Маълумки, рангли металл ҳар бир давлатнинг иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга хом ашёлардан ҳисобланади. Шундай экан, унинг мамлакат ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши қонун билан тақиқлангандир. Бироқ фуқароларимиз орасида мўмай даромад топиш илинжида белгиланган тартибни бузишга уринаётган «уддабурон»лар ҳам учраб туради.
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси ходимлари ўтказган тезкор тадбир давомида Х.Полвонов (исм-шарифи ўзгартирилган) бошқарувидаги «Ласетти» автомашинаси Қозоғистон Республикаси билан чегарадош бўлган «Малик» божхона пунктида божхона кўригидан ўтказилди.
Холислар иштирокидаги мазкур текширувда автомашинанинг юкхонасига ўрнатилган метан газ баллони ичида, орқа ва олд бамперларнинг орасида ҳамда орқа ўриндиқнинг остки ва орқа қисмларида жами 384 кг оғирликдаги мис парчалари борлиги аниқланди. Ашёвий далил сифатида олинган бу рангли металл эндиликда тергов ишлари давомида нафс бандаларининг ўзига қарши гувоҳлик берса ажаб эмас...
Б.АНВАРХАНОВ.
Сирдарё вилоят божхона бошқармаси.