Тасаввур қилинг: Тошкент, 2030 йил. Қишнинг эрта тонги. «Ақлли» соатингиз сизни уйғотади. Ўрнингиздан туришингиз билан уй ўз-ўзидан жонланади. Ваннахонада чироқ ёнади, душ эса сувни иситишни бошлайди. Нонуштадан сўнг кийиниб чиқаётганингизда, гараждаги автомобилнинг ўт олганини эшитасиз, у сизни ишхонангизга элтишга шай турибди, яна сизга иш жойингиздаги ускуналардан бири носоз ишлаётгани тўғрисида хабар келади. Сиз ишхонага камдан-кам борасиз, чунки завод сунъий интеллект томонидан бошқариладиган роботлар ва ускуналар ёрдамида мустақил равишда ишлайди. Машинангиз ўз бошқарувида сизни гараждан олиб чиқаётганида «Эҳ, шу ускуналар бузилмасдан ишласа нима қилар экан-а?», деб ғудраниб қўясиз...
Тасаввур этиш мумкин бўлган бу ҳолат, тўртинчи саноат инқилобидан кейин кутилаётган ҳаёт тарзи бўлиб, унда сиз кун давомида фойдаланадиган барча жиҳоз ва ускуналар буюртма асосида ясалиб, юмушларингизни бажариш учун бир-бири билан ўзаро мулоқотда бўлади.
Аввалги саноат инқилоблари
Тарихда 3 та саноат инқилоби юз берган бўлиб, улар қуйидагилар билан боғлиқ бўлган:
1. Буғ двигателининг ихтиро қилиниши, ишлаб чиқаришни механизациялаштириш (XVIII аср охири);
2. Электрлаштириш, конвейер, меҳнат тақсимоти, оммавий ишлаб чиқариш (XIX аср охири – XX аср боши);
3. Электроника, ахборот технологиялари индустрияси, автоматлаштирилган ишлаб чиқариш (XX аср охири).
«Индустрия 4.0»
Энди эса, тўртинчи саноат инқилоби деб номланаётган тараққиёт омили – ахборот технологияларини саноатга чуқур интеграциялаштириш («киберфизик тизимлар» ёки CPS) орқали амалга оширилмоқда.
«Индустрия 4.0» атамаси 2011 йилда Европада пайдо бўлиб, Ганновер шаҳридаги саноат кўргазмаларидан бирида Германия ҳукумати томонидан ахборот технологияларининг ишлаб чиқаришга кенг татбиқ этилиши орқали эълон қилинганди.
Бунинг учун расмий шахслар ва мутахассислар иштирокида тузилган махсус гуруҳ томонидан Германиядаги саноат корхоналарини «ақлли» корхоналарга айлантириш стратегияси ишлаб чиқилди. Бошқа давлатлар ҳам янги технологияларни татбиқ этишга киришди ва «Индустрия 4.0» ғояси бутун дунёни забт этишни бошлади.
Келинг, «Индустрия 4.0» атамаси нимани англатишини чуқурроқ тушуниб олайлик. Воқеликнинг негизини англатувчи «Ашёларнинг интернети» (Internet of things) ёки «Барча нарсанинг интернети» (Internet of everythings) номли янада умумий атама мавжуд бўлиб, унга кўра, мавжуд интернет тармоғига оддий нарсаларнинг ҳам уланишини тушунамиз. Бу ҳамма нарсага тааллуқли – маиший техника, жиҳозлар, автомобиллар, бинолар ва, албатта, саноат ва қишлоқ хўжалигини қамраб олади.
Шундай қилиб, «Индустрия 4.0» бу – «Ашёларнинг интернети» омилларини ишлаб чиқаришга татбиқ этишдир. Бунинг саноатдаги мисолини кўриш учун шундай ускунани тасаввур қилингки, у иш жараёни учун керак бўлган дастурларни тармоқдан ўзи олади, ўзининг эскиришини таҳлил қилади, эҳтиёт қисмларни омбордан тезкор буюртма қилади ва ўз ишини яхшилаш учун мустақил равишда билимини бойитади. Қишлоқ хўжалигида эса, тупроқдаги узаткичлар ерни суғоришни об-ҳаво маълумотига кўра автоматик равишда назорат қилади. Бундай мисолларни кўп келтириш мумкин.
«Индустрия 4.0»нинг асосий хусусияти – ишлаб чиқариш жараёнидаги барча таркибий қисмлар ишида инсон аралашувини борган сари камайтирган ҳолда, муайян мақсадни амалга ошириш учун бошқа тизим ва одамлар билан ўзаро фаолият юритишдан иборатдир.
