ҚҲТБТ порталида Олий Мажлис Сенатининг «Тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси муҳокама қилинди. Сенатнинг 29 март куни бўлиб ўтадиган 14-ялпи мажлисида кўриб чиқиладиган масалалар қаторида мазкур қарор лойиҳаси ҳам бор.
Тўйлар, турли маросим ва тантаналарни ихчам, исрофгарчиликка йўл қўймасдан ўтказиш бўйича юртимизда кўпгина қонун ҳужжатлари чиққан. Ҳужжатлар бўла туриб, лекин амал қилинмаса, улардан не наф? Юртбошимизнинг Навоий вилоятига ташрифларида қилинган нутқ, қолаверса республика «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ва «Нуроний» жамғармаси фаолларининг кенг жамоатчиликка қилган мурожаатидан сўнг эса бу масалага жиддийроқ қарай бошладик – юқорида қайд этганимиздек, ҳатто парламент бу борада қарор лойиҳасини тайёрлади.
Тан олиш керак, бугунги кунда тўй тадбирлари-ю маросимлар мамлакатимизда йирик бир индустрия, иқтисодиёт тармоғи сифатида шаклланиб бўлди. Бу тармоқнинг иқтисодий қуввати бемалол бошқа ҳар қандай тармоқ билан солиштирса бўладиган даражага етди, десак муболаға бўлмас. Энди бу тадбирларни иқтисодий таснифлаб, иқтисодиёт тармоқлари сафига киритиш ва унинг статистик ҳисобини юритиш қолди, холос.
Қанчалик эриш туюлмасин, тўйларнинг иқтисодиёт учун самарадорлигини ҳисоб-китоб қилишга эҳтиёж сезилаётгани рост. Хусусан, тўй иқтисодининг мамлакатдаги хуфия иқтисод билан алоқасини, аҳоли даромад ва буромадларининг шунга алоқадор кўп масалаларини ўрганиш керак. Зеро, ривожланган давлатларда фуқаролар йиллик даромад ва харажатлари қиёсланади ва айрим масалаларда тегишли ваколатли давлат идораларига фуқароларнинг тушунтириш беришига тўғри келади. Шунинг учун ҳам ижтимоий воқеликнинг, ижтимоий соҳалар ривожланишининг тўйларга нисбатан мутаносиблиги ҳам (мавжуд аниқлагич-кўрсаткичлар орқали) ўрганишга муҳтож, деб ҳисоблаймиз.
Тўй ва шу каби оилавий тадбирларнинг болажон халқимиз учун аҳамияти қанчалик юқорилигини қуйидаги рақамлар ҳам кўрсатади: мамлакатимизда хорижда ишлаб қайтган меҳнат мигрантлари орасида ўтказилган (муаллиф иштирокида) социологик сўровда «Ишлаб топган маблағларингизни қандай мақсадларга сарфламоқчисиз?» деган саволга респондентларнинг жавоблари орасида «Тўйга сарфлайман» деган жавоб ўзининг салмоғи бўйича 3-ўринни эгаллади (14,1% ёки ҳар 7-мигрант). Айрим вилоятларда ишлаб топган пулларини тўйга сарфлашини эътироф этган мигрантлар салмоғи жами мигрантлар орасида деярли 25%ни кўрсатди (масалан, Хоразм вилоятилик ҳар 4 мигрантдан биттаси ишлаб топган пулини тўйга сарфлашини қайд этган).
Шу билан бирга, мигрантларда инвестиция мақсади мутлақо устувор эмаслиги аниқланди. «Хорижда ишлаб топган маблағингизга ўз хусусий бизнесингизни ташкил қиласизми?» деган саволга 78,9% меҳнат мигранти «Йўқ» деган жавобни беришди.
