирилди

 

0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Боғ ишчилари меҳнатига ҳақ тўлашга харажатлар ҳисобга олинди

 

0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар»

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

 

Боғ ишчиларининг МҲТФдан ЯИТ ҳисоблаб ўтказилди

 

0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар»

 

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»

 

Кўп йиллик дов-дарахтларга хизмат кўрсатувчи АВ эскириши ҳисобланди

 

0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар»

 

0200-«Асосий воситаларнинг эскиришини ҳисобга олувчи счётлар»

 

Кўп йиллик дов-дарахтларнинг АВга киритилиши акс эттирилди

 

0180-«Кўп йиллик дов-дарахтлар»

 

0850-«Ерни ободонлаштиришга капитал қўйилмалар»

 

 

Амортизация ҳисоблаш

Олма дарахтлари асосий воситаларга қабул қилинган ойдан кейинги ойнинг биринчи санасидан бошлаб амортизация ажратмалари ҳисоблана бошлайди. Амортизация олма дарахтларининг амортизация қилинадиган қиймати тўлиқ сўндирилгунча ёхуд улар балансдан ҳисобдан чиқарилгунча (дарахт нобуд бўлиши ёки кесиб ташланиши муносабати билан) ҳисобланади.

Амортизацияни 5-сон БҲМС «Асосий воситалар»да (АВ томонидан 20.01.2004 йилда 1299-сон билан рўйхатдан ўтказилган, 36–39-бандлар) таклиф этилган усуллардан исталгани ёрдамида ҳисоблаш мумкин. Олма дарахтлари амортизациясини ҳисоблаш усули ва хизмат муддатини корхона мустақил равишда белгилайди. Солиқ кодексида ҳам солиқ солиш мақсадида кўп йиллик дов-дарахтларга амортизациянинг энг юқори нормалари – 10% белгиланган (Солиқ кодексининг 144-моддаси 3-қисми).

Олма дарахтларига ҳисобланган амортизация етиштирилган ҳосил таннархига киритилади.

 

Қайта баҳолаш

Олма дарахтлари, бошқа кўп йиллик дов-дарахтлар сингари, қайта баҳоланиши лозим. Қайта баҳолашни Давстатқўм ҳар йили тақдим этадиган индекслар воситасида ёки расмий тасдиқланган бозор нархлари бўйича бевосита қайтадан ҳисоб-китоб қилиш орқали амалга ошириш мумкин (5-сон БҲМСнинг 27-банди). Олма дарахтларини мустақил баҳоловчиларни жалб этиб ҳам қайта баҳолаш мумкин.

Корхона кичик тадбиркорлик субъектларига кирса, олма дарахтлари 3 йилда 1 марта, бошқа ташкилотларда ҳар йили қайта баҳоланади.

 

Капитал қўйилмалар ва келгуси харажатлар

Боғни ёшартириш ва уни меваларнинг янги навлари билан бойитишни кўзлаб, кўпинча олма дарахтларига бошқа дарахтларнинг навдаларини пайванд қиладилар. Булар капиталлаштириладиган харажатлар бўлиб, улар асосий воситалар (олма дарахтлари) қийматини оширади.

Кўп йиллик дов-дарахтлар – асосий воситаларни парваришлаш билан боғлиқ келгуси харажатлар уларнинг киритилиши далилига қараб жорий харажатлар таркибида акс эттирилади.

Ушбу харажатлар етиштирилган ҳосил таннархига киритилади.

Олма дарахтларига амортизация ҳисоблаш, қайта баҳолаш, капитал қўйилмалар ва уларни тутиб туришга келгуси харажатларнинг бухгалтерия ҳисоби қуйидагича акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Олма дарахтларига амортизация ҳисобланди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

0280-«Кўп йиллик дов-дарахтларнинг эскириши»

 

Олма дарахтларининг бошланғич қиймати қайта баҳоланди (қўшимча баҳоланди)

 

0180-«Кўп йиллик дов-дарахтлар»

 

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

 

Олма дарахтларининг эскириши қайта баҳоланди (қўшимча баҳоланди)

 

8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»

 

0280-«Кўп йиллик дов-дарахтларнинг эскириши»

 

Олма дарахтларига капитал қўйилмалар акс эттирилди

 

0820-«Асосий воситаларни харид қилиш»

 

Материалларни ва (ёки) кредиторлик қарзини ҳисобга олувчи счётлар

 

Олма дарахтлари қийматига капитал қўйилмалар киритилиши акс эттирилди

 

0180-«Кўп йиллик дов-дарахтлар»

 

0820-«Асосий воситаларни харид қилиш»

 

Олма дарахтларини тутиб туриш харажатлари ҳисобга олинди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

Материалларни ва (ёки) кредиторлик қарзини ҳисобга олувчи счётлар

 

 

 

Олма дарахтлари мева бера бошлаб, асосий воситаларга кирим қилингандан кейин олма етиштириш ва териш даври бошланади.