Интернет ва симсиз алоқа технологияларининг ривожланиши натижасида «истаган вақтдаги коммуникация»га эга бўлдик, смартфонлар ва планшетлар «истаган жойдаги коммуникация» тамойилини амалга оширишга имкон берди. Энди машиналар бошқа машиналарни ярата бошлайдиган, ҳаётимизни тубдан ўзгартирувчи янги инқилоб остонасидамиз.
Ишлаб чиқариш батамом ўзгартирилишининг инқилоб деб аталиши сабаби, ўзгаришлар юзаки эмас, балки радикал равишда амалга ошиб, индустрия бошидан охиригача қайта қурилишидадир. Бизнес моделлар ўзгаради, янги компаниялар пайдо бўлади, янги «инқилобчилар» сафига киришга улгурмаган, кўп йиллик тарихга эга жаҳонга машҳур брендлар касодга учраб, йўқ бўлиб кетади.
Ҳозир мижозларнинг хатти-ҳаракати ўзгармоқда, улар индивидуал ёндашувни ва ноёб товарларни хоҳламоқда, оммабоп молларга эҳтиёж камаймоқда. Бир хил нарсаларни ишлаб чиқаришга ўрганган корхоналар ўз ишини қайта ташкил қилишга мажбур бўлмоқда.
«Индустрия 4.0» тамойилларининг татбиқ этилиши бир қанча афзалликларга эга бўлишга ёрдам беради. Компаниялар мижозларнинг истакларига қараб, буюртмаларга индивидуал ёндашиши мумкин.
Эски завод ва фабрикалар энди «ақлли» корхоналарга айланиб, хос буюртмаларга кўра донабай маҳсулотлар ишлаб чиқаришни бошламоқда. Бир дона маҳсулот ишлаб чиқариш учун кетадиган харажатлар камайиб, компаниялар оммабоп стандартлаштирилган маҳсулот нархида хосланган ноёб маҳсулот ишлаб чиқариш имконига эга бўлмоқда. Мисол учун, дунёнинг исталган нуқтасидан мобиль жиҳозингизга Nike иловасини юклаб олиш ёки компания сайтига кириб, кроссовка моделини танлаш, ёқимли футбол командаси рангига бўяш, пулини тўлаб, бир неча кундан кейин уни қабул қилиб олиш мумкин. Етказиб бериш харажатини ҳисобга олмаганда, унинг қиймати ушбу компаниянинг оддий оммабоп кроссовкасидан қиммат бўлмайди.
Индивидуал буюртмага кўра двигателлар, серверлар ва бошқа исталган нарса ишлаб чиқарилиши мумкин. Германиянинг Аугсбург шаҳридаги Fujitsu Siemens заводида компьютер тизимлари ва серверлар муайян буюртмачи учун айнан донабай ишлаб чиқарилади.
Ниҳоят даражада автоматлаштирилган корхонада индивидуал буюртма асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотга кетадиган харажатларнинг миқдори ошиб кетмайди – илгари икки жуфт кроссовка учун ускуна қўлда қайта созланган бўлса, ҳозир буни компьютер тизимининг ўзи бир неча дақиқада амалга оширади.
Тўртинчи саноат инқилоби нафақат алоҳида компанияларнинг бизнесини ўзгартирмоқда, балки глобал миқёсдаги кучлар мутаносиблигига таъсир қилмоқда. Ташкил этилганига ҳали 10 йил ҳам бўлмаган Tesla компанияси, иккинчи саноат инқилобининг етакчиси бўлган Ford Motors компаниясидан капитализация миқдори бўйича ўзиб кетишини ким ҳам ўйлабди дейсиз.
Янги технологияларнинг жорий этилиши бошқа машҳур компания – Adidas учун ҳам ўз ишлаб чиқаришини Германияга қайтаришга имкон берди. Очилаётган фабрикада барча жараёнларни роботлар бажаради.
Узоқ тарихга эга бўлган барча компаниялар ҳам бу кескин ўзгаришларда жон сақлай олмайди. 2000 йилдаги Fortune 500 рейтингига кирган компанияларнинг 52 фоизи ҳозир мавжуд эмас. Янги технологияларни муваффақиятли ўзлаштира олганлар икки бора ютади: истеъмолчилар томонидан машҳур брендларга қизиқиш катта бўлади ва агар улар мижозларга индивидуал ёндашувда ишлашни бошласа, харидоргирликни сақлаб қолади. Масалан, Harley-Davidson компанияси иқтисодий инқироз сабабли ўз маҳсулотларига талаб кескин камайганига қарамасдан, «Индустрия 4.0» тамойилига ўтганидан кейин акциялари қиймати олти йил ичида етти баробар ошди. Энди мижозлар машҳур Harley мотоциклини ўзига ёққан рангда, ўзи танлаган хусусиятга эга моделига буюртма бериши ва уни олти соатдан кейин бевосита заводдан олиши мумкин.