Шу ўринда кичик иқтисодий тажриба сифатида айрим ҳисоб-китобларни бажариб кўришимиз мумкин. Масалан, тўйларнинг катта қисми никоҳ ва янги оиланинг бунёд бўлиши билан боғлиқлигини ҳисобга олсак, қуйидаги маълумотларнинг таҳлили бизни айрим мушоҳадаларга чорлайди.
Масалан, Ўзбекистонда кейинги 10 йилда ҳар йили ўртача 280 минг янги оила дунёга келган (2016 йилда – 275,0 мингта). Бу 280 минг никоҳ тўйи дегани. Агар ҳар никоҳ тўйига ўртача 20 млн сўм (ёки 2 500 АҚШ доллари) сарф қилинган бўлса, у ҳолда жами харажат 5,5 трлн сўмга (ёки 700 млн доллар) етади. Мазкур хом чўтда ҳали тўйгача ва тўйдан кейинги харажатлар ҳисобга олинмаган. Энди қолган тўй маросимларининг харжи ҳисобланса – бу қиймат иккига кўпайтирилади ва камида 10-11 трлн сўмни ташкил этади. Бу миқдорни, масалан, ялпи ички маҳсулот, мамлакат бюджети ёки тармоқлар кўрсаткичлари билан солиштирсак, муаммонинг қанчалик муҳимлиги янада ойдинлашади.
Тўйларга сарфланаётган улкан маблағларнинг бесамарлигини бошқа кўрсаткич ҳам далиллайди. Масалан, биргина 2016 йилда мамлакатимиздаги ажралиш билан якунланган никоҳлар сони 29,3 мингни ташкил қилди (жами никоҳларга нисбатан 10,7%). Бу эса 29,3 мингта тўйга кетган маблағлар «кўкка совурилганини» кўрсатади.
Ажралишларнинг энг жиддий кўрсаткичи Тошкент шаҳрига тўғри келади. Пойтахтимизда биргина 2016 йилда жами ажралишлар никоҳларга нисбатан деярли тўртдан бирни (23,2%ни) ташкил қилди ёки 4,4 минг оила ажралиш оқибатида барбод бўлган. Яъни деярли ҳар тўртта тўйдан бири барқарор оилани яратишга сабаб бўла олмади, иқтисодий жиҳатдан оилаларга фақат зарар етказди.
Алоҳида йирик масала – тўйларнинг ижтимоий-маънавий томони. Бу масалада биз суянадиган ва донишманд халқимиз азалдан амал қилиб келган муқаддас динимиз, унинг гўзал ва адолатпарвар ғоялари бор. Тўй-ҳашамларнинг ҳаддан зиёд дабдабалилиги, шубҳасиз, динимиз, жамиятимиз, халқимиз томонидан бекорга қораланмайди. Балки тўй ва маросимларни, худди бошқа иқтисодий воқеа-ҳодисаларни тартибга солиш сингари муайян йўл харитаси ёки босқичма-босқич тизимли тадбирлар орқали камтарона анъаналар ҳолига келтириш керакдир? Масалан, тўй ва маросимларда дастурхонга 4-5 хил овқат тортишдан, спиртли ичимликлар истеъмолидан, лицензиясиз қўшиқчилар хизматидан ва бемаъни-бачкана одатлардан воз кечилса мақсадга мувофиқ бўларди.
Бу борада амалда маънавиятимизни такомиллаштиришга дохил, жамиятнинг ҳар бир аъзоси риоя қилиши керак бўлган мезонлар, тартиб-талабларни илмий асосларда аниқлаш ва ишлаб чиқишни ҳам жиддий муаммолар сирасига киритишимиз керак. Албатта, инсон ҳуқуқлари, бозор иқтисодиётининг умумжаҳон талаблари кўп. Аммо масалани ҳал қилишнинг энг қулай, самарали ва оқилона йўлларини топиб, тўй-маросимларни инсон ва жамият манфаатларига баб-баравар хизмат қилдириш лозим.
Фазлиддин МАМАРАСУЛОВ,
иқтисод фанлари номзоди.