 

Олма териш ва сотишни ҳужжатлар билан расмийлаштириш

Етиштирилган ва терилган олма омборга топширилаётганда қабул қилиш-топшириш юкхати, маҳсулот топширилганлиги қайдномаси каби ҳужжатлар расмийлаштирилади. Бундай ҳужжатларда тайёр маҳсулот номи, унинг миқдори, режадаги таннархи, шунингдек умумий суммаси тўғрисидаги ахборот қайд этилиши керак. Қабул қилиш-топшириш юкхати масъул шахслар – топширувчи ва қабул қилувчи томонидан имзоланади.

Омборлардаги етиштирилган олманинг ҳисоби омбор ҳисоби карточкаларида (журналларида) юритилади. Ой охирида карточкаларда чиқарилган қолдиқларни омбор мудири тайёр маҳсулот қолдиқлари китобига кўчириб ўтказади. Етиштирилган олманинг кирим ва чиқим ҳужжатлари ҳужжатларни топшириш реестрлари билан бирга бухгалтерияга келиб тушади.

Етиштирилган олма ҳисобварақ-фактура ва юкхат асосида харидорларга юклаб жўнатилади (берилади).

 

Олма териш ва сотишнинг бухгалтерия ҳисоби

Қишлоқ хўжалигида маҳсулот етиштириш цикли анча узоқ давом этади ва, одатда, бир неча ойни талаб қилади. Йил мобайнида ўсимлик маҳсулотлари ҳаракати режадаги таннархи бўйича ҳисобга олинади. Режадаги (ҳисобдаги) таннарх – жорий йилда ҳосил олиш билан боғлиқ режалаштирилаётган харажатлар бўйича маҳсулотнинг олдиндан ҳисобланган таннархи.

Омборлардан келиб тушган кирим ҳужжатлари асосида тайёр маҳсулот етиштириш қайдномаси тузилади. Унда маҳсулот (олма) номи ва режадаги (ҳисобдаги) таннархи кўрсатилади.

Ҳосил етиштириш ва теришга ҳақиқий харажатлар акс эттирилгандан кейин ой охирида (ёки чорак охирида) қайдномада бутун маҳсулотнинг ҳақиқий таннархи акс эттирилади ҳамда ҳақиқий ва режадаги (ҳисобдаги) таннарх ўртасидаги фарқ аниқланади.

Йил охирида тайёр маҳсулотнинг режадаги ва ҳақиқий таннархи ўртасида аниқланган фарқ ҳисобот йили охиридаги тайёр маҳсулот қолдиқлари счётига ва сотилган маҳсулот таннархига ўтказилади (Йўриқноманинг 138-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова).

Етиштирилган ва кирим қилинган, сотиш учун олинган олма харажатларни ҳисобга олувчи счётлар билан корреспонденцияда 2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар» счёти дебети бўйича акс эттирилади.

Ҳисоб юритиш қулай бўлиши учун 3510-«Тайёр маҳсулот етиштириш» счётини очиш тавсия этилади. Корхонанинг ҳисоб сиёсатида ундан фойдаланилишини қайд этиш зарур.

3510-счёт дебетида 2010-«Асосий ишлаб чиқариш», 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» ва бошқа счётлар билан корреспонденцияда етиштирилган ва терилган олманинг ҳақиқий етиштириш таннархи акс эттирилади. 3510-счёт кредитида 2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар», 9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи» счётлари билан корреспонденцияда олманинг режадаги таннархи акс эттирилади. Ойнинг биринчи санасига келиб 3510-счёт бўйича дебет ва кредит оборотлари солиштирилиб, етиштирилган ва терилган олма ҳақиқий етиштириш қийматининг режадагисидан фарқи аниқланади.

Режадаги таннарх бўйича бухгалтерия ҳисоби қуйидагича акс эттирилади:

 

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Олма етиштириш билан банд бўлган ишчиларга иш ҳақи ҳисобланди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

 

Олма етиштириш билан банд бўлган ишчиларнинг МҲТФга ЯИТ ҳисобланди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»

 

Боғларга ўғит солиниши акс эттирилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

1090-«Бошқа материаллар»

 

Олма дарахтларининг суғорилиши акс эттирилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Олманинг навларга ажратилиши, қадоқланиши акс эттирилди

 

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

 

1090-«Бошқа материаллар»;

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

Олманинг ҳақиқий таннархи ҳисобдан чиқарилди

 

3510-«Тайёр маҳсулот етиштириш»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»;

2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш»

 

Олма режадаги таннархи бўйича кирим қилинди

 

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»

 

3510-«Тайёр маҳсулот етиштириш»

 

Олма таннархи режадаги таннархи бўйича ҳисобдан чиқарилди

 