Одамлар смартфонда бармоқнинг бир нечта ҳаракати ёрдамида ҳар қандай муаммони ечишга ўрганмоқда. Шубҳасиз, улар буни ўз иш жойига ҳам татбиқ этишни истайди. Ҳозир шундай вақтки, «Индустрия 4.0» бозори янги туғилаётган ва энди ривожланаётган даврни ўз бошидан кечирмоқда. Шу боис янги давр саноатининг тамойилларини амалда қўллашни бошлаган кўплаб компаниялар устунликка эга бўлади. Бироқ келажак компаниясига айланиш учун бошқалардан илдамроқ ҳаракат қилиш лозим.
Иш ўринлари нима бўлади?
Ҳар бир саноат инқилоби даврида ишсизликнинг ўсишидан хавфсираш пайдо бўлади. Ҳар сафар бу хавф ўринсиз бўлиб чиқади. Чунки, бу жараёнда бандлик тизими, нуфузли ва талаб юқори бўлган касблар рўйхати ўзгаради. Такрорланувчи ва сердиққат ишларни машиналар одамларга қараганда анча унумлироқ бажариши мумкинлиги сабабли, бу юмушларнинг кўп қисми автоматлаштирилади. Одамлар эса қўл меҳнатининг ўрнига юқори малака ва ижодий ёндашув талаб этиладиган ишлар билан шуғулланади.
Шундай бўлса-да, иш ўринларимизни ўғирлайдиган машиналар даври учинчи саноат инқилобига ҳам хос эди. Ўшанда автоматлаштирилган ускуналар оммавий кенг тарқалганди. Тўртинчи саноат инқилоби эса мазкур машиналарни, инсон аралашувисиз бир-бири билан мулоқот қилдиришни режалаштирмоқда. Мисол учун, Siemens заводида мингдан зиёд одам ишлайди ва уларнинг асосий иши – машиналар ва компьютерлар ишини мониторинг қилишдан иборат.
«Индустрия 4.0» етакчилари кимлар?
Таъкидланганидек, давлат миқёсида биринчи бор «Индустрия 4.0» дастури Германия ҳукумати томонидан 2011 йилда қабул қилинган бўлиб, у мамлакатни иқтисодий ривожлантириш стратегик дастури сифатида белгиланган.
Шуни айтиш лозимки, ҳозир ишлаб чиқаришни роботлаштириш бўйича Хитой етакчи ўринга чиқиб олган. ХХР Раиси Си Цзиньпин 2014 йилда Хитой Фанлар академиясида сўзлаган нутқида бўлғуси роботлар инқилоби аввал Хитойни, кейин бутун дунёни тубдан ўзгартириши ҳақида гапириб, жумладан, қуйидагиларни айтганди:
«Мамлакатимиз ҳукумати Хитой компанияларига «Улкан маълумотлар» (Big Data), «Булутли ҳисоблаш" (cloud computing), «Ашёлар интернети» (Internet of Things) технологияларини татбиқ этишни тезлаштириш ва «ақлли фабрикалар»ни (intelligent manufacturing) ташкил этишга эътиборни жамлаш вазифасини топширади».
Хитой компаниялари юқори технологиялар тадқиқотларига инвестициялар миқдорини кескин кўпайтирмоқда. Бунинг натижасида 2013 йилдан Хитой саноати роботсозликда дунёнинг энг йирик бозорига айланди. 2020 йилга бориб Хитойда ҳар 10 000 саноат иш ўрнига ўртача 150 та робот тўғри келиши кутилмоқда.
Энди АҚШ ва Германия сингари ривожланган давлатлар Хитойдан ўзиши осон бўлмайди. АҚШда 2014 йилда саноат интернети консорциуми (Industrial Internet) ташкил этилиб, уни General Electric, AT&T, IBM ва Intel каби компаниялар бошқармоқда.
Германия саноати интернет инфратузилмасини ривожлантиришга 2020 йилга қадар йилига 40 миллиард евро инвестиция киритмоқчи.
Япония ҳам орқада қолмаяпти. Мамлакат ўз индустриясини ривожлантириш учун Connected Factories (тармоқлашган заводлар) концепциясини ишлаб чиқмоқда. Россияда эса 2017 йилда «Технет» махсус йўл харитаси қабул қилиниб, унинг доирасида «Рақамли иқтисодиёт 2024» дастури тайёрланмоқда.
Шундай қилиб, 10-–15 йилдан кейин дунё умуман бошқача бўлиши мумкин. Содир бўлаётган ўзгаришларни сезмаслик, уларни писанд қилмаслик тараққиётдан четда қолиб кетиш билан баробардир.
Тўртинчи саноат инқилобида Ўзбекистоннинг ўрни
Мазкур инновацион мусобақада Ўзбекистон қандай ўринни эгалламоқда? Дунё саноати «Индустрия 4.0» остонасида турган бўлса-да, унинг барча технологияларини фақатгина бундан олдинги «Индустрия 3.0» саноат инқилобининг ютуқларини ўзлаштира олганларгина татбиқ қила олади.
Ўзбекистон иқтисодиёти, тан олиш керакки, ҳозир «Индустрия 2.0»дан «Индустрия 3.0» даражасига ўтиш босқичида. Албатта, бу ҳолат Ўзбекистон саноатини тўлиқ модернизация қилиш йўлидаги жиддий тўсиқдир. Шубҳасиз, бу муаммони тан олиш ва англаш олдинга ҳаракат қилиш учун қўйилган қадамдир.
Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2018 йил мамлакатимизда Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили, деб эълон қилинди. Бундан ташқари, Ўзбекистонни дунёдаги ривожланган 20 давлат сафига киритиш борасидаги стратегик режа ҳам белгилаб берилди. Бу улкан ва оламшумул мақсадга эришишда Ўзбекистон иқтисодиёти ва саноатини тубдан ўзгартириб, «Индустрия 4.0» тамойилларини кенг татбиқ қилиш лозим бўлади.
Албатта, янги атамаларни муомалага киритиш ва янги ташаббусларни эълон қилиш билан олдимизда турган муаммоларни ҳал этиб бўлмайди. Аниқ мақсадларга эришиш учун қуйидаги амалий чораларни кўриш мақсадга мувофиқ деб ҳисобланади:
1. «Индустрия 4.0» стратегияси лойиҳасининг тегишли қисмларини тайёрлаш учун «Fraunhofer-Gesellchaft», «ISO», «DIN», «PTB» ва бошқа хорижий экспертларни жалб этиш ва улар билан биргаликда Германия, АҚШ, Канада, Япония, Хитой, Жанубий Корея тажрибасини ўрганиб, янги технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш юзасидан қонунчилик асослари, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш.
2. Жамиятни ҳаракатга келтирувчи асосий кучлар – давлат, олий таълим муассасалари ҳамда бизнес олами вакилларининг илмий изланишлардаги ҳамкорлигини тизимли равишда йўлга қўйиш. Олий таълим муассасалари асосий бизнес инкубаторлар бўлишини таъминлаш. Давлат ўз зиммасига венчур инвестори ролини олиши керак. Бизнес вакиллари олий таълим муассасалари билан биргаликда ўзларининг ва олий ўқув юртларининг лабораторияларида фундаментал ва амалий тадқиқотларни ривожлантириш вазифасини ўз зиммасига олади.
3. Келгуси 15–20 йилга мўлжалланган Миллий технологик юксалиш дастурини ишлаб чиқиб, уни дарҳол татбиқ қилишни бошлаш. Бунда олий таълим муассасалари зиммасига алоҳида вазифаларни юклаш – улар тадбиркорлик функциясини эгаллаши ва ўз негизида бошқалардан 10–15 йил илгари бўлган иқтисодий ва маданий муҳит яратиши лозим. Яъни олий таълим муассасалари инсонларни ўтмишга эмас, балки келажакка тайёрлай олиши керак.
Ҳозир дунёда шундай фундаментал ўзгаришлар рўй бермоқда. Тарихда бу даражадаги буюк имкониятлар ҳам, бунчалик катта хавфлар ҳам бўлмаган. Айрим тармоқлар етакчилари фикрлаш доирасининг торлиги ва «инқилобий» эмаслиги ривожланиш стратегияларини тўхтатиб қўйиши мумкин. Сунъий интеллект, роботлаштириш, аддетив технологияларнинг оммалашуви, нанотехнологиялар, биотехнологиялар кундалик ҳаётнинг ажралмас қисмига айланиб бормоқда.
Агар биз бу ўзгаришлар етакчиларининг сафида бўлишни хоҳласак, яқин йилларда технологик тараққиёт қайси йўналишда ривожланиши ва келажакда қандай оламшумул инновациялар бўлиши кутилаётганини яхши англай олишимиз ҳамда уларни яратишда ўзимиз фаол иштирок этишимиз лозим бўлади.
Анвар ПИРМАТОВ,
«Ўзагротехсаноатхолдинг» АЖ
акциядорлар билан корпоратив муносабатлар бўлими
бош мутахассиси.
ЎзА.