9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»

 

2810-«Омбордаги тайёр маҳсулотлар»

 

Фарқ – ҳақиқий таннархнинг режадагисидан ошиши ҳисобдан чиқарилди

 

9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»

 

3510-«Тайёр маҳсулот етиштириш»

 

Фарқ – ҳақиқий таннархнинг режадагисидан камайиши ҳисобдан чиқарилди (сторно)

 

9110-«Сотилган тайёр маҳсулотларнинг таннархи»

 

3510-«Тайёр маҳсулот етиштириш»

 

Олмаларнинг сотилиши акс эттирилди

 

4010-«Харидорлар ва буюртмачилардан олинадиган счётлар»

 

9010-«Тайёр маҳсулотларни сотишдан даромадлар»

 

 

 

Солиқ солиш

Олмазорлари бўлган ва олмани тайёр маҳсулот сифатида сотадиган корхоналар, одатда, қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар қуйидаги ҳолларда ягона ер солиғини тўлайдилар (Солиқ кодексининг 362-моддаси ­2-қисми):

√ ер участкаларидан фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш ёхуд ер участкаларидан фойдаланган ҳолда фақат қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш асосий фаолият тури бўлганда;

√ қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўзларига белгиланган тартибда берилган ер участкаларига эга бўлганда;

√ қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва ўзи етиштирган мазкур маҳсулотни қайта ишлаш улуши реализация қилиш ёки қайта ишлаш учун олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ўз ичига олувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлаш умумий ҳажмида камида 50%ни ташкил этганда.

Ушбу шартларга жавоб берадиган қишлоқ хўжалиги товарлари ишлаб чиқарувчилар фаолиятнинг мазкур қисми бўйича солиқ солишнинг бошқача тартибини қўллаш ҳуқуқига эга эмас (Солиқ кодексининг ­363-моддаси 7-қисми).

Бундай солиқ тўловчилар ҳар йили 1 февралга қадар солиқ органларига ўтган солиқ даврида қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштириш ва қайта ишлашнинг умумий ҳажмида қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг ўзи етиштирган ва қайта ишлаган улуши кўрсатилган маълумотномани тақдим этади (Солиқ кодексининг ­363-моддаси 1-қисми). ЯЕСнинг ҳисоб-китоби эса ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органига жорий солиқ даврининг 1 майигача тақдим этилади (Солиқ кодексининг 369-моддаси 2-қисми).

Қишлоқ хўжалигини юритиш учун маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан эгалик қилишга, фойдаланишга ёки ижарага берилган ер участкаси ЯЕС солиш объектидир (Солиқ кодексининг 365-моддаси). Солиқ солиш учун база – солиқ солинадиган ер участкаларининг норматив қиймати (Солиқ кодексининг 366-моддаси).

 

Эътибор беринг: олмазор мулкдордан ижарага олинадиган бўлса, бу Солиқ кодексининг 362-моддаси 2-қисми талабларига жавоб бермайди. Солиқ солиш тартибини белгилаётганда ижарага олинган олмазор банд қилган ер участкалари ҳисобга олинмайди.

 

ЯЕС тўловчилари учун Солиқ кодексининг 132-моддасида кўрсатилган бошқа даромадлар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 363-моддаси 9-қисми).

Ҳисобот йилининг 1 сентябригача йиллик ЯЕС суммасининг 30%и, ҳисобот йилининг 1 декабригача – солиқнинг қолган суммаси тўланади (Солиқ кодексининг 369-моддаси 5-қисми).

 

ЯЕС бўйича имтиёзлар

ЯЕС тўловчилари учун алоҳида эътиборга сазовор имтиёз мавжуд. У томчилатиб суғориш тизимини жорий этган корхоналарга тегишли. Бундай корхоналар, ер участкасининг қайси қисмида томчилатиб суғоришдан фойдаланилаётган бўлса, ўша қисмида томчилатиб суғориш тизими жорий қилинган ойдан бошлаб 5 йил муддатга ЯЕС тўлашдан озод қилинади (Солиқ кодексининг 367-моддаси 3-хатбошиси).

Бундан ташқари, ЯЕС тўловчиларига Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисмида назарда тутилган ер солиғи бўйича имтиёзлар татбиқ этилади. Бошқалар қатори, янги барпо этилаётган боғлар, токзорлар ва тутзорлар эгаллаган ерларга, дарахтларнинг қатор ораларидан қишлоқ хўжалиги экинларини экиш учун фойдаланилишидан қатъи назар, 3 йил муддатга ер солиғи бўйича имтиёз берилган (Солиқ кодексининг 282-моддаси 2-қисми 25-банди).

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА,

«Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 2278 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Агар сиз хато топсангиз, хатоли матндаги жумлани белгиланг ва Ctrl+Enter ни босинг.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика